Фарғона ҳокимлиги 1,5 млн АҚШ доллари миқдорида чет эл инвестицияларига эга фабрикани давлат фойдасига тортиб олиш тўғрисида қарор қилди. Бу ҳақда ҳокимлик корхонани хат орқали хабардор қилди.

Мамлакат раҳбарияти саноатни ривожлантиришга, хусусий мулк ҳуқуқларининг қонуний ҳимоясига йўналтирилган ислоҳотлар ташаббуси билан чиқмоқда, мамлакат инвестицион муҳитининг тақдимотлари ташкил қилинмоқда, инфратузилмалар ва асосий вазифаси чет эл сармоясини жалб этиш бўлган институтлар яратилмоқда.  Инвестициялар марказда “ўтириб қолмасдан”, мамлакатдаги демографик вазиятни ҳисобга олган ҳолда айнан ҳудудларга йўналтирилиши учун катта саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда.

Бироқ жойларда президент ислоҳотлари ва шу ислоҳотлар билан илҳомланган тадбиркорларнинг саъй-ҳаракатлари ўзларини қонундан ва давлат раҳбарининг қарорларидан устун деб билувчи алоҳида ҳокимлар томонидан ўз мансабини суиистеъмол қилиш ҳолатларига дуч келмоқда.

Буни хориж инвесторининг улуши 60% бўлган “CONSTANT TRADING”  қўшма корхонаси мисолида кўриш мумкин. Ушбу корхона инвестори аввал бошиданоқ Фарғонадаги фабрикага қарийб 5 млн АҚШ долларини тўғридан-тўғри инвестиция қилишни мақсад қилган эди. 2004 йилдан бошлаб 2017 йил 31 декабрга қадар ҚК “Ўзбекенгилсаноат” уюшмаси таркибида фаолият кўрсатди, ҳар йили экспорт режасини ортиғи билан бажарди ва ўтган давр мобайнида  бюджетга 14 млрд сўмдан ортиқ солиқ тўлади, 1000 дан зиёд киши иш билан таъминланди. 2018 йилдан бошлаб ишлаб чиқаришни қайта профиллаш бошланди, бу мақсадда янги инвестицион лойиҳа ишлаб чиқилди, янги лойиҳа бўйича реконструкция ва қурилиш ишларини ўтказишга Фарғона ҳокимининг қарори олинди, ушбу лойиҳа шу йилнинг 2-чорагида муваффақиятли якунланди, қиймати 1 050 000 АҚШ доллари бўлган импорт ускуна харид қилиш учун “Қишлоқ қурилиш банк” АТБдан кўчмас мулк ва мазкур фабрика ҳудудини (Фарғона шаҳри, Б.Марғиноний кўчаси, 139) гаровга қўйиш остига валюта кредити олинди, 2019 йилнинг 2-чорагида қиймати 1,5 млн АҚШ доллар бўлган импорт технологик ускуна келтирилди, ҳозир у ўз ўрамида Фарғонада турибди, чунки “CONSTANT TRADING” МЧЖ ҚК ҳокимликнинг ушбу фабрикани рейдерлик босиб олиш бўйича ноқонуний ҳаракатлари туфайли валютада харид қилинган ускунани монтаж қилиш ва ишга тушириш имкониятига эга эмас.

Хусусан, амалдорларнинг ўйламаслиги туфайли, ушбу корхона Вазирлар Маҳкамасига тақдим этилган фаолият кўрсатмаётган корхоналар рўйхатида эски номи билан қолган. Бошқача қилиб айтганда, ҳокимлик корхонанинг қайта ташкил этилиш жиҳатларига аниқлик киритмасдан туриб, Вазирлар Маҳкамасига корхона 2015 йилдан буён фаолият кўрсатмаяпти деган ҳаққоний бўлмаган ахборотни тақдим этган (ёлғон маълумот бериш факти яққол кўзга ташланяпти), ҳолбуки ҳокимият корхона тикувчилик ва тўқимачилик корхонасига реконструкция қилиниши ва бу мақсадларда унга 1 млн 600 минг АҚШ доллари миқдорида маблағ ҳамда 1,5 млн.долларлик ускуна йўналтирилиши ҳақида тўлиқ маълумот олган. Ушбу ускуна ҳозир монтажга тайёр бўлиб, 2017 йил декбрь ойи бўйича маошлар ва солиқлар тўлангани ҳақида тўлиқ статистика ҳисоботи ҳам мавжуд018 йилда корхона эски ускуналарни демонтаж қилиш ва янги корхона учун хоналарни реконструкция қилиш ишлари билан шуғулланган.

