Отишма энди ёнгинамизда содир бўляпти
Тошкентда МДҲ хавфсизлик органлари ва махсус хизматлари раҳбарларининг навбатдаги кенгаши ўтказилмоқда. Кенгаш иштирокчилари олдиндан белгиланган кун тартибига қўшимча равишда жангариларнинг Тожикистондаги “Ишқобод” чегара заставасига ҳужумини ҳам муҳокама қилишяпти (ишни шундан бошлашди). Воқеа Ўзбекистон фуқароларининг эътиборини жалб этиши шарт: чегара заставаси – бу Ўзбекистон-Тожикистон чегараси. Унинг ёнидан Душанбедан Термизга темир йўл ўтади: Ўзбекистон шаҳригача 1 соатлик йўл.
Махсус хизмат вакилларининг фикрича, ҳаммаси “жуда қайноқ”
ИШИД етакчиси ал-Бағдодий ҳалок бўлганидан кейин унинг восриси Абу Иброҳим ал-Ҳошимий ал-Қурайшийнинг айтишича, “унинг ўлими” мужоҳидларни “янги жасоратларга ундаши керак”. Агар Марказий Осиё мамлакатлари, ал-Қурайшийнинг фикрича, Хуросон провинцияси эканлигини назарда тутадиган бўлсак, унда янги воқеликда яшашимизга тўғри келади. Ҳолбуки ал-Қурайший, агар у Тожикистонда ҳаракат қилса, бу “унинг” ҳудуди эканига ишончи комил…
Янги хавотирли воқеликлар ҳақида МДҲ махсус хизматларининг раҳбарлари ҳам йиғилиш давомида билдирди. ШҲТ Террорчиликка қарши минтақавий тузилмаси Ижрочи қўмитасининг директори Жумахон Ғиёсов шундай дейди: “ИШИД квазидавлатдан глобал тармоқли ташкилотга айланди”, “жангарилар қайишқоқ тактика ва янги шароитларга мослашиш қобилиятини намойиш қилмоқда”, “улар бутун дунё бўйлаб ҳаракат қилиш учун етарли бўлган ресурсларни сақлаб қолишга муваффақ бўлди”.
Россия ФХХ директори Александр Бортников: “МДҲда экспансия учун плацдарм яратиш ишлари бормоқда”, “Марказий Осиё республикалари ҳудудида жангарилар гуруҳларининг сафларида бу ерларни яхши биладиган шу республикалар фуқаролари фаолият кўрсатмоқда”, “улар “Хуросон вилояти” деб номланувчи ҳудудда ҳаракат қиляпти ва чегараларни фарқламаяпти”, “ИШИДдан ташқари Марказий Осиёда “жамоат Ансаруллоҳ” ва “Шарқий Туркистон ислом ҳаракати” жангарилари қайд этилган”, “улар учун бу ўз ҳудуди ҳисобланади”.
Ўзбекистон ДХХ раиси Абдусалом Азизов: “Суриялик жангарилар қайтишга уринмоқда”.
Ноаниқликларга сабабчи бўлаётган тафсилотлар
Ўзбекистон-Тожикистон чегарасида содир бўлган жанг – уни ҳали аниқлик киритиш керак. Тўғри, Россиянинг 201-базаси аниқлаб ўтирмади, тревога бўйича шахсий таркибни кўтариб, бир соатдан кейин Тожикистон-Афғонистон чегарасининг “тит-питини” чиқариб юборди. Бугун, яъни Тожикистон ҳукумати бироз ғазабланган бўлса-да, россияликлар буни “тақвим бўйича режалаштирилган машқлар” дейишмоқда. Улар ҳақиқатдан ҳам режалаштирилган эди: Россия ҳарбий контрразведкаси ўтган йил август ойида жангариларнинг 201-базага ҳужумини йўққа чиқарганидан кейин, албатта. Уддасидан чиқилмаган ҳужумнинг иккита бошлиғи маҳаллий махсус хизматга топширилганидан кейин улар 26 йилга қамалди. Аммо ташкилотчи ким экани аниқланмади: Тожикистон ислом тикланиш партиясими ёки ИШИД? Айтгандай, Россия ҳарбийларининг машқлари, режалаштирилган бўлса ҳам, бошқа санада бўлиши керак эди…
Бу борада Ўзбекистон чегарачилари ўзларини яхшироқ кўрсата олишди. Бизнинг ОАВ ўша куни эрталаб бир эмас, иккита ҳужум бўлганини айтишмади. Бири – Тожикистонда, иккинчиси – биз билан чегарадош бўлган Балх провинциясининг Чорбулоқ ҳудудида (қаттиқ жанг давомида Чорбулоқ полицияси бошлиғи Камолиддин ўлдирилган).
