Сиёсий партияларнинг айрим ваъдалари ҳақида

Сиёсий партияларнинг айрим ваъдалари ҳақида

Ўзбекистон Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатларининг маҳаллий кенгашларига бўлиб ўтадиган сайловларга бир ойдан кам вақт қолди.  Республика оммавий ахборот воситаларида барча сиёсий партияларнинг сайловолди дастурлари ҳамда уларнинг раҳбарлари билан интервьюлар ва суҳбатлар чоп этиляпти.

“Правда Востока” ҳукумат газетасида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати бўлмиш  Ўзбекистон либерал-демократик партияси Сиёсий кенгаши Ижроия қўмитасининг раиси Содиқжон Турдиев, “Адолат” социал-демократик партияси Сиёсий кенгашининг раиси Наримон Умаров, “Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий кенгашининг раиси Сарвар Отамуратов ва Ўзбекистон халқ-демократик партияси Марказий кенгашининг раиси Хотамжон Кетмоновлар ўз партияларининг платформасини, сайловчиларнинг овози учун курашда ва ўз сиёсий фаолиятларининг кейинги даври учун ўзлари эълон қилган мақсад ва вазифаларни  ҳар томонлама асослаб беришга уриниб кўрди.  

Айтиш керакки, уларнинг ҳаммасини республикадаги маънавий, ижтимоий ва иқтисодий вазиятга, мамлакатда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини шакллантириш Концепциясини амалга ошириш жараёнига ижобий баҳо бериш каби умумий жиҳат бирлаштирган. Сиёсий партиялар раҳбарларининг гап-сўзларига тўхталадиган бўлсак, уларнинг орасида ҳеч қандай ихтилоф ёки бир-бирига нисбатан, инчунин, ҳокимият органлари ёки маҳаллий, ҳудудий ёки республика даражасидаги бошқарув органларига нисбатан танқидий фикрларни кузатмайсиз.

Электорат учун, шубҳасиз, партияларни бир-биридан қандай хусусиятлар ажратиб туришини, у ёки бу сайловчиларга қандай мезонлар ва қарашлар яқинроқ эканини билиш муҳим ва қизиқарли, албатта. Ушбу ҳажми катта ҳужжатларни диққат билан ўрганиб чиқиш айрим умумий хулосаларни қилиш имконини берди.
Либерал-демократик партия “ўзларининг амалий, реал ишлари билан Ўзбекистоннинг жаҳондаги позициясини мустаҳкамлаётган, шаҳарлар ва қишлоқларда минглаб иш ўринларини яратишга кўмаклашаётган мулкдорларнинг ўрта синфи бўлмиш тадбиркорлар ва фермерлар манфаатларини” ифода этувчилар сифатида кўрсатган. Ушбу партия учун “мулк ҳимояси” устувордир, “чунки мулк турли шаклларда иқтисодиётнинг ривожланишини таъминловчи, иқтисодий эркинликнинг кафолати бўлган куч ва асосий ресурс ҳисобланади.  Иқтисодий эркинликсиз эса сиёсий, ижтимоий, маданий эркинликни тасаввур қилиш мумкин эмас!”.   

“Адолат” партияси “ўз фаолиятида юқори малакали мутахассислар, муҳандис-техник ходимлар, педагоглар ва шифокорлар, илм-фан вакиллари, хизматлар соҳасида ишловчиларга таянади… Партиянинг энг муҳим вазифаси – “Адолат – ҳаётимизнинг бош мезони, адолат – ҳар бир инсон учун” деган тамойилни кенг жорий қилиб, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари самарали ҳимоя қилинишини таъминлашдир ”.

“Миллий тикланиш” демократик партияси “энг аввало ижодий интеллигенция, халқ бадиий хунармандчилиги ва амалий санъатсоҳаси вакилларига, маданият, санъат ва ахборот соҳаси ходимларига, ватанпарвар ёшларга ҳамда миллий ва маънавий қадриятларни, мамлакатнинг тарихий ва маданий меросини асраш ва кўпайтириш ғояларини қўллаб-қувватловчи ҳар бир фуқарога таянади”.

Ва, ниҳоят, Ўзбекистон халқ-демократик партияси “давлат ва жамият томонидан манзилли ижтимоий кўмакка муҳтож бўлган аҳолининг барча қатламлари, шу жумладан пенсионерлар ва ногиронлар, шунингдек уларнинг ижтимоий ҳимояси билан шуғулланувчи бюджет ташкилотларининг ходимлари, ижтимоий соҳа вакилларининг манфаатларини ҳимоя қилишда фаол қатнашишни ўзининг муҳим вазифаси деб ҳисоблайди”.

