Ҳалокатгача икки қадам…

Ҳалокатгача икки қадам…

Яқинда Тошкентга қизиқарли меҳмон ташриф буюрди – Линда М. Абриола. У АҚШда шунчаки “йил одами” эмас – у бутун жаҳонга танилган экология бўйича мутахассис, инжиниринг экологиясининг ташаббускорларидан бири. У Тафтс Университетида (Массачусетс) профессор бўлиб ишлайди. Бундан ташқари, унинг илмий хизматлари давлатнинг катта ишончи билан тасдиқланган: у АҚШ давлат департаментининг 2016 йилги илмий масалалар бўйича махсус вакили.

Мен бу аёл шу пайтга қадар Орол фожиаси ҳақида (Ўзбекистонга ташрифигача), Сарез кўлидаги ташвишли вазият ҳақида билмаганини, у бизнинг матбуотда ва парламентда жиддий баҳс-мунозараларга (ушбу давлат муассасасида бу борада ўткир баҳс-мунозаралар бўлганига бироз шубҳам бор…) сабаб бўлаётган кўп нарсалар ҳақида билмаганини айтиш учун унинг барча унвонларини санаб ўтдим.

Биз ўзимизни “Оролбўйи – бутун инсониятнинг ташвиши” эканига ишонтирдик. Бу мутлақо ундай эмас. Агар бизга муаммони ҳал этиш учун 3 млн.доллар кредит берган бўлишса, буни халқаро кредитлар халқаро банкларнинг кундалик фаолияти эканлиги учун беришган. Бунинг устига кредитларни, улар одамларнинг фаровонлиги йўлида ишлатилдими ёки йўқми, барибир тўлаш керак.

Айтгандай, хитойликлар Орол борасидаги ёрдам мурожаатларига қандай реакция билдиришига бир қаранг. Мана неча йилдирки –  фақат экспедициялар, кузатувлар – буларнинг ҳаммаси уларга ўзларидаги, Ички Мўғилистондаги худди шундай масалани ҳал этиш учун керак. Уларнинг позицияси равшан – хитойликлар кейинчалик кўпроқ “манфаат” кўриладиган лойиҳаларга пул тикади…

Шундай қилиб, Оролбўйи – бу айнан Марказий Осиё халқларининг дарди ва муаммоси. Уни фақат биз ҳал қилишимиз керак. Оролнинг улкан трансчегаравий дарё тизими Қирғизистондаги музликлардан бошлангани боис, Ўзбекистон ва ушбу мамлакат журналистлари ҳозир вазият қандай эканини “юқоридан”, бизнинг умумий дарё тизимимизнинг сарчашмасидан туриб баҳо бериш учун яқинда Иссиқкўлда тўпланди.  

Бизда нималар яхши, қўшниларимиз нималар борасида ютуқларга эришди? Журналистларни тўплаб, кенг миқёсли тадқиқотларни ўтказишга (журналистик текширишни ўтказиш, деса ҳам бўлади) Ўзбекистон журналистларни қайта тайёрлаш маркази ва Қирғизистон медиакоммуникациялар маркази ёрдам берди.  
…Учрашув экология ҳақидаги долзарб, ҳозирги маълумотларни ўзаро алмашишдан бошланди. Қарасак, умумий муаммолар ўйлаганимиздан ҳам кўпроқ экан. Бу албатта кишини қувонтирмайди, аммо бу борадаги фаолият натижаларини солиштириш имконини беради. Масалан, Қирғизистонда дарахтлар назоратсиз кесиб ташланяпти. Бу ерда ҳам биздаги каби ҳамма ғазабда, лекин ҳеч ким ҳукуматдан бирор-бир тушунарли изоҳни эшитгани йўқ. Кўпроқ чинор дарахтлари кесиляпти, ҳолбуки ушбу табиий кондиционер суткасига 300 литр кислород беради. Тошкент чинорларга қарши муросасиз курашда Бишкекдан анча ўзиб кетган, бу ҳолат шаҳар марказидаги собиқ хиёбонда ҳароратнинг 5 даражага кўтарилишига сабабчи бўлди. Лекин ҳокимиятнинг дарахтларни кесиш бўйича имкониятлари ҳали тугагани йўқ: Тошкентда битта одамга 59 метр кв. яшиллик тўғри келади, Бишкекда эса бу кўрсаткич бор-йўғи 4,3 метр квадрат (норма – 21 метр кв.). Демак, тошкентлик “ўтинчилар” сизнинг “улуғ йўлингизда” ҳали романтика кўп…      

Экология ва табиат муҳофазаси масалаларида маҳаллий ҳокимият (сўз айнан маҳаллий ҳокимият ҳақида боряпти!) ва аҳоли ўртасидаги арзимас алоқа, бир-бирини тушунмаслик экстремал вазиятларда яққол кўзга ташланади. Афсуски, учрашув иштирокчилари Қирғизистон Ҳукумати ҳузуридаги Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва ўрмон хўжалиги давлат агентлиги Иссиқкўл-Норин ҳудудий бошқармасининг биолабораторияси ходимлари билан учрашув пайтида бунга яна бир бор ишонч ҳосил қилишди.

