Ҳовлима-ҳовли юрадиган участка милиционери паспорт ва бошқа ҳужжатларни сўраши айримларимизнинг ғашимизни келтиради. 

Аммо баъзида бундай текширувлар, хусусан паспортларни уй дафтарлари билан солиштириш формал тарзда амалга оширилади. Биз шартли равишда Эргашевлар деб номлаган оилада ҳам кўп йиллар давомидаги текширувлар айнан шу тарзда олиб борилди. 1991 йилнинг илиқ куз кунларида бу оилада туғилганидан сўнг етти кунлик пайтида Тожикистондан Тошкентга онасининг қариндошлариникига олиб келинган Наргиза исмли қизалоқ яшай бошлади.

Ҳаммаси  жуда яхши эди. Вақти келиб, қизча ўз тенгдошлари каби биринчи синфга борди. Мактабда аъло баҳоларга ўқиди, у фан олимпиадалари ва танловларида қўлга киритган, спорт ва мусиқа бўйича эришган ютуқлари учун тақдирланган дипломлар, фахрий ёрлиқлар, сертификатлар доим уйнинг тўрида турарди. Бир сўз билан айтганда, улғаяётган иқтидорли ва кўркам қиз олдида ажойиб келажак очилаётганди. Бирор нохуш ҳолат юзага келиши мумкинлиги хаёлга ҳам келмасди, бироқ кунларнинг бирида кутилмаган воқеа содир бўлди.

2007 йил баҳорида, қизалоқ 9-синфни тугаллаётганида, барча ўқувчилардан туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаларини ва уларнинг нусхаларини олиб келишларини сўрашди. Албатта, Эргашевларнинг уйида ўша куннинг ўзидаёқ ҳужжатни излаб қолишди. Онаси саросимада ҳамма ҳужжатларни бирма-бир кўздан кечириб чиқди – йўқ. Унинг опаси, яъни Наргизанинг холаси 1992 йили Россияда яхшигина ўрнашиб олган курсдошларининг ортидан кетган қизчанинг отасига қўнғироқ қила бошлади. 45 ёшли ота, омади чопган бизнесменнинг жавоби мужмал бўлди:  - Мен сизлар учун пул ишлаяпман! Арзимаган ишларга чалғишга вақтим йўқ, - дея гапни чўрт кесди ота. Иккала аёл ҳам, ўн олти яшар қиз ҳам буёғига нима қилишни билмасди.

Наргизанинг ота-онасини мактабга бир неча бор чақиртириб, уйига юборилган кичкина мактублар орқали ҳам ҳеч қандай натижага эришолмаган синф раҳбари ахийри ўзи Эргашевларнинг уйига келишга мажбур бўлди. Севимли ўқувчисининг қариндошлари билан гаплашганидан кейин мактабнинг фахри бўлган аълочи қиз туғилганидан буён ҳеч қандай ҳужжатга эга бўлмаганини англаб етди.

Нафақат педагогик, балки ҳаётий тажрибага эга бўлган синф раҳбари юзага келган вазиятдан чиқиш йўлини ахтара бошлади. Онасининг паспортини кўришди, уй дафтарини варақлашди, аммо, афсуски, Наргизанинг бу ҳаётда борлигини тасдиқловчи ҳеч қандай ёзувни топишолмади. Онаси Россия фуқаролик паспортини ҳамда туман визалар ва регистрациялар бўлими томонидан берилган “истиқомат учун гувоҳнома”ни ҳам тақдим этди, албатта, уларда ҳам қизи борлиги ҳақида ҳеч қандай белги йўқ эди.

