Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш стратегиясининг лойиҳаси ҳақида

Бироқ Фармонга илова қилинган ҳужжатни Стратегия деб зўрама-зўраки айтиш мумкин. Бунинг бир нечта сабаби бор...

Ўзбекистон Президентининг “2020-2030 йилларда Ўзбекистон Республикасининг қишлоқ хўжалигини ривожлантириш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармони лойиҳаси ва Стратегиянинг ўзи муҳокама учун эълон қилинди.

Бундай ҳужжатнинг пайдо бўлишини ва ҳукуматнинг муҳокама қилинган ва мутахассислар томонидан маъқулланган Стратегия асосида ҳар қандай тармоқда ислоҳотларни амалга оширишга бўлган интилишини олқишлаш мумкин, негаки асосий нарсани келишиб олмагунча, ислоҳотларга жимгина тўсқинлик қилиш ҳолатларини доим учратамиз, чунки улар охиригача ўйланмаган, реал вазиятни ҳисобга олмаган ҳолда ишлаб чиқилган.

Бироқ Фармонга илова қилинган ҳужжатни Стратегия деб зўрама-зўраки айтиш мумкин. Бунинг бир нечта сабаби бор.
 
Афтидан БМТ кўмагида ва ЖСТ топшириғи бўйича иш юритган Жаҳон банки стратегиянинг муаллифи ва буюртмачиси кўринади. Бунга кириш қисмидаги ва матн давомида берилган ҳаволалар ишора қилмоқда – “очарчиликни бартараф этиш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда озиқланишни яхшилаш ва қишлоқ хўжалигини барқарор ривожлантиришга кўмаклашиш БМТнинг барқарор ривожланиш мақсадларидир (БРМ 2)” Бу сўзлар ҳам стратегия муаллифи ва буюртмачиси ким эканига ишора қилмоқда. Бу БМТ кўмагида ва ЖСТ топшириғи бўйича иш юритган Жаҳон банки.

Мажбуран қабул қилдирилаётган ғоялар
Стратегиянинг асосий вазифаларини белгилар экан, муаллифлар шубҳага ўрни қолдирмасдан қуйидагиларни ёзади: “ушбу устувор йўналишнинг асосий вазифаларидан бири … институционал салоҳиятни ривожлантириш ҳисобланади, бу санитария ва фитосанитария назоратининг миллий ҳуқуқий базасини ЖСТ талабларига ва халқаро мақсадли бозорлар стандартларига мувофиқ ҳолатга келтириш йўли билан қишлоқ хўжалик ва озиқ-овқат маҳсулотларининг хавфсизлиги ва сифатини таъминлаш имконини беради”. Биз қачон ЖСТга аъзо бўлдикки, бундай мажбуриятларни бўйнимизга оляпмиз? Ёки бу ҳал этилиши бизга мажбуран қабул қилдирилаётган ушбу Стратегиянинг асосий мақсади бўлган априори масалами?

Нега мажбуран қабул қилдирилаётган деб сўрарсиз? Матнни диққат билан ўқисангиз, русийзабон бирор киши қўлламайдиган иборалар ва таърифларни кўрасиз. Матнда БМТ ва ЖСТ ҳужжатларида қабул қилинган хорижий терминологияга ҳаволалар мавжуд.
 
Аммо буларнинг ҳаммаси мавзу моҳиятига унчалик алоқадор эмас. Стратегиянинг моҳияти эса қуйидагилардан иборат:

·         Қулай агробизнес-муҳитни ва қўшилган қиймат занжирларини яратиш;
·         Давлат ролини пасайтириш ва тармоқнинг инвестицион мафтункорлигини ошириш;
·         Маъмурий иқтисодиётдан бозор иқтисодиётига ўтиш мақсадида давлат бошқарувини реструктуризация қилиш ва самарали тузилмани янада ривожлантиришни кўзда тутувчи давлат бошқарувининг замонавий тизимларини ривожлантириш;
Бундай эзгу мақсадларни фақат олқишлаш мумкиндай кўринади. Бироқ рақамлар ва чиройли безатилган иборалар ортида у ёки бу даражада аниқ ифодаланган иккита ғоя ётади:

·         Қишлоқ хўжалик фаолиятининг давлат томонидан тартибга солинишини ва қишлоқ хўжалигининг давлат томонидан субсидияланишини қисқартириш;
·         Қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ва озиқ-овқат маҳсулотларининг қийматини бошқаришни аста-секин тўхтатиш, нархлар бозор механизмлари ёрдамида белгиланади;
·         Ер участкалари субижарасини жорий этиш ва ер участкалари ижарачиларининг ҳуқуқларини кенгайтириш.