Мисол сифатида лаборатория ходимлари, яъни давлат хизматчилари ва аҳолининг (шу жумладан илм-фан вакилларининг) фикри мутлақо бир-бирига тўғри келмайдиган муаммолардан бирини келтирамиз. Сўз 20 тонна цианид натрийни олиб кетаётган юк машинаси Барскоон деб номланувчи қўрғон яқинида худди шу номли дарёга унинг Иссиқкўлга қуйилиш жойида тушиб кетгани ҳақида бормоқда. Қирғизистон Халқаро университетининг Инсон экологияси лабораторияси бош илмий ходими Калия Молдогазиева буни “мислсиз экологик ҳалокат” деб ҳисобламоқда. У қуйидаги маълумотларни келтиради: авариядан сўнг дарёдаги цианидлар миқдори 1 590 РЭЧК (рухсат этилган чегаравий концентрация)ни ташкил этган. Дарё ва кўлда нобуд бўлган балиқлардаги цианидлар миқдори 1 кг га 1,5 мг гачани ташкил қилган. Авариядан сўнг 8 минг нафар жабрланган киши аниқланган, 15 киши ҳаётдан кўз юмган. 45 км радиусдаги ўсимлик ва дарахтларнинг барглари қовжираб, сарғайиб кетган. Воқеадан кейин 10 кундан сўнг ҳокимият Барскоон аҳолисини эвакуация қилган. Уларга киши бошига 1 минг қирғиз соми тўланган (бу ерда мен амалдорларнинг “кўпчилик айнан шу минг сом туфайли ўзини жабрланган қилиб кўрсатган” деган эътирозларини келтирмоқчиман).     

Илм соҳасининг фикри ана шундай. Биолаборатория мудираси, яъни давлат хизматчиси Ольга Шестованинг фикри эса мутлақо бошқача: “Бу пашшадан фил ясалган воқеага ўхшайди. Цианидлар – табиатдаги ҳаёт айланишининг бир қисми… Қўрқинчли нарса юз бермаганини англаш учун мактабдаги кимё фанини билишнинг ўзи кифоя”.

Юк машинаси билан юз берган авария ҳақида биринчи бўлиб россиялик ҳарбийлар маълум вилган. Бунгача эса шу атрофда истиқомат қилувчи аҳоли кун бўйи шу дарёдан сув ичган. Юк машинасининг “хўжайини” “Кумтор” олтин руда компанияси эса ҳамон шу йўлдан ҳар ойда 800 тонна цианид ташийди.

Агар “Кумтор”нинг 2016 йилги Қирғизистон ЯИМдаги улуши 8% га (11% гача етади), умумий саноат ишлаб чиқаришидаги улуши эса 23% га тенг эканидан хабардор бўлсангиз, унда амалдорлар ва олимлар вазиятга нега турлича баҳо бераётганини тушуниб оласиз. Компания ҳар йили 20 тонна олтин қазиб чиқаради, ўзининг бутун фаолияти давомида эса мамлакат хазинасини 264 тоннага тўлдирган. Сайёҳлик, яъни Иссиқкўл табиатининг гўзаллиги мамлакат ЯИМнинг фақат 4%ни ташкил этади, ана энди давлат учун нима муҳимроқ эканини ўзингиз ҳал қилинг… 

Яна “Кумтор” ҳақида. Компания ўз фаолиятини 2036 йилда якунлайди. Иссиқкўлнинг жанубий соҳилида яшовчи аҳоли ҳокимиятдан ушбу муддат ўтганидан кейин ҳам компанияга ишлашга рухсат беришини сўрамоқда. Сабаби оддий: қўлга бериладиган маош катта. Бошқа иш эса йўқ. Экология оддий турмушга тўқнаш келмоқда…

Бу турмуш, аниқроғи – конкрет қўрғон/шаҳарнинг конкрет иқтисодиёти ҳамкорликдаги журналистик тадқиқот иштирокчиларига яна кутилмаган совғаларни олиб келди. Балиқчи шаҳрининг (болалигимиздаги ўша “Рибачий” шаҳри) ёнида янги ходимларнинг ўлда-жўлда иши туфайли маҳаллий нефть базаси тупроққа 4400 баррель (600 тоннага яқин) нефтни тўкиб юборган. Улкан нефть “линза”си ер ости сувларигача тушган ва улар билан биргаликда кўлга қараб ҳаракатланмоқда. “Қирғоққача бир неча метр қолди!”, – дея бонг уради хизмат кўрсатган фан арбоби профессор Эмиль Шукуров. Биз юқорида тилга олган сабабга кўра эса, уни ҳеч ким эшитмаяпти.

