Сўм курси учун ташвишланмаса ҳам бўлади
Йил якунигача АҚШ долларининг қиймати 10 000 ўзбек сўмига чиқади. Шу тариқа, валютамиз постсовет мамлакатлари орасида рекорд ўрнатади: 1994 йил 1 июль куни муомалага чиққанидан бошлаб (($ 1 = 7 UZS) валютамиз 1 400 баробарга қадрсизланди. Бу иқтисодиётнинг асосий кўрсаткичларидан бири бўлгани учун ушбу ёқимсиз феноменни кўпчилик изоҳлашга уринмоқда. 23 август куни иқтисодиётнинг аҳволи Сенатда муҳокама қилинди. Шу ҳафтада Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси сайтида уларнинг мамлакатлар бўйича обзори пайдо бўлди. Халқаро Матбуот марказидаги сессияда ҳам шу ҳақда сўз юритилди. Биз эса тилга олинган барча рақамларни Ўзбекистон Марказий банкининг охирги ҳисоботи билан солиштирдик. Афсуски: рақамлар, тушиш сабаблари ва вазиятни тўғирлаш бўйича тавсиялар ҳамма жойда ҳар хил бўлиб чиқди…
«Тўтиқушлар»да узунроқ…
Ўқувчиларимизнинг ушбу матндан безовталик билан кутган умидларини сал пасайтириш учун келинг тўтиқуш, маймун, фил ва бўғма илон саргузаштлари ҳақидаги эски “38 та тўтиқуш” мультфильмини бир эслайлик. Кичкинтойлар учун мўлжалланган ушбу қизиқ мультфильмни, афтидан, ҳозирги иқтисодиётчиларимизнинг кўпчилиги ўзига қўлланма сифатида олган кўринади. Эслатиб ўтаман: фильмда унинг қаҳрамонлари илоннинг узунлигини ўлчайди. Уларда ўлчов асбоби йўқ эди. Шу боис улар илонни тўтиқушнинг қадами, фил хартумининг узунлиги ва ҳ.к.лар билан ўлчайди. “Тўтиқушларда” илон узунроқ бўлиб чиқади…
Давлат статистика қўмитасининг маълумотларига кўра, 2018 йил якунлари бўйича Ўзбекистон ЯИМ 407,5 трлн сўмни ташкил қилган. Бу бир йил олдинги кўрсаткичлардан 5,1% кўпроқ. Худди шу рақамларни Жаҳон банки ҳам беради. Аммо Сенат мажлисида бу рақам энди 5,8% кўринишида янгради. Буни изоҳлаш мумкин – ҳисобот эълон қилинган пайтдан бошлаб сўм (турли ҳисоб-китобларга кўра) ўртача 8% га арзонлаган ва бу триллионлар, албатта, ошган. Сўмнинг қадрсизланишда давом этишини инобатга олган ҳолда, Жаҳон банки 2019 йилда бизнинг ЯИМ 523 трлн сўмни (ўсиш 5,3%), 2020 йилда 643 трлн сўмни (ўсиш 5,3%) ва 2021 йилда сўм ҳисобида ялпи ички маҳсулотимиз улкан 759 трлн сўмни (ўсиш 6%) ташкил этишини прогноз қилмоқда. Бундай ақл бовар қилмас кўрсаткичларга эришиш учун эса ҳеч нима қилмасак ҳам бўлади, фақат сўмга пастга думалашига халақит бермасак бўлди. Янги ютуқларга тайёргарлик кўраверайлик…
Иқтисодий статистика ўзи нима
«…Қироллик статистика жамиятининг Президенти (Буюк Британия) Леонард Кортни тарихга ўлмас бир ибора билан кирган: “Ёлғоннинг учта тури бор: ёлғон, сурбетларча ёлғон ва статистика”. Тўғри бу иборани яна, камида, тўртта машҳур киши билан ҳам боғлашади, аммо бу статистика жамиятни қандай асабийлаштиришига яққол далолатдир. Буниси энди ўзим ёзган материалдан иқтибос – бир пайтлар anhor.uz бизнинг статистика идорамиз ҳақида ўз фикрини билдирганди. Вазият ҳамон ўзгаргани йўқ…
Жаҳон банкининг Ўзбекистон бўйича ҳужжатлари сўмда берилаётганига эътибор қилдингизми? Бу ҳисоботларни кўп йилардан буён Эскендер Трушин ва Вишаяк Нагараж бошчилигидаги иқтисодчилар жамоаси тайёрлайди. Улар барчага тушунарли долларлар ўрнига нега сўмдан фойдаланишларига қуйидагича изоҳ беришади: “Ўзбекистон статистикаси 2 йилдан буён иқтисодий ҳисоб-китобларнинг халқаро методикаларидан фойдаланмоқда, деб ҳисоблашади. Аммо уларнинг методикаси шу даражада ўзига хоски, агар уларнинг ички кўрсаткичлари долларда ҳисобланса, ҳеч ким ҳеч ниманинг изини ҳам тополмайди”. Шундай экан, демак бизда аввалгидай “тўтиқушларда” ҳисоблашмоқда…
Айнан шу “ўзига хос методикани” биз Халқаро пресс клуб (ХПК)нинг охирги сессиясида кўрдик. Спикерларимиз – тан олинган обрўли мутахассислар: иқтисодиёт вазирининг ўринбосари Ботир Усмонов, молия вазирининг ўринбосари Бахром Ашрафхонов, инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг ўринбосари Лазиз Қудратов. Шунингдек Сенат ҳам тақдим этилди – Одилжон Иминов.
