Ўзбекистон Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг қатор депутатлар капитални амнистия қилиш тартибини қонунчилик даражасида мустаҳкамлаш ташаббуси билан чиқди. Бир қарашда – бу унчалик аҳамиятли эмасдай, чунки қўшни мамлакатлар ҳам ташқи томондан шунга ўхшаш тадбирларни ўтказган, ҳолбуки уларнинг ҳеч бири ҳозирга қадар бирор-бир ижобий натижа ҳақида эълон қилгани йўқ.
 
Бироқ ўзбекистонлик депутатлар “ўз йўли”дан боришмоқда. Парламент аъзоларининг Марказий банкнинг тўлов баланси, халқаро инвестицион ҳолат ва Ўзбекистоннинг ташқи қарзи ҳақидаги маълумотларига таянган ҳолда таъкидлашича, юридик шахслар ва аҳоли депозитларининг қолдиғи охирги уч йил ичида 11,5 млрд долларни ташкил қилган. “Бу пул ўтказмалари бўйича олинган маблағлар, уларнинг асосий қисми аҳолида сақланади ёки яширин иқтисодиётда қўлланади”, - дейишмоқда парламент аъзолари.  

Шу ерда ушбу қатъий, бироқ асоссиз фикр билан боғлиқ бир нечта савол туғилади:

·         Депутатларга нимага асосланиб, аҳолининг банкларда сақланаётган пуллари яширин иқтисодиётда қўлланади деб таъкидлашмоқда? Бу ким томонидан ва қандай қилиб исботланган?
·         Нега юртдошларимиз томонидан расмий канллар орқали юборилган ва барча турдаги банк амалиётларини бажаришга Марказий банкнинг лицензияси бўлган тижорат банкларида сақланаётган пуллар тўсатдан яширин иқтисодиёт иштирокчиларига айланди?
·         Нега пулларни банкларда сақлаш факти энди уларнинг яширин иқтисодиётда фйойдаланилишига исбот сифатида қаралмоқда?
·         Аҳолининг маблағларига бундай баҳо бериш ва уларга нисбатан капитал амнистияси чораларини қўллаш банкларга ва, умуман, ҳукуматга бўлган ишончга путур етказмайдими? Энди омонатчилар банкдаги ҳисобларидан барча маблағларини ечиб олиб, уларни бошқа ишончлироқ жойда сақлашга уринмайдими?

Менга, иқтисодчи сифатида,  ҳам бу пулларни жўнатган, ҳам ўз маблағларини банк депозитларида сақлаётган одамларнинг ишончи даромадларни легаллаштиришнинг энг муҳим шарти ҳисобланиши яққол кўриниб турибди. Нега депутатларимиз айбсизлик презумпцияси ҳақида унутган ҳолда тескари ўйлашмоқда? 

Ўзбекистон фуқароси сифатида шуни айтаманки: агар депутатлар ҳақиқатдан ҳам пул ўтказмалари жараёнида олинган ва банкларда сақланаётган аҳолининг маблағлари яширин иқтисодиёт двигатели ҳисобланади деб ўйлашса, унда биз Парламент сайловларини муддатидан олдин ўтказиш ҳақида ўйлашимиз керак экан, чунки сабаб-оқибат алоқалари, МБ томонидан чоп этиладиган ҳисоботларнинг моҳияти борасида бундай тушунчага эга депутатларнинг билимлилик савияси бизда шубҳа туғдирмоқда.

Депутатларнинг эътиборини қуйидагиларга қаратишни истардим: ўзбекистонликлар томонидан жўнатилаётган ва Ўзбекистон тижорат банкларида сақланаётган маблағлар, мижозларнинг ҳисобрақамларида пайдо бўлган сониядан бошлаб мамлакат халқ хўжалигига хизмат қилади. Айнан улар банкларнинг давлат томонидан эмиссия қилинган қимматли қоғозларига инвестициялари манбаи кўринишида банклар томонидан бериладиган кредитлар манбаи ҳисобланади. Бундан ташқари, бу маблағлар – банк томонидан ўзининг мижозлари олдидаги мажбуриятларини бажариш манбаи ҳам ҳисобланади, чунки тижорат банки пулларни ўзи босиб чиқармайди, балки сиз билан бизнинг пулларимизни, бозор фоизи деб номланувчи оқилона мукофот эвазига бир субъектнинг вақтинчалик бўш пулларидан иккинчи субъектнинг эҳтиёжлари учун фойдаланган ҳолда, сақлайди.

Ўзининг қонуний пулларидан фақат муайян эҳтиёжлар учунгина фойдаланишга давлат органларининг махсус рухсатини олиши керак бўлган  аҳоли ўз маблағларининг  “амнистия” қилиниши мумкинлигидан қўрқиб, ўзини қандай тутишини фақат тасаввур қилиш мумкин, холос. Генетик хотирасида пул ислоҳотлари билан боғлиқ тажриба сақланиб қолган одамлар дарҳол банклардан ўз маблағлариин ечиб олади, уларни айирбошланадиган валютага конвертация қилади ва депутатларнинг кўзларидан узоқроққа яшириб қўяди.

Депутатларнинг “капитални амнистия қилиш” ташаббуси Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси томонидан сиёсий партиялар фракциялари билан ҳамкорликда ташкил қилинган давра суҳбати давомида юзага келди. Худди шу тадбирда мамлакатда фуқароларнинг даромадларини мажбурий декларация қилиш тизимини жорий этиш ҳақида ҳам сўз борди. Депутатлар Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг даромадларини мажбурий декларациялаш тизими 2019 йилда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси “Солиқ кодекси”нинг 393-401 (57-Боб) моддаларида кўзда тутилганини унутган кўринади.

Бу моддаларда даромадлари декларация қилинадиган субъектлар, декларациялаш тартиби, қоидалардан истиснолар ва бошқа муҳим жиҳатлар батафсил тавсифланган. Фуқароларнинг даромадларини яна қандай декларациялаш ҳақида сўз бораётгани тушунарсиз. Ёки энди депутатлар олдин қабул қилинган қонунлар ижроси йўлида янги қонунларни қабул қилишяптими?

Юқорида тилга олинган ташаббусларнинг бирортасида ҳам барча даражадаги депутатлар, судьялар, прокурорлар, сенаторлар, вазирликлар ва идоралар ходимлари ва ҳоказоларнинг даромадларини декларациялаш зарурати ҳақида сўз бормаслиги, кишининг эътиборини тортади. Тез орада Марказий банк раиси молия вазири билан биргаликда депутатларнинг ушбу ташаббуслари ҳукумат билан мувофиқлаштирилмаганини, аҳолининг банклардаги омонатларига ҳеч ким, ҳеч қандай ҳолатда тегмаслигини халққа тушунтиришига умид қилиб қоламан.

Инглизларнинг мазкур вазиятга жуда мос тушадиган ажойиб бир матали бор – «Don’t trouble troubles before trouble troubles you». Ўзбек тилида ҳам маъноси шунга ўхшаб кетадиган ибора мавжуд – «Қичимаган жойингни қашима».
 
Абдулла Абдуқодиров, иқтисодчи,
Anhor.uz эксперти