Шу жойда чаканда ўсимлиги ҳақида сўз юритмоқчиман. Ажойиб ўсимлик, у нафақат шифобахш хусусиятларга эга… Экологлар учун чаканданинг жуда узун ва жуда қалин илдизлари муҳим. Агар чаканда қирғоқда ўсса, унда унинг илдизлари табиий фильтр сингари кўлга тушадиган ҳамма нарсани – ер ости сувларини ҳам, хўжалик оқиндиларини ҳам фильтрдан ўтказади. Бироқ чаканда меваларини терувчилар унинг тиканлари кириб кетмаслиги учун чаканда буталарини илдизи билан суғуриб олишади – ана шундай бизнес бу. Қирғоқлар ўсимликсиз қолмоқда. Бунинг устига тозалаш иншоотлари бўлмаган Куметин цемент заводи ҳам шу ерда… Ҳаммаси тушунарли… “Катта” бизнес билан баҳслашиб бўлмагани боис экологлар барча саъй-ҳаракатларини хусусий секторга йўналтира бошлади. Бу борада яхши тажрибага ҳам эга бўлишди. Айтгандай, уни ўзбекистонлик ҳамкасблар ҳам ўзлаштириб олса, ёмон бўлмасди.

Бизда Чирчиқнинг сув муҳофаза қилинадиган зонасидан дачалар энди олиб ташланмоқда. Кўл соҳили яқинидаги 2 километрлик қўриқланадиган зона эса муқаддас жойга айланган. Атроф-муҳит муҳофазаси ва ўрмон хўжалиги давлат агентлигининг Иссиқкўл-Норин ҳудудий бошқармаси бошлиғи ўринбосари Марат Кулатаев шундай дейди: “Соҳил бўйлаб 200 га яқин сайёҳлик объекти жойлашган ва деярли шунча тозалаш иншооти мавжуд. Бу ердаги пансионатлар хусусий, демак тозалаш иншоотлари ҳам хусусий! 5 йил ичида зонамизда марказлаштирилган канализация барпо этилади, пул ҳам бор”. У бизга “Топаз” пансионатининг тозалаш иншоотларини кўрсатди. Тўғрисини айтсам, шу ерда “бизнеснинг ижтимоий масъулияти” деган сўзларни эсладим. Бу ерда уни яққол кўриш мумкин эди.
Жаноб Кулатаевга 2016 йили шу ерда, Чолпан-Атада ўтказилган Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинлари ҳам жуда яхши ёрдам берганини айтиш жоиз. Ўйинларга тайёргарлик жараёнида унинг жавобгарлиги остидаги зона таниб бўлмас даражада ўзгарди… Мамлакат пулини аямади (мен ҳисоботларда бир нечта рақамларни топдим, бироқ уларнинг ҳаммаси одам ишонмайдиган даражада кўп, шу боис уларни келтириб ўтирмайман). Экологларнинг ҳам чекига нимадир тегди.

Қирғиз ҳамкасблардан яна бир нарсани ўргансак яхши бўларди. Мана биз экологияга грантлар оламиз, мақтанишга келганда эса, қани ўша харид қилинган ускуналар? Бизга таниш Ольга Шестова эса ҳозирнинг ўзидаёқ ишлаётган (!!) суперасбобларни қонуний фахр билан бизга кўрсатарди, кўпчилигимиз ҳатто уларнинг номини ҳам эшитмаганмиз… Шестова ишлайдиган лабораторияни жиҳозлашга Осиё тараққиёт банки (1 млн.доллар) ва Финляндиянинг атроф-муҳит институти (SYKE) ёрдам берган. Финнлар ҳатто қирғиз ҳамкасблари қуёшда куйиб кетмасликлари учун махсус жилетлар билан жиҳозланган махсус катерни ҳам совға қилган. Аммо лекин жиддий гапирадиган бўлсак, масалан, лаборатория барча балиқ намуналарини 2 нусхада олади, улардан биттасини Финляндияга жўнатади. Шу тариқа, ўтган йили 1225 та таҳлил ўтказилган. 

…Яқинда сув ости археологлари бу ердан ажойиб бронза идиш топиб олди. Топилманинг ёши Александр Македонскийнинг қўшини Иссиқкўл қирғоқларида қароргоҳ бўлиб турган даврга тўғри келади. Балки идишни сувга у тушириб юборгандир? Буюк саркарда базму-жамшидларни қандай ўтказишни яхши билган. Шундай экан, балки ушбу анъанани “Осиё марвариди” қирғоқларида ҳам давом эттирармиз? Уни чиқиндиларга тўлдириб ташламасак, албатта…

Шу ерда учрашгунча,
Юрий Черногаев.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.