Туман паспорт столида қизча ҳақида маълумотлар сақланиб қолган бўлиши мумкин деган умид ҳам чиппакка чиқди, бу ерда ҳам унинг изи топилмади. Бироқ кутилмаганда оила ҳозирги манзил бўйича Тошкентга келганидан сўнг олти йилдан кейин рўйхатга тургани, бунинг устига келиш варақаси ҳам йўқлиги аён бўлди, шунинг ўзи фуқароларни рўйхатга олиш тўғрисидаги йўриқноманинг қўпол бузилиши ҳисобланади. Буларнинг ҳаммаси ҳақида синф раҳбари ўз раҳбариятини хабардор қилади. Шу тариқа, Наргизага мактаб таълими ҳақидаги тегишли ҳужжатни қай тарзда бериш бўйича туман халқ таълими бўлими, шаҳар халқ таълими бошқармаси билан маслаҳатлашувлар бошланди. Чунки мавжуд йўриқномаларга кўра, буни паспортсиз амалга ошириб бўлмасди.

Қизнинг шахсини тасдиқловчи ва йўриқномалар талабларига жавоб берувчи бирор-бир ҳужжатга эга бўлишини кутиб чарчаган мактаб Наргизага 9-синфни муваффақиятли тугаллагани ҳақидаги муҳр билан тасдиқланган маълумотномани берди. Кўп сонли идоравий йўриқномалар, қоидалар ва меъёрий ҳужжатлар қатъий интизомни талаб этади. Агар мамлакатда тартиб бўлишини истасак, ҳаммаси шундай бўлиши керак, албатта.

Наргиза эса бундай маълумотнома билан ўқишини давом эттира олмади. Келаси йил ҳам, икки йилдан сўнг ҳам ҳеч нима ўзгармади. Кулфат бир ўзи келмайди, дейишади. Кутилмаганда онаси касал бўлиб қолди, унинг саратонга чалингани аниқланди. Тожикистондан ҳам бирор хушхабар бўлмади. Узоқ қариндоши билан телефон суҳбатида, у ердаги туман ФҲДЁ бўлими мудираси ҳар сафар унга “эртага келинг” деяётгани маълум бўлди. Охир оқибатда у ҳам “Ўзи келсин, тартиб шунақа!” дебди. Аммо паспортсиз қандай қилиб чиқиш стикерини ва Тожикистон визасини олиш мумкин? Она ҳам оламдан ўтди, бир йил муқаррар мотам маросимларига кетди. 

Масъул шахслардан кимдир белгиланган тартибларни бузди, деб ўйлайсизми? Йўқ! Ҳамма ўз ўрнида мавжуд йўриқномалар ва кўрсатмаларга тўлиқ мувофиқ ҳаракат қиларди. Наргизанинг муаммосидан яхши хабардор бўлган ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўйича инспекторлар, яъни халқ тили билан айтганда “участковой”лар навбатдаги “рейд”ларда шу сабаб Эргашевларнинг уйини айланиб ўтадиган бўлишди. Оилага ҳеч қандай даъво билдиришмаганигаям раҳмат, ҳолбуки, улар ҳам қонунга амал қилган ҳолда энди вояга етган Наргизани бемалол маъмурий ва, ҳатто жиноий жавобгарликка тортиши мумкин эди.

Наргиза ўзини боқиши учун ишга жойлашиши шарт эмасди, отаси унга яхшигина пул жўнатиб турарди. Лекин у ўқишни истарди. Наргиза лицей, коллежларни тугатган, кейин эса олий ўқув юртларини тамомлаган, ўз тенгдошларига, синфдошларига ҳавас билан қарарди, чунки уларнинг айримлари мактабда ундан анча ёмон ўқирди-да.

Аза тугаганидан кейин ҳар қандай ёш қизнинг ҳаётидаги каби уларнинг уйига совчилар тез-тез кела бошлади. Аммо бўлғуси келин паспортсиз яшаётгани, шу сабабли унинг ҳаётида турли муаммолар пайдо бўлаётгани ҳақида билганларидан кейин совчилар бошқа бу уйга қайтиб келмасди...  

Шу маҳаллада истиқомат қилувчи ва Наргиза ўқиган мактабни битирган бир йигитгина, уни Улуғбек деб атаймиз, қизнинг муаммосидан яхши хабардор бўлса-да, 2012 йилда ота-онасини Наргиза билан никоҳга кўндиради.   

