Нега Шарқ Ғарбдан ортда қолиб кетди?

Нега Шарқ Ғарбдан ортда қолиб кетди?

Сарлавҳага олиб чиқилган ушбу савол мени кўп йиллардан бери ҳам қизиқтириб, ҳам қийнаб келади. Ҳаммага маълумки, табиий фанлар ва математика бўйича асосий кашфиётлар Шарқда қилинган. Ал Хоразмий, Оврупо мамлакатларида Ал Фраганус номи билан танилган Ал Фарғоний, Мирзо Улуғбек, Ал Беруний, Абу Али ибн Сино номлари ер юзидаги барча ўқимишли инсоният орасида маълум. Айнан шу ва бошқа кўплаб шарқ олимларининг кашфиётлари замонавий математика, физика, кимё, астрономия каби фанларга асос солди. Масалан, Ал Фарғонийнинг асарлари 400 йил давомида Оврупонинг энг етакчи университетларида, жумладан машҳур Сорбонна университети талабалари учун физика фанини ўрганишда асосий манба бўлиб келди.
 
Хўш, замонавий илм-фан “бешиги” ҳисобланган Шарқ фан ва технологиялар борасида қачон ва нима сабабдан Ғарбдан ортда қолиб кетди? Нега у бугун техника ва технология тараққиётининг бир чеккасига  чиқиб қолган? Ҳатто ҳозир ҳам келиб чиқиши шарқлик бўлган олимлар илмий кашфиётларни ўз ватанида эмас, балки асосан АҚШ ва ғарбий Оврупода амалга оширмоқда. Ҳоҳлаймизми-йўқми, лекин Шарқ шундай улкан салоҳиятга эга бўла туриб фан ва техника борасида Ғарбдан анча ортда қолиб кетганини ачинарли ҳақиқат сифатида тан олишимиз даркор.

Бу саволга аниқ ва шубҳасиз жавобни биламан, деб айтмоқчи эмасман, бироқ бу масалани тушуниш йўлида қилган ҳаракатларим мени айрим бир хулосаларга олиб келди. Ушбу хулосалар менинг шахсий фикрларим, шу боис улар юқори даражадаги илмийликка даъвогар эмас.   

Ҳамма гап ахборотнинг аҳоли учун очиқлигида, деб ўйлайман. Кашфиётларнинг ватани ҳисобланган мусулмон Шарқида бирон-бир илмий рисолани қайта кўчириш учун Уламолар Кенгашининг рухсати керак бўлган. Бу эса, ўз навбатида, илмий маълумотлардан жуда камчилик фойдалана олишига олиб келди.  
 
Бу орада Оврупода босма машинанинг яратилиши пули бор ҳар бир одамга китоб босиб чиқариш имконини яратди. Китоб чоп этиш оддий бизнесга айланди ва бунга деярли ҳеч нима тўсқинлик қилмади. Ахборот оммага тарқалди, бунинг натижасида билимлар ўша давр учун мисли кўрилмаган тезликда оммалашиб кетди.
 
Шу ўринда, фуқаро нимани ўқиши кераг-у, нимани эса ўқиши керакмаслигини  яхши биламан, деб ўйлайдиган ҳозирги дунёнинг айрим ҳукмдорлари ахборот эркинлиги ва унинг тарқалиш тезлигини чеклаётганида худди шу тоифага киришини айтиш жоиз. Мафкуравий ёки бошқа нуқтаи назардан келиб чиққан ҳолда интернетни чеклаб қўйиш борасидаги уринишлар – ҳеч қаерга олиб бормайдиган боши берк кўчадир. Инжил, Битлз, рок-мусиқа, жинси шимларни қандай тақиқлашганини бир эсланг.
 
Диннинг мамлакатни бошқариш воситасига айланган ҳолда мисли кўрилмаган кучга эга бўлиши ҳам минтақада фан ва технологиялар тараққиётига қўшимча тўсиқ бўлди. Шарқда ҳар бир ҳукмдорнинг уламолар орасидан танланган маслаҳатчиси, дин йўлидаги раҳнамоси бўлган ва у қандай амал “худога ёқиши”, қай бири эса “ёқмаслиги”ни ҳал қилган.  Шу ўринда ҳукмдорнинг ўз ҳокимиятини мустаҳкамловчи ҳар бир тадбири уламоларнинг ҳам кучини оширганини ёдда тутиш лозим. Шу туфайли, бўлса керак, ҳукмдорнинг деярли барча хатти-ҳаракатлари улар томонидан асосан қўллаб-қувватланган.
 
