Контрафакт маҳсулотга қарши курашиш: қонунчиликдаги муаммолар

Ўзбекистонда «Контрафакт маҳсулотсиз бир ой»  тадбири  интеллектуал мулкка бўлган ҳуқуқларнинг бузилиши билан боғлиқ вазиятни ўзгартирмайди.

Ўзбекистоннинг ички бозори контрафакт маҳсулотга тўла. Шубҳали сифатга эга товарлар шу ерда ишлаб чиқарилмоқда ва бошқа мамлакатлардан ҳам фаол импорт қилинмоқда. Кўп ҳолларда озиқ-овқат маҳсулотлари, маиший кимё, косметика ва дори препаратлари имитация қилинади – бу маҳсулотларни қалбакилаштириш ва улардан нусха кўчириш осон.
 
Қонунбузарлар оригинал товарга эга ассоциацияни тузишади ва бу билан харидорларни адаштиришади. Истеъмолчилар ўзларининг эътиборсизлиги сабабли фарқни сезишмайди, бунинг устига контрафакт маҳсулот арзон нархи билан ҳам эътиборни жалб қилади. 

Контрафакт маҳсулот – бу интеллектуал мулк ҳуқуқларини бузган ҳолда ишлаб чиқарилган ва сотиладиган товарлар.

Контрафакт товарларни ишлаб чиқариш ва сотиш нафақат оригинал ишлаб чиқарувчиларнинг интеллектуал мулкка бўлган ҳуқуқларини бузади, балки истеъмолчиларнинг ҳаёти ва соғлиғига ҳам хавф солади.

Энди ҳар йили Ўзбекистонда 15 февралдан 15 мартгача “Контрафакт маҳсулотсиз бир ой” тадбири ўтказилади. Унинг мақсади бутун республика бўйлаб контрафакт маҳсулотлар сотилишига қарши самарали курашишдан иборат.
 
Ушбу давлат органларининг зиммасига контрафакт маҳсулотлар айланмасига қарши курашишвазифаси юклатилган:

  • Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти “хуфия иқтисодиёт”нинг шаклланиш фактларини аниқлаш, яширин цехлар фаолиятига ва контрафакт маҳсулотлар ишлаб чиқарилишига чек қўйиш билан шуғулланади.
  • Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси контрабандага қарши ва контрафакт маҳсулотлар ўтиши, шу жумладан параллел импорт ўтишига қарши курашиш ваколатига эга.
  • Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси чакана савдо жойларида контрафакт, қалбакилаштирилган ва ноқонуний олиб кирилган маҳсулотлар савдосига йўл қўймаслик бўйича чора-тадбирлар кўрилиши учун масъул.
  • Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлиги интеллектуал мулк объектларининг ҳуқуқий муҳофазасини таъминлаш, муаллифларнинг ва бошқа ҳуқуқ эгаларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича чора-тадбирлар кўрилишини амалга оширади.

Шунингдек 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегияси ҳам контрафакт маҳсулотлар айланмасига чек қўйиш бўйича дастурларни ишлаб чиқиш вазифаларини Монополияга қарши қўмита, “Ўзстандарт” агентлиги, Адлия вазирлиги ва Савдо-саноат палатасининг зиммасига юклаган.

Кўриб турганимиздай, ваколатли органлар жуда кўп, аммо бозорда контрафакт маҳсулотлар камаймаяпти. Амалдаги қонунчилик Ўзбекистонда контрафакт маҳсулотлар айланмасига қарши курашиш учун реал механизмлар билан таъминламаяпти.
 
Ваколатли органлар фақат манфаатдор шахсларнинг аризаси бўйича ҳаракат қилади, холос.

Инсофли ишлаб чиқарувчилар бозорни мустақил равишда мониторинг қилишга, қонунбузарларни аниқлашга, таҳлил учун маҳсулотни сотиб олишга, сотиш ва ишлаб чиқариш жойларининг манзилларини ўзлари аниқлашга, яъни ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг вазифасига кирадиган тезкор-қидирув ишлари билан шуғулланишга мажбур бўлмоқда.

Инсофли ишлаб чиқарувчилар ва товар белгиларининг эгалари қўллаши мумкин бўлган қонуний чоралар қонунбузарликни дарҳол тўхтатиш имконини бермайди.
 
Олдин ариза билан мурожаат қилиш керак, у муайян вақт ичида кўриб чиқилади. Бу пайтда эса контрафакт маҳсулот бозорларда эркин сотилиши мумкин. Ҳуқуқ эгаси вақт ва маблағ сарфлаётган бир пайтда инсофсиз ишлаб чиқарувчи ноқонуний даромад олишда давом этади.
 
Контрафакт маҳсулотларни судгача чоралар доирасида ҳибсга олиш ёки сотувдан олиб қўйиш имконини берадиган механизмлар мавжуд эмас.
 