Улар турмуш қуришди, аммо ҳалигача қонуний никоҳдан ўтишмаган, чунки келиннинг паспорти йўқлиги туфайли ФҲДЁ органи уларнинг никоҳини қайд этишдан бош тортди, никоҳ ҳам бўлмади. Никоҳ ҳақидаги гувоҳнома йўқлиги боис улар мурожаат қилган учта масжиднинг ҳеч бирида никоҳ ўқилмади. Улуғбек ва унинг ота-онаси эса никоҳ маросимини абатта ўтказиш керак, деб туриб олишди. Шунда Наргизанинг қариндошларидан бири таниш имом борлигини эслаб қолди ва у никоҳни уйда ҳам ўқишга рози бўлиши мумкинлигини айтди. Шу тариқа никоҳ ҳам ўқилди.

Тақдир тақозосини қарангки, худди шу куни бир синчков одам бу ерда бир гап борлигидан шубҳаланиб қолади, чунки никоҳ тузганлик ҳақидаги гувоҳнома тақдим этилмаган эди, никоҳ уйда ўқилганида ҳам мулланинг олдида гувоҳнома ва никоҳга кираётган шахсларнинг паспортлари туриши керак. Бу ерда эса ҳеч қандай ҳужжат тақдим этилмади.

Тўйдан сўнг юридик масалаларни яхши тушунадиган бу одам уларнинг уйига келиб, воқеага аниқлик киритади ва кўнгилли равишда ушбу муаммони ҳал этиш билан шуғуллана бошлайди. У ишни Ўзбекистондаги Тожикистон элчихонасининг консуллик бўлимига ташрифдан бошлайди. Олдинига вазиятдан чиқиш йўли йўқдай кўринади. Гап шундаки, қонун бўйича ҳар қандай сўров, ҳар қандай аризани фақат шахсини тасдиқловчи ҳужжатга эга кишигина бериши мумкин. Ҳеч иложи бўлмаганида эса, буни ваколатлари белгиланган тартибда расмийлаштирилган танишлари ёки қариндошларидан иборат ишончли вакили қила олади, яъни нотариус томонидан расмийлаштириладиган ишонч қоғозига эга бўлиш керак, буни эса фақат паспорт мавжуд бўлганидагина амалга ошириш мумкин.

Бизнинг ҳолатда Тожикистон элчихонасининг консуллик бўлими дипломатлари ҳақиқий олижаноблик ва инсон тақдирига норасмий муносабатни намоён этишди. Улар йўриқномаларни рўкач қилмасдан Наргизанинг умр йўлдоши Улуғбекдан туғилганлик ҳақидаги гувоҳномани талаб қилиш учун аризани қабул қилишди. Айтиш жоизки, бу ҳужжатни талаб қилишга ҳам деярли икки йил вақт кетди. Ниҳоят, сўров Тожикистон Адлия вазирлигига етиб борганида, вазирлик уни тегишли вилоятга етказди, кейин ҳужжат шаҳарга, туманга ва охир-оқибатда конкрет ижрочи бўлган ФҲДЁ органига етиб борди. Юқорида тилга олинган туман ФҲДЁ органи мудираси ТИВнинг сўровига жавобан муаммони ҳал этиш билан шуғуллана бошлади. Тез орада на Наргиза туғилган 1991 йил кузида, на 1992 йилда ҳеч қандай Эргашевларга қизи туғилганлиги ҳақида гувоҳнома берилмагани маълум бўлди.  

Вилоят адлия бошқармаси ҳам бу ишга инсоний муносабатда бўлиб, ФҲДЁ органи мудирасидан туғруқхоналарга бориб, туғруқ китобларидаги ёзувларни кўриб чиқишини талаб қилди.