ХПКда тилга олинган барча муаммолар ичида вақтимизни ва матнни тежаш учун энг “қизғин” мавзуни оламиз – бизнинг конкрет лойиҳаларимизга йўналтирилган тўғридан-тўғри чет эл инвестициялари. Маълумотларни Жаҳон банкидан ва Марказий банкнинг “2018 йил учун Ўзбекистон Республикасининг тўлов баланси, халқаро инвестицион позицияси ва ташқи қарзи” ҳужжатидан оламиз.
Жаҳон банки 2017 йилда корхоналаримизга йўналтирилган тўғридан-тўғри чет эл инвестицияларини $1797 млн. (Марказий банкимиз эса -$2577 млн.) миқдорида ҳисоблаган. 2018 йил якунлари бўйича Жаҳон банкининг рақамлари – жами $624 млн. (Марказий банкники -$1890 млн.). Буни қуйидагича изоҳлаш мумкин: Марказий банк ушбу кўрсаткичларга “миқдор учун” реинвестицияларни ҳам, она компанияларнинг қарз маблағларини ҳам, маҳсулотни бўлиш тўғрисидаги келишув бўйича фаолият кўрсатаётган фирмаларга йўналтирилган қўйилмаларни ҳам киритган.
Бундай “ўзига хос методика”, хоҳиш бўлганида, раҳбарият учун кўрсаткичларга тузатишлар киритиш имконини ҳам берган бўларди. Аммо энди бизнинг ҳолатда эмас: Марказий банк ҳатто ҳийла ишлатганида ҳам тўғридан-тўғри чет эл инвестицияларининг ҳалокатли тарзда тушиб кетаётганини (48% га) кўриш мумкин. 28 июнь куни Марказий банк хавфли тенденцияни тасдиқлашга мажбур бўлди: 2019 йилнинг биринчи чорагида тўғридан-тўғри чет эл инвестициялари 2018 йилнинг шу давридаги $427 млн.га қарши $198,3 млн.ни ташкил қилган.
Амалдорларнинг ўз ҳаёти бор
ХПК спикерлари эса бу ҳафтада мутлақо бошқа рақамларни тилга олишди: 2019 йилда тўғридан-тўғри чет эл инвестициялари ўтган йил билан солиштирганда уч бараварга ошган! Табиатда умуман йўқ рақамлар! Агар бу мутахассис тўғридан-тўғри чет эл инвестицияларини иқтисодиётга йўналтирилган инвестицияларнинг умумий ҳажми билан адаштирган бўлса (яъни бу ўзимизнинг ҳам пулларимиз, кредитларимиз ва қарзларимиз), унда ҳақиқий маълумотлар қуйидагича: 2019 йилнинг биринчи чорагида асосий капиталга йўналтирилган умумий инвестицияларнинг умумий ҳажми ўтган йилнинг шу даври билан солиштирганда 29,9% га ошган.
Аммо бу ҳам ҳали ҳаммаси эмас. Спикер давом этади: тез орада тўғридан-тўғри чет эл инвестициялари $ 10 млрд.ни ташкил этишига ишонч бор. Умуман мияга сиғмайдиган рақам – эслатиб ўтаман, Ўзбекистон ЯИМ (номинал бўйича) ўтган йили $ 47 млрд.ни ташкил қилган. Вазирликда аҳамияти жиҳатидан иккинчи бўлган лавозимни эгаллаган мутахассис аввал ўйлаши керак, деб ўйлардим.
Шунингдек, амалдорлар Президентнинг 2019 йил 25 февралда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг халқаро рейтинглар ва индекслардаги ўрнини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорга амал қилишлари кераклигига ҳам ишончим комил. Ушбу ҳужжат “миллий мониторинг тизими” шакллантирилишини ва “халқаро стандартларга мувофиқликни таъминлаш бўйича ислоҳотлар” таъминланишини ўз ичига олади. Агар амалдорларнинг тушунчаси бўйича мониторинг якунлари фактлар ва рақамларни бузиб кўрсатиш билан бирга кечадиган бўлса, унда бу мутлақо биз кутмаган ҳолат…
Ҳой, инвесторлар…
Ўзбекистон Президентининг шу йил 29 апрелдаги “Республика иқтисодиётига тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш механизмларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ учта тижорат банкидаги (“Алоқабанк”, “Туронбанк”, “Азия Альянс Банк”) ва “Кафолат” суғурта компаниясидаги давлат акцияларининг 25 фоизи чет эл инвесторлари учун савдога қўйилган. Худди шу қарор билан чет эл инвесторлари учун кимё, нефт-газ, электр энергияси ва озиқ-овқат саноати соҳаларидаги 25 та давлат корхонасининг акциялари (акциядорлик капиталида 35 дан 100 фоизгача бўлган) ҳам сотувга қўйилган. Ушбу стратегик ташаббус тўғридан-тўғри инвестициялар соҳасида “паровоз”га айланиши керак, бироқ бу “паровоз” силжимасдан бир жойда айланмоқда. Айнан энди сиз биладиган ўша сабабларга кўра.
