Келинг, ўз танловимизни амалга оширайлик

Келинг

Anhor.uz таҳририяти 21 декабрь куни ўтказиладиган сайловларга бўлган қизиқиш ва унда ўз ўқувчиларининг қатнашиши қай даражада бўлишини аниқлаш мақсадида сўровнома ўтказди. Натижалар оптимистик манзарадан йироқроқ бўлиб чиқди.

Агар ҳар куни сайтга 8000-10 000 фойдаланувчи кириши ҳисобга олинадиган бўлса, сўровда бор-йўғи 703 нафар киши қатнашганини айтиш жоиз. Бу ҳар куни кирадиган фойдаланувчиларнинг ўртача сонига нисбатан 7.8% ни ташкил этади. Бундан хулоса шуки, айнан шунча киши биз қўйган саволларни ўзига берар экан.

Сўровда қатнашган 703 кишидан 399 таси ёки 56.75% сайловларда қатнашмаслигини билдирган. Уларнинг фикрича, сайловлар ҳеч нимани ҳал қилмайди.
233 нафар киши (31.72%) эса сайловларда қатнашиш ва ўз танловини амалга ошириш муҳим эканини таъкидлайди.  
 
11.52% ёки 81 нафар киши ҳозирча сайловларда қатнашиш-қатнашмаслик ҳақида бир қарорга келмаган.

Таҳририят сайловлар муҳим тадбир ва унда қатнашиш муҳим деган фикрни билдирган кишилар томонида.

Агар эътибор билан қарайдиган бўлсак, баъзида, ишдан уйга келгандан сўнг, яна кийиниб бирор жойга бориш ва депутатликка номзод билан учрашишга вақтни аяймиз ёки шунчаки эринамиз.

Бунинг устига номзод депутатликка сайланганидан кейин бирор муайян муддатда бажариши ва бу ҳақда ҳисобот бериши керак бўлган топшириқлар энди йўқ. Ҳозир Олий Мажлис депутатлари дарров қонун чиқариш билан шуғулланишини айтади-қўяди. Шу боис одамларнинг ҳам сайловларга қизиқиши қолмаётган бўлса, ажабмас.

Биз, сайловчилар сайлов олдидан бажариладиган барча тартиб-таомилларга жиддий қарашимиз лозим. Тўғри, бу осон эмас, баъзида бу зерикарли ва диққатни оширадиган бўлиб кўриниши мумкин. Аммо бу – бизнинг давлатни бошқаришдаги иштирокимиз. Бу эса ҳеч қачон осонгина ва йўл-йўлакай қилинадиган иш бўлмаган. Аслида бу баъзи ҳолларда кўзга ташланмайдиган оғир меҳнатдир.

Шундай экан, агар ҳаётимизни яхши томонга ўзгартирмоқчи бўлсак, унда меҳнат қилишимиз керак. Меҳнатни эса эртага, якшанба куни, сайловларга боришдан бошлайлик.

Мансур Ибрагимов
 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.