Ва мўъжиза! Туғруқхоналардан бирида 1991 йил 21 сентябрь куни Эргашевлар оиласида “бўйи 55 см, вазни 3,3 кг қиз бола” дунёга келганини тасдиқловчи ёзув топилди. Шу ернинг ўзида гўёки ота-онага маъумотнома берилгани ҳақидаги тушунарсиз имзо ҳам турарди. Албатта, бу ерда йўриқномани туғруқхона бузгани аён эди.

Мана, орадан йигирма йил ўтгач, ФҲДЁнинг расмий сўровини олган туғрухона бош шифокори туман соғлиқни сақлаш амалдорлари билан маслаҳатлашган ҳолда, Наргизанинг туғилганлиги ҳақидаги маълумотнома дубликатини беришади. Ушбу қимматбаҳо ҳужжат асосида эса ниҳоят Наргиза ҳам туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномага эга бўлади. Буларнинг барчасига икки йил вақт керак бўлди.

Тошкентда эса қаҳрамонларимиз ўз ҳаёти билан яшарди. 2013 йил охирида Улуғбек ва Наргизанинг бахтиёр оиласида қизча туғилди. Ҳомиладорлик пайтида туман поликлиникасига рўйхатга туриш билан қандай муаммолар туғилгани Наргизанинг ҳозиргидай эсида. Бош шифокор алмашув картасини расмийлаштирмасдан туриб, мунтазам кўрикларга рухсат беради. Вақт энди кечиктириб бўлмайдиган еттинчи ойга етганида, бош шифокор маҳалла берган маълумотнома асосида алмашув картасини расмийлаштиришга рухсат беради.

Қизи туғилганидан бахтиёр Улуғбек эртаси куниёқ қизи туғилгани ҳақидаги гувоҳномани олиш учун паспорти билан туман ФҲДЁ бўлимига югуради. ФҲДЁ мудираси келиннинг паспорти бўлмагани учун уларнинг никоҳини қайд этмаганини эслайди. Аммо болани, янги туғилган тўлақонли Ўзбекистон фуқаросини рўйхатга олиш албатта зарур. Бу борада қонунларимиз инсонпарвар. Ўшандан буён Улуғбек қизининг туғилганлиги ҳақидаги гувоҳномасини кўз қорачиғидай асрайди.     

Хўш, кейин-чи, дерсиз?  Ҳозир Наргиза Душанбедан туғилганлиги ҳақидаги гувоҳномасининг келишини кутмоқда. Тожикистон унга ўз фуқаролигини бера олмайди, чунки бунинг учун боланинг ота-онасининг фуқаролиги устувор ҳисобланади, унинг туғилган жойи эса иккинчи ўринда туради. Наргизанинг ота-онаси фарзандлари туғилганида СССР фуқаролари бўлган, Россия фуқаролигини кейин олишган. Худди шу сабабга кўра, Наргиза Ўзбекистон фуқаролигига ҳам даъво қилолмайди. Бизнинг “Фуқаролик тўғрисида”ги қонунимизга кўра, республика фуқаролиги республика ҳудудида туғилган шахсларга берилиши мумкин, бунда унинг отаси ёки онаси Ўзбекистон фуқароси бўлиши шарт.

Наргиза ва унга ёрдам берган инсонлар энди Россия қонунчилигига умид қилишмоқда, чунки у Совет Иттифоқининг ҳуқуқий вориси сифатида фуқаролар ҳақида қайғуриши, СССРда туғилган ва янги мустақил давлатларда фуқаролиги бўлмаган одамларга ҳужжат бериши керак.

Туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномани олганидан сўнг, Наргизага туман визалар ва регистрациялар бўлимида фуқаролиги бўлмаган шахс гувоҳномаси берилади. У ушбу ҳужжат билан Россия фуқаролигини олиш учун Ўзбекистондаги Россия элчихонасининг консуллик бўлимига мурожаат қилиши лозим. Билувчи кишиларнинг сўзларига кўра, бу ҳам бир ярим-икки йил вақтни олади.