Партиялардан ҳеч бири ўзини моддий қадриятларни ишлаб чиқариш билан бевосита банд бўлган оддий пролетарлар ёки ишчилар қатламининг манфаатларини ифода этувчи сифатида кўрсатмаган. Бироқ ЎзХДП “касбий малакага, доимий иш жойига ва маошга эга бўлмаган ёлланма ишчилар, иқтисодиётда банд бўлмаган меҳнатга лаёқатли аҳоли, ишга жойлашишда қийинчиликларга дуч келаётган фуқаролар, пенсионерлар, ногиронлар, кам таъминланган оилаларга манзилли ижтимоий ёрдам ва кўмак кўрсатишни” зарур деб билмоқда.

Балки мақоламизда шу кунларда мамлакатимизда расмий рўйхатдан ўтган ушбу ижтимоий-сиёсий бирлашмаларнинг диққат-эътиборида бўладиган иқтисодий ва ижтимоий масалаларнинг ҳаммасини кўриб чиқишга хожат йўқдир. Қизиққан шахслар улар билан оммавий ахборот воситаларида ҳамда сайлов участкаларида танишишлари мумкин. Бироқ жамият учун аҳамиятли бўлган ва уни ташвишлантирувчи алоҳида жиҳатлар бўйича ҳар бир партиянинг позициясига ўқувчиларнинг эътиборини тортишни истардим.  

Мазкур жараёнда ошкоралик ва оммавий ахборот воситаларининг роли масаласига тўхталиб ўтамиз. Бунда “Адолат” СДПнинг устувор вазифаси сифатида “ОАВ мустақиллиги ва эркинлигини янада мустаҳкамлаш” белгиланган. ОАВ фаолиятининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, уларнинг моддий-техникавий базасини янгилаш, технологик модернизация, журналист касби мақомининг кўтарилиши, соҳа ходимлари меҳнатининг моддий ва маънавий рағбатлантирилиши оммавий ахборот воситаларининг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ислоҳотларни очиқ ёритишдаги, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг жамоатчилик ва парламент томонидан назорат қилинишида уларнинг ролини кучайтиришдаги, жамият ва давлат орасидаги самарали тескари алоқани таъминлашдаги фаоллигини оширишда муҳим омил ҳисобланади.     

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – ЎзЛиДеПнинг мурожаатида шундай дейилади: “Биз фуқаролик жамиятининг муҳим бўғини сифатидаги оммавий ахборот воситаларига, уларнинг иқтисодий асосларини янада такомиллаштириш масалаларига, соҳада замонавий технологияларни кенг жорий этишга алоҳида эътибор қаратамиз”, яъни асосий эътибор масс-медиа фаолиятининг иқтисодий томонига қаратилган.

Бу борада “Миллий тикланиш” партияси ўз олдига янги вазифани қўйган бу: “миллий ахборот ҳудудини босқичма-босқич ривожлантириш ва шу аснода жойларда замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этишга, Интернет тармоғининг миллий сегментини ривожлантиришга, радиоэшиттиришлар тизимини модернизациялашга кўмаклашиш”. “Бундан ташқари, партиямиз ўзининг устувор йўналишлари қаторида ёшларнинг ўсиши ва ривожланишига, болаларни уларнинг жисмоний ва маънавий-ахлоқий тарбиясига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилишга, миллий журналистикани ривожлантиришнинг давлат кафолатларини таъминлашга ҳамда истеъдодли журналистларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга хизмат қилувчи креатив ахборот муҳитини яратишга кўмаклашишни ҳам режалаштирмоқда”, дейди партия етакчиси.

Нашрдаги босма майдон ва интервью формати ЎзХДП раҳбарига матбуот бўйича тўлиқроқ фикр билдиришга имкон бермаган бўлса керак, у фақат “партиянинг муҳим ижтимоий-иқтисодий, сиёсий масалалари бўйича позициясини ёритишда оммавий ахборот воситаларининг имкониятларидан самарали фойдаланиши”ни айтиб, чекланган холос.

Аёллар ва ёшлар ҳақида. «ЎзЛиДеп партиясининг асосий вазифаларидан бири мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида аёлларнинг ролини ошириш, айниқса, ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини оширишга қаратилган интилишларини қўллаб-қувватлаш ҳамда уларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб этиш ҳисобланади». Шу холос!
 
“Адолат” партияси эса ўзининг устувор йўналишларидан бири сифатида “аёлларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, уларнинг сиёсий ва ижтимоий ҳаётдаги мавқейини ошириш, истеъдодли ва малакали аёлларни давлат бошқарувига ва сиёсий фаолиятга жалб этиш” эканини кўрсатган. Қисқа, аммо оз бўлса-да мазмунли.

