1992 йилги облигациялар ёхуд пуллар қаерга йўқолди?

1992 йилги облигациялар ёхуд пуллар қаерга йўқолди?

Шу йилнинг 4 август куни Ўзбекистон ҳукумати 1992 йилги 12 фоизли ички ютуқли заём облигациялари бўйича индексация коэффициентини белгилагани ҳақида хабар берилганди. Унга кўра қабул қилинган заём облигациялари бўйича индексация коэффициенти энг кам иш ҳақининг 1994 йил июлидан 2014 йил июлига қадар ўсиши 1 373 баробарни ташкил этгани боис  1,373 сўм миқдорида белгиланди ва улар бўйича ютуқлар тўланмайдиган бўлди.  

Келинг, ҳаммаси қандай бошланганини бир ёдга олайлик. 1992 йили Ўзбекистонда аҳвол мураккаб эди – дўконларда навбатлар, талонлар тизими, дўконлардаги бўм-бўш пештахталар. Умуман олганда эса, ўша пайтда бундай ҳолат собиқ СССРнинг деярли барча давлатларида кузатиларди, айримлардаги аҳвол бизникидан ҳам ёмонроқ эди.

Нима бўлганда ҳам, 1992 йили ички ютуқли заём ҳақида эълон қилинади. Оддий фуқаролар облигацияларни сотиб олар экан, бу билан ўз мамлакатларининг иқтисодиётига ёрдам берган бўларди. Ушбу жараён механизми жуда оддий эди: қўлингизда 1500 рубль (сўм) бор, сиз шу пулга облигацияларни сотиб оласиз ва бу билан мураккаб даврларда нафақат мамлакатингизга ёрдам берасиз, балки келажакда муносиб тўлов кўринишидаги рағбатларга ҳам эга бўласиз, чунки облигациялар заёмнинг ўзи каби ютуқли-да. Хусусан, облигация эгалари йилига 12 фоизли даромадга умид қилишлари мумкин эди.

Айрим манбаларга кўра, ўшанда жами 24 млрд сўм (рубль) миқдорида облигациялар чиқарилган. Ўша даврдаги нархлар ҳақида тасаввурга эга бўлиш учун энг кам иш ҳақи 2000 сўм (рубль)ни ташкил этганини эслашнинг ўзи кифоя. Худди шу 1992 йилда, масалан, 10 000 сўм (рубль)га автомобиль, 15 000 сўм (рубль)га эса квартира сотиб олса бўларди.

Заём шартларига кўра облигацияларнинг муомалада бўлиш муддати 20 йил қилиб белгиланди. 22 йил ҳам ўтди, ниҳоят, март ойида давлат фуқаролар мураккаб даврларда мамлакат иқтисодиётига қандай ёрдам берганини унутмагани (облигациялар 30 ноябрга қадар сотиб олиб бўлинганди) маълум қилинди.  

Фуқароларнинг кўпчилиги хурсандлигидан чордоқларда ва чанг босиб ётган шкаф жавонларида эсдан чиқиб кетган қоғозларни излар экан, август ҳам яқинлашиб қолди ва облигациялар… 1,373 сўмдан сотиб олиниши ҳақида хабар берилди. Яъни, агар сиз 1992 йили 10 000 сўм (рубль)га автомобиль харид қилиш ўрнига облигацияларни сотиб олган бўлсангиз, энди 22 йилдан сўнг бунинг учун 15 000 сўмга яқин пул оласиз.  

Хўш, пулларимиз қаерга йўқолди? Бу савол нафақат мени, балки банкка келиб, навбатда туриб, ҳатто бир кило гўштга ҳам етмайдиган (агар йўлкира тўланганидан кейин қолса, албатта) “рағбат”ни олган кўпчиликни ҳам қизиқтирмоқда. Шахсан мен бу саволга жавоб тополмаяпман…   

Жавлон Хасанов
Anhor.uz учун махсус.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.