Шу ўринда “Нега бу воқеа тафсилотлари билан ҳикоя қилиняпти?”, деган табиий савол туғилади. Ҳамма гап шундаки, бу биргина шундай ҳолат эмас. Мени ижтимоий тармоқлардан бирида маълумоти бордай кўринган бир аёлнинг “Бола туғилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома йўқлиги учун уни узоқ вақт пропискага қўймаса, жарима тўлашга тўғри келадими?”, деган саволи ҳайратда қолдирганди. Бу онани фарзандининг туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномаси йўқлиги эмас, жарима миқдори... ташвишга соляпти! Ҳолбуки, ҳужжатнинг йўқлиги келажакда фарзандининг ҳаётида кўплаб муаммоларга олиб келиши муқаррар. Жарима миқдори эса, ҳақиқатан ҳам кам эмас. Бу Ўзбекистон Республикасининг “Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги кодексида кўзда тутилган. Ҳуқуқбузарликка кўп марта йўл қўйилганида, Жиноят кодексининг моддалари қўлланади. 

Мана бу тўғри! Кичкиналигимиздан ҳар биримизда шахсни тасдиқловчи ҳужжатлар учун жавобгарлик ҳисси шаклланиши керак. Ўзимизнинг ҳам, фарзандларимизнинг ҳам, яқинларимиз ва шунчаки танишларимизнинг ҳам! Ахир биз бирор чангалзор ёки ҳеч ким турмайдиган оролда яшаётганимиз йўқ. Балки у ерда ҳужжат керак эмасдир. Аммо бизга, маданиятли мамлакатнинг қонунга итоат қилувчи фуқароларига, ҳужжат албатта керак!

Шу ўринда, бир неча йил олдин оламдан ўтган марҳум дадамни эсладим. У Самарқанддаги “Кинап” заводида оддий ишчи бўлиб ишларди. Бу мудофаа корхонаси бўлиб, бу ерда жуда жиддий тартиб амал қилган. Завод собиқ СССРнинг космик дастурини амалга оширишга ва машҳур қитъалараро ракеталарни ишлаб чиқаришга сезиларли ҳисса қўшгани эндигина маълум бўлаётир.

У ерда меҳнат қилувчиларнинг кўпчилигига, шу жумладан дадамга ҳам биринчи тоифали кириш ҳуқуқи расмийлаштирилганди, яъни чизмани ёки “махфий” тамғаси қўйилган бошқа бирор қоғозни олиб, ишингни бажардингми, аввал уларни махсус бўлимга топшир, шундан кейингина тушликка чиқишинг ёки партком мажлисида қатнашишинг мумкин. Шу боис дадамда ҳужжатларга нисбатан хушёр муносабат мавжуд эди.  

Фарзандлари туғилганида ҳам, аввалига ўзи, кейин эса ўн иккига тўлганимдан сўнг мени қишлоқ советига туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномани олишга юбора бошлади. Ҳужжатни туғруқхонада кўрсатгандан сўнг учта авлоддан иборат катта оиламизнинг ҳужжатлари сақланадиган эски ёғоч қутичага авайлаб солиб қўярди. Дадамнинг рухсатисиз қутичадаги ҳужжатларга ҳеч ким тега олмасди.  Агар кимгадир нимадир зарур бўлса, дадамга мурожаат қиларди, у қутичани ундан ҳам қадимийроқ сандиқнинг тубидан олиб, керакли ҳужжатни топарди-да, иш битгандан сўнг ўзига олиб келиб топширишини тайинларди.

Айрим мулоҳазаларга кўра, Наргиза билан ҳақиқатан ҳам юз берган ушбу воқеада унинг ва турмуш ўртоғининг исми ва фамилияси ўзгартирилди. Содир бўлган воқеа барча ота-оналар, айниқса, ёшлар учун сабоқ бўлиши керак, деб ҳисоблайман.

Раҳимжон Султонов,
«Anhor.uz» учун махсус