Айтгандай, 1 март куни ҳукумат инвесторлар ва уларнинг оила аъзолари учун янги уч йиллик визани жорий этди, уни исталган вақтгача чўзиш мумкин. Ўзбекистонга $ 3 млн. йўналтирган инвесторлар эса таълим олиш ва тиббий хизмат кафолатлари билан 10 йил муддатга истиқомат учун гувоҳнома олишлари мумкин. Хўш, одамларга яна нима керак…
Тинчланинг, ҳаммаси унчалик ёмон эмас
Ҳеч ким баҳслашмайдиган халқаро ҳужжатлардан бири – бу Жаҳон банкининг мамлакатлар бўйича ҳисоботлари. Бу йил Жаҳон банки ўзининг Ўзбекистон бўйича ҳисоботига байрамона сарлавҳа қўйди: «Ўзбекистон. Янги иқтисодиёт сари. Ёз 2019». Ҳужжат экспертлар гуруҳи томонидан 30 июнь куни якунланди. 8 июлда эса эълон қилинди. Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги офиси сайтига 22 август куни жойлаштирилди. Аммо бир қатор сабабларга кўра биз 8 июлдаги асл матнга таянамиз.
Ажойиб иқтибос: «Ўзбекистон кенг кўламли бозор ислоҳотларини олиб бормоқда. 2021 йилга келиб иқтисодий ўсиш 6 фоизга етиши прогноз қилинмоқда. 12 ойлик инфляция 2018 йил бошида ўзининг 20 фоизлик максимумига етди, аммо кейин декабрга келиб 14,3 фоизга пасайди». Жаҳон банкидагилар осмонда учиб юргандай таассурот пайдо бўлмаслиги учун аниқлик киритаман: Жаҳон банкининг Ўзбекистонда ўз мониторинг тизими йўқ. Улар таҳлилларни Жаҳон банки учун стандарт бўлган молиявий ахборотни ошкор этиш тамойилларидан келиб чиқиб, аммо шу билан бирга идораларимизнинг ҳисоботларига таянган ҳолда амалга оширади. Бизнинг мониторинг тизимимиз нима эканлигини эса, ҳозиргина сизга кўрсатдик.
Иқтисодиётнинг ўзи плюслар ва минуслардан иборат. Январь ойидан бошлаб бизда импорт тарифлари 443 та товарга нол ставкадан 30 фоизгача оширилди (идиш-товоқлар, мебель, канцелярия моллари, маиший техника, автомобиль эҳтиёт қисмлари ва ҳ.к.). Биринчи нав унининг улгуржи нархлари оширилди (1400 сўм) ҳамда аҳолига сотиладиган нонга эркин нархлар жорий этилди. Бу ёмонми?
Буни қандай айтишга боғлиқ – Жаҳон банкининг мамлакатлар бўйича ҳисоботида қизиқарли диаграммалар бор.
“5-диаграмма. Экспорт тузилмаси”га қараймиз. У мамлакат фуқароларида ғурур ҳиссини уйғотиши керак. “Пахта” кўрсаткичини таққосланг – ҳозирнинг бизнинг жаҳондаги ўрнимизни у эмас, балки “Хизматлар”, яъни кичик бизнес ва “Бошқалар, шу жумладан катта қўшилган қийматга эга товарлар – тўқимачилик ва олтин” белгилайди.
Энди “6-диаграмма. Импорт тузилмаси”га қараймиз. “Озиқ-овқат маҳсулотлари”ни таққосланг – ахир биз бутун сармоямизни еб бўлдик-ку! Лекин ҳозир янги иқтисодиёт учун “Машиналар ва ускуналарни” импорт қиляпмиз.
Энди, сиз ғурур ҳиссини туйганингиздан кейин, халқ учун унчалик ташвиш чекмаса ҳам бўлади. Сўм курси ошса, нима бўпти… Овқатга етяптими? Марказий банкимизнинг “енгил қўли билан” эса мамлакатда “миллий қашшоқлик чизиғи” кунига одам бошига 2100 калорияга эквивалент бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари истеъмолини кўзда тутади. Бу бир кило қора нон. Шундай экан, демак бизда “қашшоқлар” ё умуман йўқ, ёки улар бутун аҳолининг кўпи билан 11% ни ташкил қилади (Жаҳон банкининг фикри шу). Аммо бизнинг амалдорлар Жаҳон банкининг фикрига қўшилмайди. Ўзбекистонда қашшоқлик даражасининг расмий баҳоси ноозиқ-овқат маҳсулотларини ҳисобга олмайди. Амалдорларнинг фикрича, бизнинг бундай жазирама иссиғимизда яна кўйлак билан шимга бало борми…
Худди шу ерда учрашгунча,
Юрий Черногаев.
Шарҳлар