Нега сифатсиз хизмат учун кўп тўлашимиз керак?

Нега сифатсиз хизмат учун кўп тўлашимиз керак?

Ўзбекистонда кўп хонадонли уйларни иссиқлик билан таъминлаш хизматларини кўрсатишнинг янги қоидалари тасдиқланди. Шунингдек сув олинадиган жойдаги иссиқ сув ҳароратининг таажжуб ва саволлар туғдираётган янги стандартлари ҳам тасдиқланди. 

Шундай қилиб, янги қоидаларга кўра иссиқлик таъминотининг истеъмолчилик хусусиятлари ва хизматни кўрсатиш режими қуйидаги меъёрларга тўғри келиши керак:

1995 йилдан кейин қурилган уйлар учун иситиш даврида тураржойлардаги ҳаво ҳарорати камида 20°С ни, 1995 йилгача қурилган уйларда эса, агар хоналарни иссиқ қилиш бўйича чоралар (деразалар тирқишлари, балкон ва кириш эшикларини зичлаш, иситиш лежакларини изоляциялаш) кўрилган бўлса, камида 18°С ни ташкил этиши зарур.

Марказлаштирилган иссиқ сув таъминоти тизимларини назорат қилиш санитария қоидаларига мувофиқ сув олинадиган жойларда иссиқ сув ҳарорати 50-75°С атрофида бўлиши лозим.

Бунда сувнинг эпидемик хавфсизлиги, унинг қулай органолептик хусусиятлари, сувнинг инсон организмига зарарли таъсирининг олдини олиш бўйича санитария назорат қоидалари талабларининг бажарилиши таъминланиши зарур.

Янги қоидаларга кўра, иситиш даври 5 кунлик давр якунланган кундан кейинги кундан бошланади, ушбу давр давомида ўртача суткалик ташқи ҳаво ҳарорати 8°С дан паст бўлмаслиги ва 8°С дан юқори ҳароратда якунланиши керак.

Ҳаммадан ҳам иссиқ сувнинг рухсат этилган ҳароратидаги фарқлар кишини таажжубга солади: Цельсий бўйича 50 дан 75 даражагача – орадаги фарқ 25 даража ёки қарийб 33%. Ғалати ёндашув. Масалан, Россия қонунчилиги меъёрдан  ҳар 3 даража четга чиққанлик учун (бу ерда меъёр Цельсий бўйича 60 дан 75 даражагача белгиланган) ушбу хизмат тури бўйича тўлов миқдори ҳар бир соатга 0.1 фоизга камайишини кўзда тутади. Яъни истеъмолчиларнинг манфаатлари инобатга олинган.   

Бу адолатли ёндашув. Масалан, иссиқ сув ҳарорати 75 даражани ташкил этади, дейлик. Душ қабул қилиш ёки идиш ювиш учун совуқ сув кранини ва бироз иссиқ сув кранини бурашнинг ўзи кифоя ва фойдаланиш учун ўзингизга қулай бўлган сув ҳароратига эга бўласиз, яъни крандан чиқаётган сув истеъмолчига мақбул ҳароратда бўлиши учун бироз миқдорда иссиқ сув бўлишининг ўзи етарли.

Иссиқ сувнинг бошланғич ҳарорати пасайиши билан совуқ сув кранини камроқ очиш ва кўпроқ иссиқ сувни бурашга тўғри келади. Энди крандан керакли ҳароратдаги сувни олиш учун иссиқ сув кранини кўпроқ бураш зарур бўлади. Демак, сув ҳажмини ҳисобловчи ғилдиракча, иссиқ сув тўловини оширган ҳолда, сония сайин тезроқ айлана бошлайди.   

Цельсий бўйича уйга 20 даража иссиқлик берилиши ваъда қилинаётган хизмат учун сиз хонадон ҳажмидан келиб чиққан ҳолда тўлашингиз керак бўлади. Бу ҳажм, албатта, ўзгармайди. Биз эса дераза ортида минус 10 даража ҳукм сураётган бир пайтда иссиқлиги 50 даража бўлган сув билан уйимизнинг ичи қандай қилиб плюс 20 даражагача исишини кутишимиз қолади, холос.

Иссиқ сув таъминоти учун эса ҳисоблагич бўйича тўланади. Сув олиш жойидаги ҳарорат қанчалик паст бўлса, крандан келадиган иссиқ сув ҳарорати ҳам шунчалик паст бўлади, демак, уни шунча кўп очиш ва пулни кўпроқ тўлаш керак бўлади! Иссиқ сув ва совуқ сув қийматидаги фарқ эса бир неча бараварни ташкил этишини ҳаммамиз яхши биламиз.   

