«Фуқаролар учун бюджет» ҳақида. 2-қисм

«Фуқаролар учун бюджет» ҳақида. 2-қисм

Ижтимоий харажатлар: улар нега самарасиз?

2020 йилда бюджет харажатлари 131104,5 млрд сўм миқдорида кўзда тутилган бўлиб, бу 2019 йилд учун тасдиқланган бюджет харажатлари  параметрларидан 22,4% га кўп. Уларнинг орасида ижтимоий харажатлар (шу жумладан аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш дастурлари, Пенсия жамғармасига субсидиялар, банкларнинг ипотека кредитларини молиялаштириш) 66018,1 млрд сўмни ёки умумий харажатлар ҳажмининг 50,36% ни ташкил қилади. Ижтимоий харажатлар орасида энг йириклари:

·         Таълим харажатлари                                                                      – 30047, 6 млрд сўм
·         Соғлиқни сақлашга харажатлар                                                   – 14842,6 млрд сўм
·         Фан, маданият ва спортга харажатлар                                          – 3319,5 млрд сумов
·         Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга харажатлар                 – 6573,7 млрд сумов
·         Пенсия таъминотини субсидиялашга харажатлар                       – 8000 млрд сумов

Ушбу харажатлар ҳажмига қараганда бюддет яққол ижтимоий мўлжалланган характерга эга. Аммо бу харажатлар етарлимикин? Буни қандай аниқлашимиз мумкин? Агар харажатлар моҳиятига чуқурроқ назар ташласак, унда қуйидагиларни осонгина билиб олишимиз мумкин:

·         Харажатлар, ижтимоий соҳадаги алоҳида тармоқларнинг ривожланиш динамикасидаги конкрет ютуқларни (масалан, болаларда ОИТС, саратон касалликлари профилактикасида конкрет нималарга эришилган) ҳисобга олмаган ҳолда, эришилган даражадан келиб чиқиб режалаштирилади;

·         Харажатлар, ютуқлар билан солиштирган ҳолда конкрет сарф мақсадларининг инкациясисиз, 1 киши учун мавжуд сарф нормативларидан келиб чиққан ҳолда режалаштирилган (масалан, ўрта-махсус ва профессионал таълим муассасалари ҳаётда ўз ўрнини топиш учун қандай даражадаги билимларни беради, турли тиббий марказлар асосий касалликлар профилактикаси ва уларни бартараф этиш бўйича нималарга эришди, тез ёрдам беморгача неча дақиқада етиб боради). Мақсадли кўрсаткичлар мавжуд эмас.

Тўғри, ҳар бир соҳада ютуқлар даражасини белгиловчи конкрет мезонлар мавжуд бўлмаса ҳам ижтимоий соҳани молиялаштириш ишлари яна давом этавериши мумкин, бироқ аҳоли учун бундан наф бўлмайди. Пуллар барибир ҳеч нимага етмасдан қолаверади. Маблағлар сарфининг жамоатчилик томонидан назорат қилинмаслиги, Молия вазирлиги, Ҳисоб палатаси тафтиш бўлинмалари томонидан олиб бориладиган текширувларнинг самарасизлиги ажратилган маблағларнинг катта қисми мақсади бўйича фойдаланилмаслигига ёки талон-тарож қилинишига олиб келади. Бунга мисоллар кўп, шунингдек бундан Бош прокуратура хабарлари, фуқароларнинг хабарлари далолат бермоқда.

Норматив молиялаштиришми ёки мўлжални натижага олишми?

Масалан, умумий таълимни молиялаштириш харажатлари жуда катта (20885,2 млрд сўм). Аммо 9786 та мумутаълим муассасасини молиялаштириш ишлари ушбу мактаблардаги ўқувчилар сони ва улар жойлашган ҳудудлар нормативлари бўйича амалга оширилади. Бу ерда алоҳида олинган мактаблар ва ўқитувчиларнинг сифат бўйича ютуқ кўрсаткичларига боғланиш йўқ, масалан, туманлараро ва шаҳар олимпиадаларида нечта ўқувчи ва қайси фанлар бўйича қатнашган, ўқувчиларнинг ўзлаштириши қандай, нечта мактаб битирувчиси олий ўқув юртида таълимни давом эттиряпти ва ҳ.к.
 
