Президентнинг “2020 йил учун Ўзбекистон Республикаси давлат бюджети тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида 2019 йил давлат бюджети харажатларининг аниқлик киритилган ҳажми 113 500 млрд сўм миқдорида тасдиқланган. Шунингдек Пенсия жамғармасининг харажатлари 26 260 млрд сўм, Бандликка кўмаклашиш давлат фондининг харажатлари 426 млрд сўм миқдорида тасдиқланган. Бироқ қолган бюджетдан ташқари фондларнинг харажатлари ва даромадлари ҳақида маълумотлар йўқ. Шу боис давлат бюджети даромадларининг миқдори ва, шунга мос равишда, давлат бюджети тақчиллиги миқдори ҳам номаълум.

Шу пайтгача Ўзбекистон Молия вазирлиги сайтида 2019 йил давлат бюджети бажарилишининг тасдиқланган параметрлари ва 2020 йил учун бюджет прогнози чоп этилмаган. Бошқача қилиб айтганда, Молия вазирлигининг фаолиятида шаффофлик йўқ.

Президент қарори билан “йиллик бюджетни шакллантиришнинг янги тизимини, яъни натижага мўлжал олган бюджетни жорий этиш” кўзда тутилмоқда. Аммо яқин келажакда буни кутмаса ҳам бўлади. Молия вазирлиги 2020 йилда халқ таълими, соғлиқни сақлаш, автомобиль йўллари ва сув хўжалиги соҳаларида харажатларнинг самарадорлиги, натижалилигини таҳлил қилиш ва баҳолаш ишларини ўтказади. Фақат шундай кейингина харажатларнинг самарадорлик индикаторларини белгилаган ҳолда бюджет маблағларини сарфлашнинг мақсадли режалаштирилиши амалга оширилади. Бу фақат 2020 йилдан бошлаб режалаштирилмоқда.

Қайд этиш жоизки, улкан давлат маблағлари йўналтирилаётган қурилиш соҳасида қурилиш нормалари ва қоидаларини қайта кўриб чиқиш, қурилиш-пудратчи ташкилотларнинг фаолиятини тартибга солиш, норасмий банд бўлган ходимларнинг меҳнатини қонунийлаштиришни кўзда тутувчи тартибни ўрнатиш кўзда тутилмоқда. Шундай қилиб, айнан шу соҳа бажарилган ишлар ҳажмини холис назорат қилиш ва ҳақиқатдан ҳам банд ишчилар меҳнатига ҳақ тўлашнинг шаффоф тизими борасида энг тартибга солинмаган бўлиб қолаётганлиги факти қисман тан олинади.

2020 йилда бюджет параметрларининг бажарилиш таваккаллари

Макроиқтисодий вазият, 2019 йилда бюджет параметрларини бажариш жараёнида аниқланган тенденциялар таҳлили кўзланган натижаларга эришишда сезиларли тўсиқ бўлиб кўринаётган бир нечта омилларни ажратиш имконини беради:

·         Илк бор Консолидациялашган давлат бюджети ғояси амалга оширилиши керак. Бошқача қилиб айтганда, Молия вазирлиги ўзининг ғазначилик ҳисобрақамларида, даромадлар давлатники ёки маҳаллий эканлигидан қатъи назар, солиқлар, давлат йиғимлари ва божлари, жарималар ва пенялар ҳамда барча ҳудудий тузилмалар бўйича бошқа даромадлардан барча тушумларни  кўриши керак. Бироқ тегишли Ғазначилик ҳисобрақамларини очиш, уларни ижрочиларгача етказиш ҳамда барча талабларнинг қатъий ва тўғри бажарилишини назорат қилиш – жуда мураккаб масала. Гап шундаки, барча вазирлик ва идоралар ҳамда ҳудудий тузилмаларнинг даромад манбалари:

- идентификация қилиниши;
- бюджет даромадларининг манбалари сифатида таснифланиши;
- ғазначилик ҳисобрақамларига эга бўлиши;
- режалаштириш ва назорат мақсадлари учун тушумларнинг прогнозли кўрсаткичларига эга бўлиши;
- тушумларни назорат ва таҳлил қилишнинг синалган тизимига эга бўлиши зарур.
 
·         Илк бор давлат ва маҳаллий даромадлар нафақат солиқлар ва божлар бўйича, балки барча бюджет ташқари фондларнинг манбалари бўйича ҳам чегараланди. Бунда даставвал пулларнинг Давлат ғазначилик ҳисобрақамларига тушиши, фақат шундан кейингина йўналишлар бўйича тақсимланиши кўзда тутилган. Аммо бу вақт бўйича кечикиш бўлади ва муайян кескинликни келтириб чиқаради;

·         Президент қарорида солиқ тўловчиларнинг ҳисобрақамидан бўлғуси солиқ мажбуриятлари бўйича аванс тўловлари кўринишида солиқ тўловчиларнинг маблағларини олиб қолиш ёки уларнинг маблағларини ноқонуний ечиб олиш ножоизлиги аниқ кўрсатилган. Бундан олдин айнан шундай “ҳамма нарса мумкин” деган ҳолат, айниқса вилоятларда, алоҳида солиқ инспекцияларининг режа кўрсаткичлари бажарилишини таъминларди;

