Ўзбекистонда Украина ҳақидаги фильмларни намойиш этаётган “Россотрудничество” ташкилотининг ҳаракатлари қонунийми?

Ўзбекистонда Украина ҳақидаги фильмларни намойиш этаётган “Россотрудничество” ташкилотининг ҳаракатлари қонунийми?

30 июль, чоршанба куни Тошкентдаги Россия фан ва маданият марказида журналист Андрей Карауловнинг Украинадаги сўнгги воқеалар ҳақидаги “Обыкновенный фашизм” (“Оддий фашизм”) деб номланувчи ҳужжатли фильми намойиш этилди.

Россиялик журналист ва телебошловчи, “Момент истины” дастурининг муаллифи томонидан яратилган ушбу фильм Украинадаги давлат тўнтаришининг номаълум томонлари ҳақида ҳикоя қилади.

«Тарих бугун яратилмоқда, юз бераётган воқеаларнинг ҳужжатли далиллари зарур, шу боис биз Россия элчихонаси билан ҳамкорликда маҳаллий жамоатчиликка Украинадаги воқеалар ҳақидаги ҳақиқатни етказиш мақсадида ушбу фильм намойишини ўтказдик», — дея изоҳ берди ушбу ҳолатга “Россотрудничество” ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари, РФ элчихонасининг маслаҳатчиси Валерий Кайер.

Шу ўринда, ушбу ташкилот ходимларининг бундай ҳаракатлари қай даражада қонуний, деган савол туғилади. Айни пайтда Украинада юз бераётган воқеалар ҳақида бир нечта тахминлар мавжуд, уларнинг кўпчилиги бир-бирига жуда зид. Ўзбекистон бу борадаги ўзининг расмий позициясини шу йилнинг март ойида ифодалаган эди. Унда ҳукумат фожиавий воқеалардан ўз хавотирини ҳамда мамлакат яхлитлиги ва мустақиллиги тарафдори эканини билдиради.

Ҳужжатли фильмнинг бундай ном ва изоҳ билан намойиш этилиши эса ўз фикрини ягона ҳақиқат деб кўрсатиш томонга қўйилган жиддий қадамдир. Ваҳоланки, на Тошкентдаги Украина элчихонаси, на Украина маданий маркази Ўзбекистон фуқароларининг ўзи танлаш ҳуқуқини ҳурмат қилган ҳолда ҳеч қандай сиёсий фильмларни намойиш этаётгани йўқ.  

Тарих, маданият ёки санъат ҳақидаги фильмларни намойиш этиш бошқа, сиёсий воқеаларни “керакли” ракурсда кўрсатувчи ёрқин ифодаланган экспрессив бўёқларга эга ҳужжатли фильмни намойиш этиш эса мутлақо бошқа гап. Тошкентдаги Украина маданий маркази ўз мамлакатидаги воқеаларни “Мана сизга ҳақиқат” изоҳи билан ўзи манфаатдор бўлган ракурсда олиб берганида ҳам, ушбу ҳаракатларнинг қонунийлиги худди шундай шубҳа туғдирган бўларди. Умуман олганда эса, ўзининг сиёсий ғояларини тарғиб қиладиган картиналарни намойиш этувчи ҳар қандай хориж ваколатхонасининг фаолияти, айниқса сўз шу мамлакатнинг ўзи ҳақида бормаганида, ноқонуний ҳаракат сифатида баҳоланади.   

Ҳолбуки, Ўзбекистонда хориж фильмини намойиш этиш учун “Ўзбеккино” миллий агентлиги ҳузуридаги бадиий кенгашнинг эксперт-баҳолаш комиссияси қарори олиниши керак эди. Ушбу фильм комиссиянинг тасдиғидан ўтгани номаълум.

Таҳририятнинг фикри муаллифнинг фикрига тўғри келмаслиги мумкин.

Жавлон Хасанов,
Anhor.uz учун махсус. 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.