Тошкент аэропорти. Токайгача?
Тошкент аэропорти мамлакатдаги ва Марказий Осиёдаги энг йирик аэропорт бўлиб, узоқ тарихга эга. Бир пайтлар “Шарқ дарвозаси” номини олган аэропортнинг донғи аллақачон минтақадан ташқарида ҳам овоза бўлган. Бироқ машҳурлик беқарор нарса, баъзида у яхшини ҳам ёмон отли қилиши мумкин.
Осиёнинг марказида қулай жойлашган ва ИКАО (халқаро фуқаролик авиацияси ташкилоти) томонидан сертификатланган ушбу аэропорт кўплаб авиакомпанияларнинг транзит йўналишлари учун энг қулай майдончага айланиши мумкин эди. Афсуски, энди уларнинг сони қисқармоқда, чунки улар муқобил йўналишларни танлаяпти.
Маълумки, “Тошкент” аэропорти жаҳон андозаларига мос бўлиш учун мунтазам равишда ускуналарини модернизация қилади. Бугунги кунда марказий терминалнинг ўтказиш қобилияти соатига қарийб 1000 кишини, “Тошкент-3” янги маҳаллий йўналишлар аэровокзалида эса соатига 400 кишини ташкил этмоқда.
Бироқ, одатдагидай, аэропортдаги ҳақиқий аҳвол ғалаба ҳайқириқларига тўғри келмаяпти.
Аэропортга жаҳон андозаларига мос келувчи техник ва технологик элементлар тизими сифатида эътироз йўқ. Аммо ишларни, масалан, юк бўлимининг багажни юклаш ва тушириш каби фаолиятини, паспорт бўлими ва, айниқса, божхона хизматларининг ишини ташкил этиш, юмшоқ қилиб айтганда, кўнгилдагидай эмас.
Божхона кўригидан ўтиш учун биздаги каби бундай навбатлар, будай жараён ва кўрикдан ўтказиш процедураси ҳеч қаерда йўқ. Мамлакатимизга ташриф буюрувчи меҳмонларда навбатни узоқ кутиш, баъзида божхоначиларнинг боадабликдан йироқ бўлган муомаласидан ёқимсиз таассурот қолмаслиги учун паспорт ва божхона текширувлари ўтказиладиган жойлар сонини икки бараварга, керак бўлса, беш бараварга кўпайтиришга нима халақит бераётгани тушунарсиз. Тошкент аэропорти умумжаҳон “тренд”ига амал қилиб, йўловчилар учун, биринчи навбатда, юки кам бўлган йўловчиларга “яшил коридорлар”ни очса нур устига аъло нур бўларди, бу йўловчилар оқимининг логистикасини ҳам анчагина яхшиларди.
Ҳукумат мунтазам равишда турли чора-тадбирлар орқали мамлакатнинг инвестиция иқлими ва имижини яхшилашга ҳаракат қилмоқда. Бироқ аэропортдаги чалкашлик, маданиятсизлик, узун навбатлар ушбу саъй-ҳаракатларни йўққа чиқаряпти.
Буларнинг ҳаммаси, шу жумладан, багаж учун аравачаларнинг етишмаслиги, машиналар турадиган жойда қолдирилган аравачаларни йиғиши ва уларни учиб келаётган ва кетаётган йўловчилар учун қулай жойга олиб келиши керак бўлган ёмон ташкил этилган хизмат билан биргаликда салбий таассуротни кучайтиради, холос. Сиз учун 10-15 минг сўмга аравача топиб беришни таклиф этувчи устомон фирибгарлар, уларнинг юкингизни таксигача олиб боришни таклиф қилиб ёпишиб олишлари ғазабингизни қўзғатадиган сўнгги қатрага айланади.
Биз икки қўлимиз билан хавфсизлик тарафдоримиз, ҳаво йўллари орқали мамлакатимизга қурол-яроғ, гиёҳванд моддалар ва бошқа хавфли контрабанда кириб келишига қаршимиз. Аммо, агар аэропортимиз жаҳон андозаларига мос келади, деб баралла айтмоқчи бўлсак, унда бу ердаги чегара ва божхона хизмати, багаж департаменти ва бошқа ҳамма хизматларнинг фаолияти ҳам хизмат кўрсатишнинг халқаро сифат андозаларига мос келишини истардик. Аэропортни Анталья, Қоҳира, Франкфурт-Майна, Лондон, Москвадаги каби 20-30 дақиқа ичида яхши кайфиятда тарк этишни хоҳлардик. Менинг фикримча, аэропортимиз янада яхшироқ фаолият кўрсатиши учун Ўзбекистонда ҳамма шароитлар мавжуд.
Румия Анварова,
Anhor.uz учун махсус
Шарҳлар