·         Бюджетнинг бажарилиши 2019 йилнинг охирги кунларида чоп этилган янги Солиқ кодекси (СК) бандларининг жорий қилиниши ва ижро этилишига тўлиқ боғлиқ. Янги СКнинг асосий бандларини тушунтириш бўйича семинарлар жуда фойдали, аммо маъмурий томондан улар деярли ҳеч нима бермайди. Солиқ тўловчиларнинг аксариятига ҳамда улкан бухгалтерлар армиясига янги нормалар ҳозирча тушунарсиз, улар бу нормаларни амалда қандай қўллашни яхши тасаввур қила олмаяптилар. Жойлардан олинган маълумотлар СК бандларининг кўпчилиги ҳатто солиқ органлари ходимларининг ўзига ҳам тушунарсиз эканини билдирмоқда. Шунга мос равишда, бу қоидалар ё бажарилмайди, ёки нотўғри бажарилади. Бу жуда жиддий жиҳат, у коррупцияни туғдириши, солиқ органлари ва солиқ тўловчилар орасидаги ўзаро муносабатларда кескинликни кучайтириши мумкин. Охир-оқибатда бу бюджетнинг ўзини бажаришга ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкин;

·         Айрим ҳолларда Давлат бюджети маҳаллий бюджетларга тушумлар бўйича, масалан бир нечта муҳим позициялар бўйича акцизлар тушумлари бўйича прогноз кўрсаткичларининг бажарилмаслигини компенсациялаши кўзда тутилган. Менимча, бундай норма “текин еб ётиш”ни келтириб чиқаради. Агар давлат ҳар қандай ҳолатда ҳам режалаштирилган даромадларни тўлиқ ҳажмда таъминласа, маҳаллий органларга тизимни, сермашаққат ишни йўлга қўйиш нега керак?

·         Солиқлар йиғимини назорат қилишда мураккабликлар бўлиши мумкин, чунки фақат ҚҚС бўйича солиқ тўловчилар сони 83 000 дан ошади. Фойда солиғини ҳисоблаш ва тўлаш методикаси ҳам жамоатчилик тушунадиган даражагача етказилмаган. Фойда солиғини ҳисоблаш ва тўлашни соддалаштириш учун харажатлар таркиби ҳақидаги Низом билан нималар бўлиши ҳам тушунарсиз. Бунда жисмоний шахслар мулкини солиққа тортиш бўйича янги коэффициентлар ҳамда уларнинг базаси ва ставкаларини белгилашдаги чекловлар жорий этилмоқда. Бу ерда ҳал этилмаган масалалар жуда кўп.

Хўш, бу бюджет қай даражада фуқаролар учун мўлжалланган?

Ўз реал даромадларимизнинг ошишини қай даражада ва қандай ҳис қиламиз, кундалик маиший муаммоларимиз қай даражада тез бартараф этилади, турмуш ва дам олиш қандай ташкиллаштирилади, келажак авлодни баркамол тарбиялаш масалалари қандай ҳал этилади, қай даражада барқарорлик ва ҳимояланганлик, шу жумладан ҳокимият зўравонлигидан ҳимояланганлик ҳиссига эга бўламиз? Бунга бир нечта йўл билан эришиш мумкин: аҳолининг кам таъминланган қатламларига тўғридан-тўғри тўловларни ошириш; бюджет ишчиларининг иш ҳақини, пенсиялар ва нафақалар миқдорини, энергия ташувчиларининг, транспорт ташкилотлари хизматларининг нархи ошиши муносабати билан бевосита компенсацион тўловларни жорий этиш йўли билан ошириш; озиқ-овқат маҳсулотларининг нархи ошиши муносабати билан бир марталик тўловларни жорий этиш. Аммо ҳозирча бюджетда бюджет ишчиларига иш ҳақини 7% га ошириш харажатлари кўзда тутилган. Бошқа ижтимоий тўловлар деярли 2019 йил даражасида кўзда тутилган.

Аҳоли реал даромадларини оширишнинг бошқа қўшимча усули – бу коммунал хизматлар, энергия ташувчилари ва транспорт нархини олдинги даражада сақлаш шарти билан инфляция даражасини пасайтириш. Бироқ бу ҳам 2020 йилда амалга ошиши даргумон, чунки биз ҳозирча фақат энергетика ва сув ресурслари истеъмолини ҳисобга олиш тизимини такомиллаштириш зарурати ҳақидаги гапларни, Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкалари пасайиши мумкинлиги ҳақидаги шамаларини кузатяпмиз, холос.

Давлат бюджетининг ижтимоий йўналтирилганлиги уйлари бузилган фуқароларни ўз вақтида уй-жой билан таъминлаш, давлат бюджети ҳисобидан қурилган мактабгача таълим муассасалари, умумтаълим мактаблари сони ва сифати билан баҳоланади. Шунингдек у, у ёки бу ижтимоий хавфли касалликларнинг қисқариши, ўртача ҳаёт давомийлигининг ўсиши, туғаётган аёллар ва болалар ўлимининг қисқариши билан ҳам баҳоланиши мумкин. Бундан ташқари у касалхоналарнинг барча зарур дори-дармонлар ва бошқа даволаш воситалари ва тиббий техника билан таъминланганлик даражаси билан баҳоланади.

Давлатнинг ўз фуқаролари ҳақидаги ғамхўрлиги (нафақат давлат раҳбарлари юрадиган) йўлларнинг ҳолатида, одамларнинг давлат бюджети ҳисобидан ичимлик суви, газ, канализация ва бошқа қулайликлар билан таъминланганлигида ва бошқа кўп нарсаларда ҳам ифодаланади, бу одамларнинг турмуш даражаси ва сифатини оширади.

Фуқароларнинг эртанги кунга бўлган ишончи эса бюджетимизнинг, давлатимизнинг реал ижтимоий йўналтирилганлигининг энг ёқимли ва ҳис қилинадиган далолатига айланган бўларди...

Абдулла Абдукадиров
Колумнист