«Темирни қизиғида бос»: Ўзбекистон қандай қилиб Россиянинг “ҳимоя чоралари”дан ютиб чиқиши мумкин?

«Темирни қизиғида бос»: Ўзбекистон қандай қилиб Россиянинг “ҳимоя чоралари”дан ютиб чиқиши мумкин?

АҚШ, ЕИ мамлакатлари, Канада, Австралия ва Норвегияда ишлаб чиқарилган қишлоқ хўжалик маҳсулотлари, хомашё ва озиқ-овқат маҳсулотларини Россияга олиб кириш бир йил муддатга тақиқланди, дейилади Россия ҳукуматининг сайтида чоп этилган ҳужжатда.

Чекловлар қуйидагиларни қамраб олди: йирик шохли чорва гўшти (янги сўйилган, совутилган, музлатилган), уй паррандасининг гўшти ва субмаҳсулотлари, тузланган гўшт, тузламадаги гўшт, қуритилган ёки дудланган гўшт, сут ва сут маҳсулотлари, сабзавотлар, истеъмол қилинадиган илдизмевалар, мевалар ва ёнғоқлар, колбасалар (ва шунга ўхшаш гўшт маҳсулотлари, гўштли субмаҳсулотлар), уларнинг асосида тайёрланган тайёр озиқ-овқат маҳсулотлари.

Бундан ташқари, Россия ўсимлик ёғлари асосида тайёрланган пишлоқ ва творог, ўсимликлар ёғи асосида тайёрланган таркибида сут бўлган маҳсулотлар олиб кирилишини чеклади.

Шундай қилиб, ЕИ ва АҚШ Россияга қарши санкцияларни жорий этди, бунга жавобан Россия эса ўзига қарши санкцияларни жорий этган мамлакатлардан озиқ-овқат маҳсулотлари импортини тақиқлади. Хўш, Ўзбекистон-чи?

Баҳор пайтида айтиб ўтилганидай, Ўзбекистон қатъий бетарафлик позициясини эгаллаган. Хусусан, бу БМТда Қрим масаласи бўйича овоз берилганида, Ўзбекистоннинг Украинадаги воқеаларга доир позицияси эълон қилинганида намоён бўлди.

Мамлакатимиз ҳақиқатан ҳам ўз йўлидан кетмоқда. Буни Ўзбекистон ўз ҳудудида хорижий ҳарбий базаларни жойлаштиришни тақиқлаган кам сонли мамлакатлардан бири эканлигида ҳамда ўз аскарларини чет элдаги ҳарбий ҳаракатларда қатнашиш учун жўнатмаётганида ҳам кўриш мумкин. Шунингдек Ўзбекистон ҳарбий блокларга аъзо эмас, у 1991 йилдаёқ дунёнинг барча мамлакатлари билан икки томонлама муносабатларни ривожлантириш курсини олган.

Хўш, муддао нима дерсиз? Муддао шундан иборатки, АҚШ Россияга қарши санкциялар жорий этиб, Россия ҳам АҚШга худди шундай жавоб қайтарганида, Ўзбекистон қатъий бетарафлик томонида туради ва, демак, у бундан ютиб чиқиши ҳам мумкин.

Россия Федерал божхона хизматининг 2013 йил учун маълумотларига кўра, ЕИга гўшт импортининг 37%, балиқ ва моллюскалар импортининг 13%, ҳайвон маҳсулотлари импортининг (сут, тухум, асал) 33%, сабзавотлар импортининг 30%, мевалар импортининг 24%, гўшт ва балиқдан тайёр маҳсулотлар импортининг 39%, ичимликлар импортининг 25% тўғри келар экан. Америка ишлаб чиқарувчиларининг позицияси эса ёғ-мой, уруғ ва мевалар (18%) ҳамда гўшт (12%) тоифаларида кучли.

Қуюлтирилмаган сут ва қаймоқ ҳамда сут-қатиқ маҳсулотларининг асосий ҳажмини Россия Финляндиядан (40% дан ортиқ) сотиб олади, қуюлтирилган ва қуруқ сут ва қаймоқ ҳажмининг деярли 70%ни Аргентина, Франция, Украина, Польша ва Уругвайдан етказиб бериладиган маҳсулотлар ташкил этади, сут зардоби асосан Украинадан келади (35%), сарёғ – Янги Зеландия (25%), Финляндия (17%) ва Уругвайдан (16%) боради, пишлоқ ва творог импортининг 70% га яқини Нидерландия, Украина, Германия, Финляндия ва Литвадан етказилади.  

Агар аввалги импортчиларнинг аксарияти учун йўл ёпиқ бўлса, бу маҳсулотларнинг ҳаммасини Россияга ким етказиб беради? Ўзбекистон 2016 йилга келиб Россияга мева ва сабзавотлар экспортини сезиларли даражада оширмоқчи бўлаётганини эсга олсак, унда жавоб ўз-ўзидан равшан деб ўйлайман.

Ҳа, Медведевнинг сўзларига кўра, ушбу чоралар “дўкон пештахталарини россиялик ишлаб чиқарувчилар учун тозалаб беради”, улар импорт ўрнини босиш муаммосини ҳал этишга қаратилган, бироқ кўпгина “тирқишлар” барибир тўлмасдан қолади. Ана шунда саҳнага Ўзбекистон чиқиши мумкин. Бу ерда 2014 йилнинг фақат биринчи ярмидагина қишлоқ хўжалик маҳсулотларини ишлаб чиқаришнинг ўсиши 6,9%ни ташкил этди. 

Худди шу давр якунлари бўйича сабзавот ишлаб чиқариш ҳажми сезиларли даражада ошиб  2,4 млн тоннани (2013 йилнинг худди шу даврига нисбатан 110 фоиз), картошка – 1,2 млн тоннани (111,3 фоиз), полиз экинлари – 150,7 минг тоннани (111,1 фоиз), мева – 782,4 минг тоннани (110,1 фоиз), узум – 22,2 минг тоннани (112 фоиз) ташкил этди.

Шунингдек, Ўзбекистонда саноат ишлаб чиқаришининг ўсиши ҳам жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида 2013 йилнинг худди шу даври билан солиштирганда 8,1%ни ташкил этди, бу бутун МДҲ мамлакатлари (Россия ҳам шу жумладан) орасидаги энг яхши кўрсаткичга айланди.

Ўзбекистон ишлаб чиқаришни оширган ва шунга мос равишда қўшни мамлакатга экспорт ҳажмини кўпайтирган ҳолда Россия ва бошқа мамлакатлар орасидаги икки томонлама санкциялардан фойда кўриши мумкин. Бу билан у ўзи учун маҳсулотларнинг янги бозорини ва чет эл валютаси оқимини очади. Албатта, буларнинг барчаси бизга, яъни Ўзбекистон аҳолисига зарар етказмаслиги керак. Автомобиль соҳасини бир эсланг. Ҳар қандай ҳолатда ҳам “темирни қизиғида бос” мақоли ҳозир айни муддао.

P.s. Шунга ўхшаш битта мисол ҳозир мавжуд – агар Россия Украина авиалиниялари учун ўз ҳаво йўлларини тўлиқ ёпса, бундан “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК ютади.

Жавлон Хасанов,
Anhor.uz учун махсус.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.