Сўнгги пайтларда ўзбек сўми/ USD валюта жуфтлигининг айирбошлаш курсидаги жиддий тафовут борасида гапирмаган киши қолмаган бўлса керак. Шивит сотувчиси доллар курси ошди деб шивит нархини кўтарса, беихтиёр сен ҳам шу ҳақда ўйлай бошлайсан. Келинг, биз ҳам, ҳиссиётларга берилмасдан вазиятга ойдинлик киритишга уриниб кўрамиз.

Биринчидан, ўзи нима юз берди? 

Агар 2019 йил июль ойининг ўртасигача миллий валютанинг АҚШ долларига нисбатан курси бир текис силлиқ тушиб келган бўлса, август ойининг ўртасидан бошлаб курснинг тушиб кетиши сезиларли даражада тезлашди. Аниқроқ айтадиган бўлсак, 08.01.2019 йилдан 16.07.2019 йилгача миллий валюта ушбу жуфтликда бор-йўғи 247,46 сўмга (ёки 2,97 фоизга) девальвацияланган, 16.07.2019 йилдан 12.08.2019 йилгача эса у 297,5 сўмга девальвацияланган. Бошқача қилиб айтганда, миллий валюта 3 ҳафта ичида бундан олдинги 7 ойдаги каби девальвацияланган. Шундай қилиб, йил бошига нисбатан сўм 6,54 фоизга (1 USD учун 8337,04 сўм даражасидан) ёки 544,96 сўмга девальвацияланган.

Иккинчидан, бу нега юз беряпти?

Биз ташқи иқтисодий савдонинг манфий сальдоси, доллар курсининг Ўзбекистоннинг етакчи савдо ҳамкорлари бўлган мамлакатлар миллий валютасига нисбатан ошиши, ички бозорда валютага бўлган талабнинг, шу жумладан хуфия айланма ва бошқалар ҳисобидан ошиши каби бошқа мутахассислар томонидан тилга олинган ҳақиқатларни такрорламоқчи эмасмиз. Ушбу мақолада сўм девальвациясининг бир нечта бошқа жиҳатларига тўхталиб ўтамиз.

  • Биринчидан, бошқача бўлиши мумкин ҳам эмасди, чунки миллий валюта девальвацияси – бу нафақат барча ривожланаётган мамлакатлар учун жаҳон тренди, балки ушбу давлатлар иқтисодий сиёсатининг моҳияти, мазмунидир, чунки у қуйидагиларга имкон яратади: а) импортни қисқа муддатга ва бироз чеклаш; б) экспортни қўшимча рағбатлантириш; в) бюджетга қўшимча даромад олиш; г) валютага бўлган талаб ва таклифдан келиб чиққан ҳолда (унга бўлган талаб объектив равишда ошмоқда), импорт ва экспорт нархлари мувозанатини ўрнатиш;

  • 2019 йил бошидан буён ҳукумат миллий валюта курси жадалроқ суръатлар билан тушиши учун қўлидан келган барча ишни қилди, хусусан: а) нархларнинг назоратсиз ўсишига ва иқтисодиётнинг катта қисми хуфия томонга ўтиб кетишига олиб келган солиқ ислоҳотлари амалга оширилди, кичик ва ўрта бизнесни ўлдирган ҳолда, йирик ва микробизнес ўртасидаги иқтисодиётни сегментларга ажратиш чуқурлашди; б) иш ҳақи оширилди ва бунинг кетидан – энергетика ресурслари ва коммунал хизматларнинг нархлари ҳам; в) бюджет қимматбаҳо инвестицион лойиҳалар томонига қаратилди, бу унга тушадиган абсолют юкламани жиддий оширди, ўз навбатида бу эса умуман солиқ юкининг ошишига олиб келди; г) импорт маҳсулот ва хомашёга бўлган божхона тарифлари сезиларли даражада оширилди; д) оилавий бизнес ва микротадбиркорликни ривожлантиришга жуда катта кредитлар ажратилди.

Юқорида кўрсатилган чоралар ва бошқа ҳолатлар натижасида хориж валютасининг миллий валюта ҳажмига нисбатида сўм массасининг жиддий ошиши юз берди, валюта массаси эса камроқ ўсган. Мана шу охиргиси доллар курсининг миллий валютага нисбатан ошишининг фундаментал сабаби ҳисобланади.


Айирбошлаш курсини пасайтиришдан даромад оладиган асосий бенефициар Молия вазирлиги эканини эсда сақлаш керак, бюджетдаги эҳтимолий танқисликни қоплаш учун унга қўшимча манбалар зарур. Валюта девальвацияси ҳам, ёзувчилар Илья Ильф ва Евгений Петровлар айтганидай, 400 та усул ичида “пул топишнинг нисбатан ҳалол усуллари”дан бири ҳисобланади. Агар бугунги кунда миллий валюта 6,54 фоизга девальвацияланган бўлса, унда тегишли тушум даврларида импорт бўйича солиқлар ва йиғимлардан ҳамда экспортчиларнинг тушумидан олинадиган солиқлардан бюджетга тушадиган даромад ҳам шунча ошган. Биз бу ерда рангли металлар, уран, табиий газ ва бошқаларни марказлаштирилган тарзда экспорт қилишдан тушадиган даромадлар ҳақида ҳатто гапирмаяпмиз ҳам.

Яна бир қизиқарли савол: нега буларнинг барчаси айнан ҳозир содир бўляпти? 

Чунки бу ҳолатлар биргаликда таъсир қилиб, юқори ставкалар (шу жумладан қайта молиялаштириш ставкалари), банкларга қўйиладиган юқори резерв талаблари, инфляция ва айирбошлаш курси коридорининг тахминий кўрсаткичлари кўринишида “Марказий банкнинг мудофаа чегараларини” ёриб ўтишга улгурди. Энди Марказий банк мамлакатнинг молиявий барқарорлиги учун якка ўзи кураша олмайди ва курашишни истамаяпти ҳам, шу боис айирбошлаш курсининг “бўшатиб” юборилиши мажбурий, асосан – ноилож чора.

Буёғи нима бўлади?

Буёғига сўмнинг катта девальвацияси юз беради ва сентябрь ойи охирига келиб у 1 доллар учун 10 000 сўм миқдоридаги психологик чегарадан ўтади, деб қўрқаман. Чунки мен кўрсатиб ўтган иқтисодий сиёсат чораларининг ҳаммаси миллий валютадаги пул массасига ва, мос равишда, унинг долларга нисбатига, узоқ муддатли таъсир кўрсатади. Кемани узоқ саёҳатга жўнатиш ва бир вақтнинг ўзида унинг ушлаб турувчи элементларини таъмирлашни бошлаш мумкин эмс. Ҳукумат мамлакат устуворликларидан келиб чиққан ҳолда, бажариладиган тадбирларнинг навбатини танлаши керак.
 
А.Абдуқодиров