Фарғона вилоят ҳокимининг тўғридан-тўғри кўрсатмаси бўйича Фарғона шаҳар ҳокимлиги томонидан Фарғона Маъмурий судида корхонани ҳокимлик балансига олиб қўйиш бўйича суд иши қўзғатилган. Шаҳар ҳокимлиги томонидан ўйлаб топилган баҳона (бирорта тасдиқловчи ҳужжатсиз) ушбу даъво аризасининг предмети бўлиб хизмат қилди. Унга кўра узоқ 1994 йилда “Буюк Ипак йўли” АЖ давлат корхонасини қайта ташкил қилиш чоғида 23,9 млн.сўмлик қандайдир активлар охиригача баҳоланмаган, шу муносабат билан ҳокимлик суддан даъво муддатини тиклашни, хусусийлаштиришдан олдинги барча ҳужжатлар ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бекор қилишни, «Constant Trading» ҚКнинг ҳозирги эгасидан фабрикани Фарғона ҳокимлиги балансига олиб қўйишни талаб қилмоқда.

Айтиш жоизки, 1994 йили мазкур корхона банк томонидан сотиб олинган ва 2008 йилгача фаолият кўрсатмаган, кейин уни таъсисчилар, шу жумладан чет эллик ҳамкор томонидан қонунбузарликсиз қайта сотиб олади. Бунинг устига 2017 йилда хусусийлаштириш якунлари қайта кўриб чиқилмаслиги ҳақида Фармон ҳам қабул қилинган.

Ушбу ҳаракатлар ҳокимият томонидан корхона ишлаётгани, унда капитал таъмирлаш ишлари ўтказилгани, бино тикувчилик ва тўқимачилик ишлаб чиқариши остига реконструкция қилингани, ускуналар олиб келингани ҳақида маълумот олган пайтда бошлангани кишини таажжубга солади.

2019 йил 8 октябрь куни вилоят ҳокими Фарғона шаҳар ҳокими билан биргаликда банкларни таклиф қилган ҳолда корхоналарда кўчма мажлис ўтказади, уларга гўёки бўш ётган бинога инвестор излаш топшириғини беради.

Маъмурий ресурсдан фойдаланган ҳолда рейдерлик босиб олинишига ўхшайдиган ғалати ғамхўрлик. Ўзингиз ўйлаб кўринг: инвестор ускуналарга пул инвестиция қилган, яна 5 млн доллар миқдорида тўғридан-тўғри инвестициялар режалаштирилмоқда, корхонани эса фаолият юритмайдиган сифатида эълон қилишяпти ва уни ҳокимлик балансига олиб қўйиш учун хусусийлаштириш якунларини қайта кўриб чиқишмоқчи. Бунда яна хусусийлаштириш якунларини қайта кўриб чиқишни бевосита тақиқловчи иккита қарор бузиляпти. Буни қонунбузарлик деб айтмасдан илож йўқ.

Жабрланган томоннинг фикрича, Фарғона вилоят ҳокими ЎЗР Президентининг 13.08.2019 йилдаги ПФ-5780-сонли фармонига ва 2012 йил 24 сентябрда қабул қилинган ЎРҚ-336-сонли “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига зид бўлган ҳаракатларни амалга оширмоқда. Хусусан, ушбу Қонуннинг 24-моддасида давлат мулкини хусусийлаштириш жараёнида яратилган хусусий мулк дахлсиз дейилади. Хусусийлаштириш натижалари қайта кўриб чиқилмайди ёки бекор қилинмайди. Хусусийлаштириш натижаларининг, шу жумладан давлат объектлари қийматини баҳолаш натижаларининг жумладан назорат қилувчи, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ва судлар томонидан қайта кўриб чиқилиши ва бекор қилиниши бўйича масалаларни илгари суриш тақиқланади.
 
Бу мисол чет эл инвесторларининг узоқни кўра олмайдиган амалдорларнинг шундай ҳаракатлари туфайли президент қарорлари ва ўз қонунларини тан олмайдиган мамлакатга айланаётган давлатга инвестиция қилиш истагини йўққа чиқарадиган томчига айланиши мумкин.

Икром Абдулла