Ҳақиқий барқарорлик ҳақида ёки “юқори”дан бериладиган кўрсатмаларсиз фуқаролик жамияти

Ҳақиқий барқарорлик ҳақида ёки “юқори”дан бериладиган кўрсатмаларсиз фуқаролик жамияти

Биз барқарорлик тўғрисида, унинг муҳимлиги, айнан барқарорлик ривожланиш ва тараққиёт гарови экани ҳақида тез-тез гапирамиз. Шубҳасиз, агар жамиятда барқарорлик бўлмаса, ривожланиш ҳам бўлмайди.

Бироқ ҳақиқий барқарорлик – бу ҳар доим турли ижтимоий манфаатларнинг турғун мувозанати натижаси бўлган. У эса ушбу мувозанатни ушлаб туришга қодир бўлган фақат ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамияти институтлари мавжуд бўлганидагина бўлиши мумкин.

Фуқаролик жамияти ўзини-ўзи тартибга сола олиши, камчиликларни аниқлаб, уларни дарҳол демократик йўл билан, аниқроғи, куч ишлатмаган ҳолда тузата оладиган механизмларга эга бўлиши ёки уларни яратиши лозим.  

Масалан, агар мактаб ҳаётда зарур бўладиган билимлар даражасини бермаса, унда тизим буни кўра олиши ҳамда мактаб битирувчилари жамиятда яшаш учун етарлича билимга эга бўлишлари учун молиявий, ҳуқуқий ва ижтимоий таъсир чораларини ишлаб чиқиши ва жорий этиши керак.

Фуқаролик жамияти тизимини, биринчи навбатда, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари ва нотижорат ташкилотлар ташкил этади. Ўзбекистонда фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари алоҳида тузилмага ажралиб чиққан бўлиб, маҳалла қўмиталари сифатида шакллантирилган. Мана шу ерда шуни қайд этиш жоизки, ҳамма жойда маҳалла қўмиталари мавжудлигига қарамасдан уларнинг фуқаролар манфаатлари йўлидаги фаолиятининг самарадорлиги унчалик яхши эмас.  

Силлиқ ва чиройли таърифланган назариядан фарқли ўлароқ амалда маҳалла қўмиталари аҳолининг манфаатларини  давлат тузилмалари олдида жуда камдан-кам ҳолатларда ифодалайди ва ҳимоя қилади. Аксинча, маҳалла қўмитасининг раиси туман ҳокимининг розилиги бўлган тақдирдагина шу лавозимга сайланади. Бошқачаси бўлиши ҳам мумкин эмас.

Маҳалла қўмитаси давлат ҳокимияти органларида мавжуд бўлган бошқарув усулини ўзлаштириб олган. Умуман олганда, қўмитанинг ўзи ҳам, унинг аъзолари ҳам унчалик катта аҳамиятга эга эмас, боз устига бирор арзирли ишниям бажаришга қобилияти йўқ. Маҳаллада асосий қаҳрамон – оқсоқол.

У аҳолининг фикри ва саволларини давлат органлари, ҳокимият олдида ифодалаш ўрнига асосан ана шу ҳокимиятнинг кўрсатмаларини бажариш билан шуғулланади.

Хуллас, маҳалла қўмиталари ғояга кўра айланиши керак бўлган тўлақонли ижтимоий органга айлана олмади. Аксинча, оқсоқол “маҳалланинг ҳокимиятдаги одами” бўлиш ўрнига “ҳокимиятнинг маҳалладаги одами”га айланди. Айнан мана шу фуқаролик жамиятининг элементи сифатида асосий муаммо бўлиб турибди.

Бугун давлат ҳокимияти органларининг кўрсатмаларини аҳолига етказиш, уларнинг бажарилишини назорат қилиш маҳалланинг асосий вазифасига айланган.
Анъанага кўра меҳнат жамоаларининг, ҳар бир ишчи-ходимнинг  ҳуқуқ ва манфаатларини ташкилотлар раҳбарлари ва давлат тузилмалари олдида ҳимоя қилувчи касаба уюшмалари ҳам фуқаролик жамиятининг бошқа бир муҳим институтига айланиши керак эди.

Бироқ уларнинг амалдаги фаолияти театрларга чипта тарқатиш, ишчи-ходимларнинг фарзандлари учун бассейнларга абонемент бериш ва камдан-кам ҳолларда санаторийларга йўлланма тақдим этиш билан чекланиб қолди. “Бепул йўлланмалар сони шу даражада камки, ходим уни юз йилда бир марта олиши мумкин”, – дейди Тошкент илмий-тадқиқот институтларидан биридаги касаба уюшмасининг раиси. Бунинг устига касаба уюшмалари шанбалик ўтказиш керак бўлганида ёки макулатура топшириш бўйича режани таъминлаш зарур бўлганида мунтазам равишда жойларда сафарбар қилувчи куч ролида ҳам чиқмоқда.
 
Нодавлат нотижорат ташкилотлари-чи (ННТ)? Ўзбекистонда уларнинг сони ошганига қарамасдан, ҳозирча улар давлатда юз бераётган жараёнларга конструктив жиҳатдан таъсир қилишга, жамият ва давлат орасидаги боғлаб турувчи бўғин бўлишга қодир кучга айланганича йўқ.

Бугунги кунда фаолият кўрсатаётган ННТ давлат бюджети ва бюджет атрофидаги ташкилотлардан дотация олувчи ва шунга мос равишда давлат буюртмасини бажарувчи  ёки амалда “ўлик жонлар” ҳисобланувчи, яъни ҳисоботда бор, бироқ аслида ҳеч нима қилмайдиган тузилмалардан иборат.

Мураккаб вазият, тўғрими? Бир томондан, давлат ННТларни ривожлантирмоқчи, бошқа томондан, фуқароларнинг уларга бўлган қизиқиши йўқолиб боряпти.
Албатта, фуқаролик жамияти ўзини қачон намоён этишини ва фаоллашишини кутишдан ҳеч қандай маъни йўқ. Бунинг устига фуқаролик жамиятини шунчаки, “тепадан” берилган кўрсатма билан яратиш мумкин, деб ўйлаш хато бўларди. Ахир, фуқаролик жамияти – бу саботли, ташаббускор, масъулиятли ва лоқайд бўлмаган инсонлар ҳамжамияти эмасми? Ҳар доим қонунга итоат қилувчи ва ҳокимият тепасидагилардан ҳам шуни талаб қилувчи одамлармасми?

Нафақат қонунларни чиқариш, балки ҳуқуқларни қўллаш амалиётида ҳам айрим нарсаларни ўзгартирувчи чоралар тизими ҳақида ўйлаб кўрадиган вақт келган бўлса, ажабмас. Балки ННТлар жамиятга кўрсатиладиган хизматлар бўлишидан ташқари, ўқитувчилар, шифокорлар, спортчилар, муҳандислардан иборат фаол кишилар учун қўшимча иш ўринлари ҳам эканини англаб етиш керакдир.

Бу ўзини намоён этишни хоҳлаётган, аммо ҳозирча эскирган қандайдир бир ташкилий, ҳуқуқий тартиблар туфайли ўзига йўл топа олмаётган кучлар ва маблағларнинг фаол жараёнига жалб этилиш демакдир.  

Келинг, бу ҳақда биргаликда ўйлаб кўриб, ечимини топайлик…
 
Тимур Абидов,

Anhor.uz учун махсус 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.