 
Ёки олий ўқув юртларининг молиялаштирилишини олайлик. Бу ерда қуйидагилар мақсадли кўрсаткичлар бўлиши мумкин: мутахассислиги бўйича ишлаётган битирувчилар сони, аспирантурада ўқишни давом эттирганлар сони, талабалар томонидан чиқарилган мақолалар сони, уларнинг олимпиадалардаги, шу жумладан ҳалқаро олимпиадалардаги иштироки,  амалиётга татбиқ этилган ишланмалар сони, босма матбуотда ушбу муассасалар ходимларининг (ўқитувчилар ҳам, талабалар ҳам) мақолаларига қанча ҳаволалар берилган. Ушбу кўрсаткичларга қараб, молиялаштириш градасияси тизимини жорий этиш ва энг яхшиларни рағбатлантириш мумкин бўларди.

Мавжуд норматив молиялаштириш тенглаштиришга асосланган бўлиб, у на соғлиқни сақлаш, на таълим соҳасида ҳеч қачон ижтимоий вазифаларни ҳал этишда конкрет натижаларни берайди. Бундай тизимда биз ҳеч қачон “Ажратилган маблағ кўпми ёки кам?” деган саволга жавоб ололмаймиз

Соғлиқни сақлаш тизимида норматив молиялаштириш ишлари коррупция ва сарф-харажатлар самарасизлигининг бевосита оқибати ҳисобланади. Масалан, энг катта харажатлар банди – бу болаларни вакциналар билан таъминлаш тизимини молиялаштириш – у 200 млрд сўмни ташкил қилади. Бунда болаларни эмлаш қандай реал самара бергани, у ёки бу касалликлар қай даражада камайгани, қайси вакциналар саарали бўлгани ҳақида бирортаям маълумот йўқ. Яна шуни айтиш жоизки, баъзида айрим самарасиз чет эл вакциналари учун ота-оналар пул ҳам тўлашади.

Ёки “Онкология хизматини ривожлантириш ва аҳолига онкологик ёрдам кўрсатишни такомиллаштириш” бандини олайлик, унга 55 млрд сўм маблағ йўналтириш кўзда тутилган. Касалланиш статистикаси конкрет муассасалар учун ажратилган маблағлар билан боғланмаган. Кишини касалхонага юборишганида у қўлқопдан тортиб, то бир арта ишлатиладиган ниналаргача ўзини-ўзи таъминлаши (қимматбаҳо дорилар ҳақида гапирмаса ҳам бўлади) ҳеч ким учун янгилик эмас. Кимё терапияси ва нур нурапияси учун дориларни эса ҳеч қандай истисносиз беморнинг ўзи харид қилиши керак.
 
Яқинда Anhor.uz нашри Ўзбекистон болалар орасида онкологик касалликлар профилактикасининг ачинарли ҳолати ҳақида ёзганди. Эҳтимол Соғлиқни сақлаш вазирлиги Молия вазирлиги билан ҳамкорликда касалликлар сонини қисқартириш ва шундай касалликлар профилактикасини кучайтириш бўйича конкрет дастурларни амалга ошириши зарурдир.

Таклиф этилганларга қўшимча равишда молиялаштиришни прогноз қилинаётган беморлар сони билан эмас, балки даволаш сифати ёки аҳолининг соғлом қисми кўрсаткичлари билан боғлайдиган норматив кўрсаткичларни жорий этиш керак. Эҳтимол, шунда кўпроқ маблағ оммавий спортни ва фаол ҳордикни ривожлантиришга йўналтирилар.

Молия вазирлиги ҳар қандай соҳа конкрет “Ютуқларнинг муҳим кўрсаткичлари” (Key Performance Indicators – KPI)ни тақдим этганидан кейингина уни молиялаштириши керак. Илғор мамлакатлар тиббиёти шу кўрсаткичларга асосланган бўлиб, уларда тенглаштиришга йўл қўйилмайди. Айнан шундай ёндашувда тиббиёт беморлар сонини оширишга эмас, балки уларни қисқартиришга ва аҳолининг соғлом қисмини кўпайтиришга мўлжал олади.