Қуръон илм-фанни ўрганишга рағбатлантираса-да, бунга амал қилинмаган ёки уни шундай талқин қилишганки, бунда у мавжуд ҳокимиятга путур етказмаслиги керак бўлган – ҳукмдорлар ва уламолар тушунмаган ҳамма нарса тақиқланган. Оқибатда илм билан боғлиқ кўп нарсалар гуноҳ деб ҳисоблана бошланган – Абу Али ибн Синонинг қандай қувғинликларга учраганини бир эсланг. 
 
Оврупода ҳам диндорлар фан тараққиётига тўсқинлик қилган: Галилео Галилей, Коперникларнинг тақдирини яхши биламиз. Лекин Оврупода бундай ҳолат, тарихий мезонлар нуқтаи назаридан қаралганда, нисбатан тез ўтиб кетди. Оврупо буржуазиясининг Шарққа қараганда давлат ва диндан мустақилроқ экани унга устунлик берди, бу эса фикр ва ғояларнинг муайян эркинлигига йўл очди. Шу тариқа, буржуазиянинг ҳукмдорлардан нисбатан эркинлиги уни тараққиётнинг двигателига айлантирди.
 
Шарқда эса бу юз бермади. Ҳаётнинг барча жабҳалари жиловланиб, мустақил фикр ва ташаббус қаттиқ тазйиқ остида қолди. Шарқда ўзимизнинг Марко Поло, Колумб, Кортес, Америго Веспуччиларимиз йўқ. Ўзимизнинг Ньютон ва Фарадейларимизни билмаймиз. Порох Хитойда кашф этилган бўлса-да, фақат Ғарбда оммавий қирғин қуролига айланди.
 
Ғарбда замбараклар ва ўқотар қуроллар пайдо бўлди ва олам олов ҳамда порохнинг кучи олдида тиз чўкди. Энди ҳатто уч карра дамашқ пўлатидан ясалган қилич ҳам, мамлуклар ҳам Ғарбнинг қудратли ўқотар қуроли олдида ҳеч нима бўлмай қолди. Буғда ишлайдиган машина саноатда инқилоб ясади. Ва ниҳоят, ички ёнув двигатели, яъни транспортдаги инқилоб. Учинчи босқич – атом бомбаси ва компьютерлар. Бу эса тўла ва сўзсиз ғалаба.
 
Ҳар бир ишга ижодий, ўзгача ёндашиш белгиланган қоидаларни ва одатий стереотипларни бузишга тайёрликни кўзда тутади, у ҳар қандай нуфузли кимсалар олдида бош эгилишини кўтармайди. Ана шундай ҳолатга хайрихоҳ бўлган Ғарб тизими бундан ютиб чиқди, холос.  
 
Шарқда ақидапарастларнинг диний босими, ҳокимиятнинг ўта марказийлаштирилганлиги, турмушда белгиланган қоидаларга амал қилиниши, шахсий фикрни ифодалаш эркинлигининг йўқлиги, катталарга сўзсиз бўйсуниш йўсинидаги тарбия, ўзгача фикрдан ҳадиксираш илм-фан, технология ва техника жиҳатдан Шарқнинг Ғарбдан ортда қолишига сабабчи бўлди.
 
Саф тортган ҳолда чапак чалиб тараққиётга эришиб бўлмайди. Бир сафда туриб фақат ўрта асрлардаги жангда ғалаба қозониш мумкин эди. Бироқ вақт ўтган сари ҳар бир инсон ўзи ўйлайдиган ва ўзи билганидай ҳаракат қиладиган, бошқаларга ўхшамайдиган кишиларга бармоғи билан кўрсатмайдиган ва оммадан ажралиб турадиганларни эзмайдиган жамиятгина ютиб чиқмоқда. Ахборот эркинлигини чеклашдан кўпроқ коррупционерлар ва турли фирибгарлар, ҳатто телевидениени ҳам тақиқлайдиган ўтакетган диний мутаассиблар наф кўради, холос. Наҳотки, тараққиётга интилаётган давлат шундай йўлдан бориши керак бўлса?
 
Агар кимдир мени ноҳақ ва стратегик жиҳатдан ортда қолишимизга бошқа сабаб ва шарт-шароитлар бор деб ҳисобласа, унда, бош устига, ўша сабабларни билиш мен учун қизиқарли бўларди.
 
Мансур Ибрагимов,
Anhor.uz учун махсус.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.