Демак, ўша куни чегарамизда иккита қуролли ҳужум содир бўлган…
Энди эса расмий концепцияга мос тушмайдиган тафсилотлар. Энг аввало: президент Раҳмон вазият жиддий эканига қарамасдан, ўзининг Францияга ташрифини кейинга қолдириш ниятида эмас. Ҳатто 11 ноябрь куни Париждаги Жаҳон форумида нутқ сўзлашни режалаштирган.
Кейин: бутун ИШИД тарихи давомида илк бор жангарилар ниқобларда ҳаракат қилган. Яхши, эҳтимол кимдир қўрққанидан анъанавий араб рўмолларини ниқоб деб ўйлагандир. Аммо мен бу йигитлар қандай қилиб чегарадан Тожикистон бўйлаб 300 км масофани рўмолларда босиб ўтгани ва уларни ҳеч ким тўхтатмаганини тасаввур қилолмаяпман. Маълумотларга кўра, жангарилар гўёки Тожикистон чегарасини 3 ноябрь кунидаёқ Афғонистоннинг Қалам Зол уезди томонидан тонгги соат 4 да кесиб ўтган ва Тожикистоннинг Кубодиён туманига келган. Бу жанговар гуруҳ бостириб келиши учун ноқулай жой, у ерда ҳаммаси кўзга ташланиб туради. “Нормал одамлар” чегарани Панж водийсида кесиб ўтади, у ерда нафақат тахминий чегара бор, балки яна дарё орқали исталган юкни, хоҳласангиз атом бомбасини (худо кўрсатмасин) ўтказишга ҳам ёрдам беришади.
Жангариларнинг тагида Душанбе рақамлари қўйилган машиналар (илова қилинган суратдаги “Опель”). Нима, уларни чегарада кимдир кутганми? Омадимиз чопди: ҳамкасбларимиз суратларни бизга илгарироқ юборишди, Тожикистон ИИВ матбуот хизмати тарқатган суратларда машина рақамлари бўялган, кейин эса суратларни умуман олиб ташлашди.
Шунингдек anhor.uz нашрида мавжуд бўлган сурат ҳам олиб ташланди, аммо биз уни “зўравонлик, қон саҳнаси ва бошқ.” борлиги туфайли беролмаймиз. Ушбу суратда ўлганлар орасида – қўли орқага кишанбанд қилинган одам бор. Демак, олдин уни кишанбанд қилишган, кейин эса отиб ташлашган, шундайми? Бу ҳеч қандай версияга тўғри келмаяпти, нима дейишни ҳам билолмай қолдим…
Бироз конспирология ҳақида
26 август куни Нур-Султан шаҳрида “С5 + 1” гуруҳининг, яъни Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва ҳар доим нейтрал бўлган Туркманистон плюс АҚШнинг навбатдаги учрашуви ўтказилди. АҚШ давлат котибининг ёрдамчиси Дэвид Хейл ўшанда ўз чиқишини Катта Ўрта Осиёга кўплаб хавфлар таҳдид солаётгани ва америкаликлар ёрдамга келишга тайёр эканидан бошлаганди. “Биз ҳамкорликни жонлантиришга тайёрмиз!” – бу жаноб Хейлнинг сўзлари. Унинг ёрдамчилари эса юмшоққина қилиб “CNN самараси”ни эслатиб қўйишди. Америкаликлар Афғонистондан кетса, Марказий Осиёнинг кимга қизиғи қолади? Ҳа, Хитой товарлари учун географик транзит ҳудуд ва бозор сифатида Хитойга қизиқарли бўлиши мумкин. Шу боис, айрим узоқ ва яқин мамлакатларнинг муайян касб эгалари фикрича, минтақага бўлган қизиқишни “қиздириш” керак.
Мана, эринмаганлар қўлидан келганича “қиздирмоқда” ҳам…
Шу ерда учрашгунча,
Юрий Черногаев
Бош саҳифадаги фотосурат: Тожикистон ИИВ
Мавзу бўйича қаранг:
Муммо биз томон қараб келмоқда
Шарҳлар