Албатта, Молия вазирлиги тармоқ вазирликлари томонидан ресурсларнинг тақсимланиши ва фойдаланиши учун жавобгар эмас. Аммо ҳеч ким ва ҳеч нима, ҳеч қандай норматив ҳужжат Молия вазирлигининг тармоқ вазирликлари ва ҳудудларидан лойиҳаларни конкрет KPI (асосий ютуқлар индикаторлари)ни кўрсатган ҳолда мақсадли лойиҳалаштиришга ўтиш ҳуқуқини чекламаган.

Нега бюджет иқтисодиёт ривожланишини молиялаштиришда давом этмоқда?
 
Бюджетда иқтисодиётга ажратилган харажатлар 14132,3 млрд сўм миқдорида кўзда тутилган, уларнинг энг йириклари:

·         Сув хўжалигининг эксплуатацион харажатлари – 4562,9 млрд сўм (16,62 %% га ошиш);
·         Геология-разведка ишлари – 2295,4 (386,24 %% га ошиш);
·         Аҳоли пунктларини ободонлаштириш ишлари – 2070,9 млрд сўм (12,6 %% га ошиш);
·         Умумий фойдаланувдаги автомобиль йўлларини сақлаш – 2043,3 млрд сўм (23,08 %% га ошиш).

Албатта, бир қарашда, бу харажатлар ўзини оқлайдигандай ва мақсадли фойдаланишга эгадай кўринади. Аммо батафсил кўриб чиқилса, яна саволлар туғилади:
 
·         Олдинги йиллардаги маблағлар қай даражада самарали сарфланган, яъни нечта канал тозаланди, нечта насос ўрнатилди, қанча ер замонавий сув таъминотига эга бўлди, масалан, томчилатиб суғориш? Ўрнатилган насосларнинг нечтаси энергияни тежайди ва қанча энергия тежалган? Нечта аҳоли пункти газ таъминоти, сув таъминоти, электр таъминотига эга бўлди, нечта қуёш панели ва бошқа муқобил энергия манбалари ўрнатилган? Бориш қийин бўлган ва узоқ ҳудудларда қанча йўл ётқизилди, қанча йўл ижтимоий инфратузилма объектларигача олиб борилган?

·         Нега давлат, хусусий инвесторларни, шу жумладан давлат-хусусий шериклиги лойиҳалари доирасида жалб этмаган ҳолда, бу лойиҳаларни ҳамон фақат бюджет ҳисобидан молиялаштирмоқда?

Агар Молия вазирлиги Сув ва қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда ҳудудлар билан ҳамкорликда  ушбу лойиҳаларни фақат лойиҳавий асосда эришилган даражага қарамасдан амалга оширганида, хусусий инвестицияларни, шу жумладан хорижий инвестицияларни жалб этиш жуда осон бўларди, бунга ишончим комил.

Бундай саволлар бутун бюджет маблағларининг самарадорлиги масаласини ҳам шубҳа остига қўяди ва агар биз конкрет натижага эришиш билан боғланган молиялаштиришга ўтмасак,  ҳеч қандай тафтиш инспекцияси, ҳеч қандай прокуратура назорати харажатларнинг самарадорлигини таъминлай олмайди.

Ташқи ва ички қарз борасида нима гаплар?

Молия вазирлигининг маълумотларига кўра, “Консолидациялаштирилган бюджетнинг 3,4 трлн сўмлик танқислигини қоплашга, шунингдек 3,3 трлн сўмлик асосий қарзни узиш бўйича харажатларни қоплашга қуйидаги манбалардан фойдаланилади: давлат мақсадли жамғармаларининг йил бошидаги маблағлари қолдиғи – 0,8 трлн. сўм.; давлат ғазначилик облигацияларини чиқариш – 1,4 трлн. сўм.;  бюджетни қўллаб-қувватлаш учун халқаро молия институтларининг имтиёзли кредитлари – 4,5 трлн. сўм”. Аммо шундай бўлган тақдирда ҳам, маблағлар танқислиги 1 трлн сўмни ташкил қилади (3,3+3,4=7,7 трлн сўм ва 0,8+1,4+4,5=6,7 трлн сўм). Ушбу танқислик ниманинг ҳисобидан қопланади?

2020 йил бошига давлат қарзи 21,3 млрд АҚШ доллари миқдорида (ЯИМга нисбатан 36,0%) прогноз қилинмоқда, улардан ташқи қарз 15,3 млрд АҚШ долларини ташкил қилади (ЯИМга нисбатан 25,4%). Шунга мос равишда ички қарз доллар эквивалентида 6,0 млрд АҚШ долларини ташкил қилади.