Давлат томонидан қандай тартибга солиниш, у қандай қисқаради, бозор нархлари қандай белгиланади ва экспорт мавжуд бўлмаганида бозор нархлари ўзи нима (масалан, буғдойнинг ички истеъмоли), нега субижара давлат ихтиёридан чиқаришнинг яширин шакли эмас ва нега у ерларнинг сифати ёмонлашишига олиб келмайди? Булар ҳақида ҳужжатда ҳеч нима айтилмаган.
 
Қишлоқ хўжалигига давлат инвестициялари
Ҳужжатнинг VI бўлимида 2018 йил якунлари бўйича давлат бюджетининг қишлоқ хўжалигига харажатлари тахминан 6 858 млрд сўмни (836 млн АҚШ доллари) ташкил қилгани… қишлоқ хўжалигини қўллаб-қувватлашга йўналтирилган давлат харажатларининг улуши ўртача даромад даражасига эга Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти (ИҲРТ)га кирмайдиган мамлакатлар билан солиштирганда уч бараварга ва ИҲРТ мамлакатлариникига қараганда ўн бараварга кўплиги; харажатларнинг бундай юқори даражасига қарамасдан уларнинг қишлоқ хўжалиги унумдорлиги ва рақобатбардошлиги ўсишига ҳамда ишлаб чиқарувчиларнинг даромадларига таъсири чекланган экани қайд этилади.

Бундай хулосага қандай келинди? Нега Ўзбекистон ўртача даромад даражасига эга давлатлар билан таққосланмоқда? Ёки бу ЯИМнинг аҳоли бошига кўрсаткичларидан ўз манфаатларида фойдаланаётганлар томонидан ушбу кўрсаткичларнинг сохта экани де-факто тан олинишими?

Шунингдек Стратегия ундан ҳам ажабланарлироқ далилларни қайд этишда давом этади: «Секторга йўналтириладиган давлат маблағларининг катта қисми ирригация тизимига (63%) сарфланиб, кўп ҳолларда ғўза ва буғдой етиштиришни қўллаб-қувватлашга, насос станциялари учун электр энергиясини тўлашга йўналтирилмоқда, бунинг натижасида ирригация ва мелиорация тизимларидан фойдаланиш ва уларга техник хизмат кўрсатиш учун маблағларнинг сурункали етишмаслиги, уларни ривожлантириш ва модернизация қилишга маблағларнинг йўқлиги каби ҳолатлар кузатилмоқда».
 
Бироқ, агар давлат пулларни хўжаликларни тўғридан-тўғри субсидиялашга эмас (Европада шундай қилишади, буни ИҲРТнинг ўзи 60 йилдан ортиқ вақт давомида танқид қилиб келмоқда), балки асосан қишлоқ хўжалик инфратузилмасини қувватлашга  сарфлаётган бўлса, унда буни танқид қилиш эмас, балки ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш керак.

Хўш, нимани ўзгартириш ва нега ўзгартириш лозим?
 
Давлат аралашувини аслида қаерда камайтириш керак? Қишлоқ хўжалиги учун ўғитларни тақсимлаш ва уларнинг нархларини тартибга солишда, шунингдек қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг нархларини шакллантиришда ва уни экспорт қилиш шартларида давлат аралашувига ва бошқарувига барҳам беришга интилиш зарур.

Аммо агар иш ўсимликшунослик ва чорвачилик ўртасида ер участкаларини тақсимланишни оптималлаштиришдан бошланмаса, бу иш самарали бўлиши мумкин эмас. Чорвачилик ем-хашак базасини қисқартириш ва бунинг оқибатида унинг нархлари кўтарилиб кетиши ҳисобига кучли ривожланмаяпти.    
Стратегияда экспорт ҳажмини ошириш ва диверсификациялаш, экспорт салоҳиятини ошириш зарурати таъкидланади. Аммо, шу билан бирга, келгусида 2018 йил якунлари бўйича эришилган қишлоқ хўжалик маҳсулотлари экспорти даражасидан (2.9 млрд АҚШ доллар) анча кам ҳажм “режалаштирилмоқда”.

Стратегияда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш истиқболлари ҳақида сўз борар экан,  2030 йилгача эришилиши режалаштирилган шунчаки мақсадли рақамлар келтирилади. Аммо, моҳиятан олганда, бунга қандай чоралар ва ўзгаришлар, рағбатлар ҳисобидан эришилиши ҳақида ҳеч қаерда сўз бормаган.
Шу боис айрим экспертларнинг оптимизмига қўшилмайман ва бу “раҳбариятнинг кўзини қувонтириш” ёки қизғин фаолиятни “кўрсатиш” учун ишлаб чиқилган навбатдаги ҳужжат деб ўйлайман. Бу ҳужжат жиддий қайта ишланиши керак деб ҳисоблайман, чунки у бундай шаклда қабул қилиниши мумкин эмас.
 
Абдулла Абдукадиров, колумнист

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.