Етуклик имтиҳони

Етуклик имтиҳони

Ўтган ҳафта ўн етти ёшли Жасур Ибрагимовнинг бевақт ўлимини муҳокама қилиш билан ўтди. Бу воқеа ҳеч кимни бефарқ қолдирмади. ИИВнинг расмий хабари ва Боровский номидаги коллеж раҳбариятининг баёноти ортидан ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги раҳбари ҳам ўз баёноти билан чиқди. Мазкур баёнотда у жаҳонда болаларга нисбатан зўравонлик ва камситиш кучли эканига, тенгдошлар орасида жисмоний ва даҳанаки таҳқирлаш кўринишидаги жанжаллар кенг тарқалганига урғу берди. Эҳтимол бу билан кўп йиллардан бери илк бор болалар устидан зўравонлик муаммоси мавжудлиги жамиятда очиқ тан олингандир.  

“Камолот” Ёшлар ташкилотининг матбуот хизмати ҳам Anhor.uz таҳририятига мақолага жавоб сифатида ўзининг мурожаат матнини чоп этишга ваъда берганди, бироқ у ҳозирча сукут сақламоқда. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ҳам қуруққина фактлар ҳақида маълум қилмоқда, бу тергов сири билан шартланган. Воқеанинг ўзи эса шаҳарни, мамлакатни безовталикка солиб, турли тафсилотлар билан “бойимоқда”. У тиббий хизмат, таълим соҳаларидаги муаммоларни, ёшлар билан ишлашдаги расмиятчиликни, ноҳукумат ташкилотларининг ҳали ғўр эканини очиб ташлади.

Жасур Ибрагимов билан юз берган воқеа айрим ўқув муассасаларидаги носоғлом муҳит муаммоси жамоатчилик орасида шов-шувга сабабчи бўлган кам сонли воқеалардан бирига айланди. Мазкур муаммо “кўз юмиладиган”лар сирасига киргани боис, одамлар орасида ҳис-туйғулар ғалаёнини келтириб чиқарди.  
Шу билан бирга бу воқеа ўзига хос “тепки” ролини ҳам ўйнади. Энди одамлар ўз фарзандлари учун хавотир олиб, гапира бошламоқда. Ҳис-туйғулар ақл кўзини ёпиб қўйди. Айбдорларни зудлик билан жазолаш каби шафқатсиз талаблар янграй бошлади. Гумондорлар бир зумда нафақат айбланувчи, балки айбдорга айланди.

Ҳис-туйғулар босими остида Ўзбекистон Конституцияси билан кафолатланган бола ҳуқуқлари, айбсизлик презумпцияси деярли ҳеч кимнинг эсига келмаяпти. Ҳуқуқий давлатда одамни терговсиз суд қилиш ва ҳатто уни жиноятчи деб аташ ножоиздир, шунингдек ота-она ёки васийларнинг рухсатисиз вояга етмаган болаларнинг фотосуратларини чоп этиш ҳам ножоиз ҳисобланади.

Ўзбекистон 1992 йилда қўшилган Болалар ҳуқуқлари конвенциясига кўра, ҳали 18 га тўлмаган инсон бола ҳисобланади, у Конвенция билан мустаҳкамланган ҳуқуқларга эга. Ушбу тамойилларга мувофиқ бола яшаш ва соғлом ривожланиш ҳуқуқига эга. Бу ушбу ҳуқуқнинг давлат томонидан таъминланиши кераклигини билдиради. Конвенцияда боланинг барча шаклдаги жисмоний ёки руҳий зўравонликдан, ҳақоратлардан, эътиборсиз ва қўпол муомаладан ҳимояга бўлган ҳуқуқи ҳам мустаҳкамланган.

Бола ноқонуний тарзда ёки ихтиёрий равишда озодликдан маҳрум этилиши мумкин эмас, озодликдан маҳрум этилган ҳар бир бола зудлик билан ҳуқуқий ва бошқа тегишли ёрдамга эга бўлиш ҳуқуқига эга.

Жамият суд қилишга ҳақли эмас, бироқ адолат ва қонунийликни талаб қилишга ҳақли. Аксарият ҳолларда эмоционал компетентлик ва ақл-идрокка асосланган адолат ҳамда қонунийлик бир-бирига тўғри келмайди, бу – катта психологик муаммо.

Шунинг учун ҳис-туйғулар ақл-идрок ва қонунийликдан устун келишига йўл қўймаслик муҳим. Жасур Ибрагимов воқеаси бу, бир томондан, жамият ва давлат органларида йиғилиб қолган муаммолар ҳақида сигнал бўлса, бошқа томондан – жамият ва давлат, аниқроғи унинг суд-ҳуқуқ тизими учун етукликка синовдир.

2016 йили “пост-ҳақиқат” сўзи Оксфорд луғати томонидан йил сўзи сифатида тан олинганди. Сиёсий технологиялар соҳасидаги янги термин. Пост-ҳақиқат даврида шахсий эътиқодлар ва жамоатчиликнинг ҳис-туйғуларига мурожаат қилиш биринчи ўринга чиқади, бунда холис фактлар иккинчи даражали бўлиб қолиши ёки буткул эътиборсиз қолдирилиши мумкин. Яъни буни жамиятнинг эмоционал компетентсизлиги дейилади. Бу ҳолат биз билан “аччиқ ҳазилни” ўйнаши мумкин.

Жамият ўз эътиборини айбдорларни қандай жазолаш кераклиги билан бирга, яна у қайси манбадан келаётганидан қатъи назар, шундай вазиятлар такрорланишининг олдини олишга, ноқонуний ва ахлоқсиз зўравонликка нисбатан муросасизлик муҳитини яратишга ҳам жамлаши керак.

Давлат ҳам бу борада муҳим имтиҳондан ўтади. Терговнинг холислиги ва чуқурлиги, ҳукмнинг асосли ва адолатли эканлиги, унинг қатъий ва тўлиқ ижро этилишига фуқроларнинг давлат, унинг қонунларига ва ҳуқуқни қўлловчи тузилмаларига бўлган ишонч даражаси ҳам боғлиқ бўлади.

Агар жамият ва давлат бу чақириқни қабул қилиб, етуклик “имтиҳонини” топшира олса, бундан ҳамма ютади, келажакка ишонч билан қарашга асослар пайдо бўлади.

Лола Исламова

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.