Бошқача қилиб айтганда, мамлакатнинг ҳар бир фуқаросига 650 АҚШ доллари миқдорида қарз ва ушбу қарзга хизмат кўрсатиш учун 32,5 АҚШ долларидан тўғри келар экан (агар кредитлар даромадлилигининг 5% дан келиб чиқиладиган бўлса).

бундан ташқари, давлат томонидан яна аҳоли бошига 1737 сўм миқдорида ички қарз тўпланган. Бу қарзларнинг ҳаммаси бизнинг ва келажак авлодларнинг меҳнати билан тўланади. Молия вазирлиги 2020 йил бюджетида давлат қарзига фоизли хизмат кўрсатиш бўйича харажатлар қанчалик кам ҳажмда белгилангани эса ғалати:

·         Ташқи қарзга 179 млн АҚШ доллари (демак, қарз берувчи учун даромадлилик йиллик 2,68% ни ташкил қилади, бу эса жуда паст, чунки биз Евробондларни йиллик 5,375% билан жойлаштирганмиз);

·         Ички қарзга – 796,2 млрд сўм. Агар 57000 млрд сўм ҳажмидаги (6000$*9500 = 57000 млрд) ички қарз миқдорини ҳисобга олсак, унда ҳатто ташқи қарз тузилмаси асосан узоқ мудждатли экани тахмин қилинганида ҳам, қарз берувчиларнинг даромадлилиги жуда паст бўлади.

Айтиш жоизки, давлатнинг ташқи қарзи 2019 йилда 4193,1 млн АҚШ долларидан 6700 млн АҚШ долларигача ошди (ўсиш 160%). Ташвишланарлиси шундаки, 6,7 млрд АҚШ долларидан 4837,3 млн АҚШ доллари 2 мамлакатга – Хитой ва Японияга тўғри келади. Охиргичи расмий Ўзбекистон ҳукуматининг хабарларига тўғри келмайди. Хусусан, ТИВнинг маълумотларига кўра, “Айни пайтда ҳамкорликдаги (Япония билан – таҳ.) лойиҳалар портфели 4 млрд доллардан ошган. 3,5 млрд доллардан ошувчи янги узоқ муддатли Ҳамкорлик дастури мувофиқлаштирилган, у энергетика, саноат ва қишлоқ хўжалигини модернизациялаштириш, экология, соғлиқни сақлаш ва бошқа соҳалардаги лойиҳаларни ўз ичига олади” (https://mfa.uz/ru/press/news/2019/12/22570/?print=Y).

Россия олдидаги давлат қарзи миқдори 120,5 млн АҚШ доллари сифатида кўрсатилган, бу шубҳа уйғотади, чунки қазиб олинган газ истеъмоли учун Лукойл олдидаги қарзнинг ўзи 600 млн АҚШ долларидан ошган. (https://www.gazeta.uz/ru/2019/06/21/gas/). Агар бу юз берган бўлса, ушбу қарз қай тарзда ва қачон тўғирланиши ҳақида мамлакат фуқароларининг билишга ҳаққи бор.

Давлат қарзига хизмат кўрсатиш бўйича фоизли харажатлар 2329,7 млрд ни ташкил қилади, бу тахминан 245 млн АҚШ долларини ташкил қилади, улардан 796,2 млрд сўм Давлат Ғазначилик облигациялари бўйича ички қарзни қоплашга йўналтирилади.

Давлат бюджетининг давлат ташқи қарзини қоплаш учун прогноз қилинаётган харажатлари, млн АҚШ долларида
Хизмат кўрсатиш кўрсаткичлари Йиллар
2020 2021 2022
Давлат қарзи миқдори 6700.0 8130* 8197.8*
Қарзнинг асосий қисмини қайтариш 264.0 318.5 368.3
Фоизларни тўлаш 179.0 217.9 219.7
       
* Ушбу прогноз Молия вазирлиги томонидан тақдим этилган ўртача фоизли тўловлар миқдоридан келиб чиққан ҳолда ҳисобий маълумотларга асосланган. Ҳақиқий маълумотлар бироз фарқ қилиши мумкин.