Бизнинг коммуналчиларимиз шундоқ ҳам ёз мавсумида сув ҳароратини пасайтирган  ва уни совуқ сув билан деярли тенг миқдорда сарфлашга мажбур этган ҳолда истеъмолчилардан яхшигина пул ишлаб олади. Бироқ ёзда бу унчалик сезилмайди, чунки ҳаво иссиқ бўлади.

Куз, қиш мавсумидан бошлаб, кейинги ёзгача харажатларимиз сезиларли даражада ошади, чунки 25 даража фарқ – бу юқори кўрсатилганидай, 33% дегани. Хўш, агар сув олиш жойида ҳарорат 75 даража ўрнига 50 даражани ташкил этса, коммуналчилар нархни ҳам 33% га камайтирадими? Сув узоқроқда жойлашган хонадонларга етиб боргунига қадар унинг ҳарорати 5-10 даражагача пасайишини ҳам эътиборга олиш зарур.

Кўп хонадонли уйда истиқомат қилувчи фуқаро сув ҳарорати 50 даражадан паст бўлган пайтда, сув ҳарорати 75 даража пайтидагига қараганда, уни 25-30% гача кўп сарфлайди, нарх эса – бир хил, ўзгармайди.

Айтгандай, Россияда, агар иссиқ сув ҳарорати Цельсий бўйича 40 даражадан юқори бўлмаса, тўлов совуқ сувнинг нархида амалга оширилади, чунки хизмат кўрсатилмаган ҳисобланади.

Сув ҳароратидаги фарқ 33% дан кўп бўлиб турган бир пайтда қандай қилиб ва нимага асосланган ҳолда бизга санитария меъёрлари белгилангани номаълум. 25 даража миқдоридаги фарқ турли манипуляциялар учун кенг имкониятларни яратади, ахир биз сифати паст хизмат учун худди тегишли сифатга эга хизматларга тўлагандай тўлаймиз-да.

Агар иссиқ сувни сув олиш жойигача етказиш стандарти Цельсий бўйича 60-75 даражани ташкил этиб, иссиқ сув учун тўлов сув олиш жойидаги реал ҳароратга боғлиқ бўлганида, бу шубҳасиз адолатли бўларди. Масалан, 75 даражагача иситилган сув учун тарифнинг 100 фоизи, 5 даражагача паст, яъни 70 даражали сув учун тарифнинг 90% тўланади. Агар сув олиш жойидаги ҳарорат 40 даражадан паст бўлса, унда хизмат кўрсатилмаган деб ҳисоблаш керак.

Хизмат учун адолатли тўловга эга бўлиш билан боғлиқ масалалар шаффоф бўлиши учун сув оладиган жойдаги ҳарорат назоратини УЖМШ, ҳокимиятлар, истеъмолчилар жамияти каби ташкилотларнинг вакиллари амалга ошириши мумкин. Айниқса, давлат ҳокимияти органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида яқинда қабул қилинган қонун ва фуқароларнинг жамият ҳаётида фаол иштироки ҳақидаги давлат раҳбарининг чақириқлари инобатга олинадиган бўлса, бу ҳар қандай нуқтаи назардан тўғри бўларди.

Ҳозир эса Вазирлар Маҳкамаси томонидан иссиқ сув учун белгиланган ҳарорат стандартлари уй-жой коммунал хўжаликларининг, у орқали эса, эҳтимол, давлат бюджетини яхшилашга қартилган айёрона қадамдай туюлмоқда.   

Шундай қилиб, бизнинг манфаатларимиз борасида куйиб-пишаётганлар, яъни сенатор ва депутатларга савол туғилади – депутатлик назорати қаерда қолди, сизларни сайлаган ва бу масалалар борасида жиддий ташвишланаётган аҳолининг ижтимоий кайфияти борасида ғамхўрлик қани? Сайловлар арафасида депутатлар ва сенаторлар сайловчилар учун муҳим бўлган ушбу муаммоларни ҳал этишига умид қилиб қоламиз. Бу сайловчиларга жуда ёққан бўларди…

Ёзда бизда Африкадаги каби жазирама иссиқ, қишда эса Москва вилоятидагидан ҳам совуқроқ…
 
Румия Анварова
Anhor.uz учун махсус

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.