«Биз ҳунармандчилик, оилавий тадбиркорлик, касаначиликни ривожлантириш йўли билан аҳолининг, биринчи навбатда, аёллар ва ёшларнинг бандлигини таъминлашга қаратилган ташкилий-ҳуқуқий шароитларни яратишга алоҳида эътибор қаратамиз… Биз глобаллашув шароитларида яшаяпмиз, шу боис партиямиз ёшларни “оммавий маданият” ва бошқа бегона ғоялар таъсиридан ҳимоя қилиш бўйича ишларнинг ташаббускори бўлади. Демак, “Миллий тикланиш” партияси ота-оналарнинг манфаатларини ҳам ифода этади ва ҳимоя қилади» – мана бундай хлоса ҳам бор.
 
Маҳаллий ўзини-ўзи бошқариш органлари ва ноҳукумат ташкилотлари ҳақида. Бу ҳақда “Адолат” партиясининг фикри қуйидагича: “Биз, ўз депутатлик корпусимизга таянган ҳолда, нодавлат нотижорат ташкилотларининг (ННТ) соғлиқни сақлаш, таълим-тарбия, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳаларидаги долзарб муаммоларни ечишга қаратилган дастурлардаги иштирокини кенгайтириш масалаларига ҳам эътиборимизни кучайтирамиз… Биз ноёб ижтимоий тузилма бўлган маҳалла институтининг бундан кейин ҳам такомиллашуви, аҳолини манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш марказига айланиши учун унга айрим давлат ваколатларини бериш тарафдоримиз. Партия мамалакатнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётида маҳалланинг аҳамияти ва таъсирини янада оширишга ҳаракат қилади”.

“Милий тикланиш” партияси раҳбарининг баёнотида эса маҳалла институтининг тавсифи бундан ҳам баландпарвоз сатрларда келтирилган: “Партиямиз миллий давлатчилик, миллий тикланиш ва тараққиётни мустаҳкамлашга кўмаклашувчи анъанавий демократик институтларни қўллаб-қувватлайди. Бу ерда сўз, аввало, маҳалла ҳақида боряпти. Тараққиёт ва ривожланиш қаерда бўлиши мумкин? Албатта, тотувлик ва ҳамжиҳатлик, эзгулик, меҳр-мурувват бор жойда! Айнан маҳалла асрлар давомида ушбу қадриятларни сақлаб ва авайлаб келмоқда… Маҳалла – юксак маънавият ўчоғи. Шу боис биз маҳалланинг маънавий, ташкилий ва иқтисодий асосларини янада ривожлантиришга қаратилган қонунлар ташаббуси билан чиқамиз”.

Маҳаллаларнинг ҳаммаси ҳам бундай олий мезонга жавоб берадими, буни ўқувчиларимизнинг ўзи ҳал қилсин.
 
Давлатимиз кўп миллатли ва кўп конфессияли эканини инобатга оладиган бўлсак, Ўзбекистонда истиқомат қилувчи халқларнинг ҳамжиҳатлиги ва дўстлигини мустаҳкамлаш  ҳамда кам сонли миллатларнинг манфаатларини ҳимоя қилишга тайёрлигини кўзда тутувчи дастурий баёнотларни қилиш мумкин эди. Бироқ бу муҳим масала фақат “Миллий тикланиш” демократик партиясининг дастурида акс этди, холос: “Сиёсий муносабатлар тизимида миллий ғоя тамойилининг устуворлигини таъминлаш, шунингдек жамиятнинг ахлоқий ва маънавий устунларини, Ўзбекистон халқи ҳамда миллати, дини ва эътиқоди, ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар барча фуқароларнинг ҳамжиҳатлигини мустаҳкамлаш бўйича вазифаларни амалга ошириш истиқболдаги муҳим ҳаракатларнинг асосини ташкил этади”.  

Сиёсий партияларнинг ҳеч бири демократик жамиятнинг энг яхши анъаналари бўйича мухолифотдаги парламент бирлашмаси мажбуриятини олмаган.   
Халқ демократик партияси “партия ғоялари, мақсадлари ва вазифаларини бошқа сиёсий кучлар билан рақобат курашида қатъийлик билан ҳимоя қилиш муҳим принципиал вазифа” эканини тан олиш билан чекланган.

“Миллий тикланиш” партияси бўлса “ҳозирги шароитларда сиёсий партиялар орасида соғлом рақобат муҳити ривожланмоқда, уларнинг давлат ва жамият ҳаётидаги иштироки кенгаймоқда”, деган фикрда.

Қолган партиялар эса баҳс-мунозара ва манфаатлар ҳимояси учун парламент минбаридан фойдаланиш имконияти ва зарурати ҳақида ва, ҳатто алоҳида тактик масалалар бўйича ҳам чурқ этмаган.

Бундай муроса позицияси сайловолди курашини ҳам, афсуски, депутатлик фаолияти амалиётининг ўзини ҳам яққол саёзлаштириши туган гап.
Бу бизнинг ёш давлатимизга фойдали бўлармикин?
 
Аъло Хўжаев,
Анҳор.уз учун махсус

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.