 
Юқорида келтирилган фактларни инобатга олган ҳолда, Молия вазирлиги юзага келиб бўлган давлат қарзи таваккалларининг жиддийлигини тушунмаяпти ва 2020 йил кўрсаткичларини прогноз қилишда уларни узиш/ҳал этишни режалаштирмаяпти деган таассурот пайдо бўлмоқда.
 
Назаримизда, бюджетни пронозлашда қуйидаги давлат қарзларини қўшимча равишда ҳисобга олиш мақсадга мувофиқ бўларди:

·         Халқаро молия институтларидан олинган 7700 млн АҚШ доллари миқдоридаги узоқ муддатли кредитларининг асосий суммаси ва фоизларини қоплаш;
·         Евробондлар бўйича 1000 млн АҚШ доллари миқдоридаги фоизларни қоплаш, биламизки, улар бўйича фоизли хизмат кўрсатиш харажатлари йилига 50,6 млн АҚШ долларини ташкил қилади;
·         Давлат корпорациялари ва унитар корхоналар қарзларининг асосий суммаси ва фоизларини қоплаш. Барчага маълумки, агар Ўзбекистон давлат корхонаси кредиторлар олдида ўз мажбуриятларини бажара олмаса, унда кредитор Ўзбекистон давлатининг исталган имконли активини ҳибсга олиш ҳуқуқига эга.
·         Ўзбекистон давлати ва Ўзбекистон Республикасининг давлат агентларига ажратиш учун кўзда тутилган ҳамда резерв қилиб қўйилган кредитлар суммаси учун тўловлар суммаси, чунки бу суммалар де-факто тўланиши керак;
·         Президент ва Ҳукумат томонидан тасдиқланган, алоҳида давлат аҳамиятига эга ишларни бажаришни кўзда тутувчи “йўл хариталари” бўйича давлат томонидан ташқи кредиторлардан маблағлар жалб этиш бўйича суммалар. Масалан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 9 декабрдаги “Йўл соҳасини бошқариш тизимини янада такомиллаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорининг 9-бандида 2020-2021 йилларда давлат-хусусий шериклиги шартларида пуллик автомобиль йўлларини яратиш лойиҳаларини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”ни тасдиқлаш кўзда тутилган. Бироқ, ҳозирча конкрет молиялаштириш манбалари айтилмаяпти, бу боис Молия вазирлиги бу давлат харажатларини қай тарзда ҳисобга олади ва уларни молиялаштириш манбаларини қандай белгилайди деган савол туғилади.

Молия вазирлиги 2020 йилда макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш учун қуйидагиларга лимит ўрнатаётгани кишини қувонтиради:

·         «Ўзбекистон Республикаси (Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати) номидан ёки Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг кафолати остига ташқи қарзларни жалб этиш бўйича янагидан имзоланадиган келишувлар – 4 млрд АҚШ доллари;

·         Келаси йиллар давомида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан узиладиган давлат мақсадли дастурларини амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси номидан ёки Ўзбекистон Республикасининг кафолати остига жалб этиладиган (ўзлаштириладиган) қарзлар  – 1,5 млрд АҚШ доллари».

Бироқ, ҳатто бундай чекловлар ҳолатида ҳам 3 йил ичида ташқи қарзлар ҳажми 16,5 млрд АҚШ долларини тўплаши мумкин. Агар Молия вазирлиги барча давлат қарзларининг, шу жумладан давлатга қарашли бўлган (ҳатто қисман ҳам (биргаликдаги жавобгарлик ҳеч ким томонидан бекор қилинмаган)) тадбиркорлик фаолияти агентлари қарзларининг ҳам тўлиқроқ ҳисобини юритишни бошласа, унда давлат қарзи суммаси Молия вазирлиги айтганидан ҳам анча кўпроқ бўлиб чиқади.
 
Абдулла Абдукадиров

Давоми бор…

PS. Муаллифнинг фикри реал ҳолатни унчалик аниқ акс эттирмаслиги мумкин, чунки у фақат очиқ манбалардан олинган маълумотларга асосланган. Аммо ушбу мақолаларнинг мақсади Молия вазирлигининг аҳоли билан давлат бюджети тузилмаси ва мақсадлари ҳақида кенг мулоқотни бошлаш истагига мос келади, чунки Ўзбекистон ва унинг фуқаролари шу бюджет бўйича яшашига тўғри келади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.