«Халқ банки» муомаладан чиққан пулларни нафақа сифатида тарқатди
23 июль куни «Халқ банки»нинг Тўйтепа (Ўрта Чирчиқ) филиали айрим нафақахўрларга эски, муомала учун ярамайдиган, йўқ қилиниши зарур бўлган пулларни нафақа сифатида тарқатган. Бу ҳақда UZ24 нашри хабар қилади.
Дастлабки маълумотларга кўра, муомаладан чиқарилган банкнотларнинг суммаси ярим миллион сўмга етган. Барча пулларда Халқ банкининг “Эскирган” деб ёзилган тамғаси ва ғазначи Баратова Г. фамилияси бўлган.
UZ24 мухбири Халқ банкининг Тўйтепа филиали вакиллари билан боғланганида, улар оғзаки тартибда ушбу маълумотни тасдиқлади. Ўз навбатида, банк ходимлари банк ўрамларида бўлган яроқсиз пуллар қандай қилиб муомалага чиққани ҳақидаги саволга жавоб беришга қийналди. Шунингдек, улар муомалага чиқарилган эски банкнотларнинг аниқ миқдорини ҳам айта олмади.
«Халқ банки» вакиллари «ҳар ким хато қилиши»ни билдириб, бир кун аввал ғазна бўлимида ходимлар пулларни қайта ҳисоблашда адашиб кетганини маълум қилган. Банкда ҳам ушбу пулларни берган ходим ҳақиқатан ҳам ўша ерда ишлашини айтишди ва бир неча дақиқа ўтар-ўтмас ўша ходим бугундан бошлаб бошқа бўлимга ўтказилганини билдиришди.
Шунингдек, банк ходимлари утилизация қилиниши керак бўлган пулларнинг бир қисми алмаштирилганини ҳам маълум қилган.
Фотосурат: © UZ24
Шарҳлар