Маъмурий жарималар миқдорининг пастлиги ҳуқуқбузарларни тўхтатмайди.

Амалда, ҳатто контрафакт маҳсулотлар ишлаб чиқарувчиларини ва сотувчиларини жавобгарликка тортишга эришилса ҳам, энг катта жазо 5 дан 20 БҲМ даги маъмурий жаримани ташкил қилади. Бу суммани инсофсиз ишлаб чиқарувчилар контрафакт маҳсулотни сотишдан оладиган даромад билан тенглаштириб ҳам бўлмайди.  

Интеллектуал мулкка бўлган алоҳида ҳуқуқларни бузганлик учун қонуний пул компенсацияси йўқ.
 

Шу тарзда инсофли ишлаб чиқарувчилар ва товар белгиларининг эгаларига етказилган зарар қопланмайдиган вазият юзага келади. Қонун зарар қопланишини талаб қилиш имконини беради, бироқ интеллектуал мулкка бўлган ҳуқуқлар бузилишига доир ишларда етказилган зарар миқдорини белгилаш қийин.

Инсофсиз ишлаб чиқарувчилар сотилган маҳсулотлар ҳажмини ҳисоблаш имконини берадиган бухгалтерияни ва ҳужжатларни юритмайди.

Муқобил йўл – интеллектуал мулкка бўлган ҳуқуқларнинг ҳар бир бузилиш факти бўйича компенсация тўлаш. Унинг миқдори қонун билан белгиланиши керак, бу эса Ўзбекистонда ҳамон амалга оширилмаган.

Суд ва ваколатли органларнинг қарорлари бажарилишини назорат қиладиган таъсирчан механизмлар йўқ, бу ҳолат эса ҳуқуқ эгаларининг қўлларини боғлаб қўймоқда.

Амалда контрафакт маҳсулотни ишлаб чиқариш ва сотишга тақиқ қўйилишига ва жиддий бўлмаган маъмурий жарималарга эришиш мумкин. Бироз вақтдан кейин эса худди шу қонунбузарларнинг ёки янгиларининг янги ёки ўхшаш контрафакт маҳсулотлари пайдо бўлади. Ҳуқуқ эгаси яна ваколатли органларга мурожаат қилади. Вазиятнинг бемаънилиги шундаки, битта бир хил масала бўйича суд органларига такрор мурожаат қилиш мумкин эмас.

Амалдаги вазият

2017 йилда маҳаллий компания товар белгисига бўлган ҳуқуқларни бузган ҳолда маҳсулот ишлаб чиқариб, сотишни бошлайди. Ҳуқуқ эгаси бу қонунбузарликни тўхтатиш талаби билан иқтисодий судга мурожаат қилади.

Иқтисодий суд қарор чиқаради, унинг доирасида товар белгиларига бўлган ҳуқуқлар бузилганлиги факти аниқланади. Жавобгар товар белгисига бўлган ҳуқуқларни бузишни, контрафакт маҳсулот ишлаб чиқаришни ва сотишни тўхтатиши керак. Ҳуқуқ эгаси кўрган зарари учун ҳеч қандай компенсация ва қоплама олмайди, чунки зарар миқдорини исботлашнинг деярли имкони йўқ.

Икки йилдан сўнг, 2019 йилда, жавобгар шунга ўхшаш контрафакт маҳсулотни ишлаб чиқаришни ва сотишни бошлайди. Маҳсулот чакана савдо нуқталарида эркин сотилади.
 
Суд қарорига қарамасдан, ҳуқуқ эгаси контрафакт маҳсулотни бозорлардан яна олиб ташлаш учун яна ваколатли органларга мурожаат қилишига тўғри келади. Процессуал тарзда яна судга боришнинг эса имкони йўқ, низо ҳал этилган, суд қарори формал тарзда бажарилган, ижро ёпилган.  

Маҳсулот контрафакт, аммо уни ишлаб чиқарганлик ва сотганлик учун учун жавобгарлик йўқ. Ҳуқуқ эгаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлигига мурожаат қилди, агентлик эса огоҳлантириш бериш билан чекланди, чунки у ҳуқуқни муҳоқаза қилиш органи эмас. Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти бошқармаси ҳуқуқ эгасининг аризаси бўйича ишлаб чиқарилиш ва сотилиш фактини тасдиқлади ва материалларни агентликка берди, бироқ агентликда, юқорида айтиб ўтилганидай, савдо нуқталарини аниқлашга, ҳибсга олишга ёки контрафакт маҳсулотни олиб қўйишга ваколати йўқ.

Ўзбекистонда кучга кирган суд қарорига эътиборсизлик мавжуд. Контрафакт маҳсулотни сотишга қарши курашиш бевосита вазифаси ҳисобланган ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг мутлақ ҳаракатсизлиги сезилади. Энг асосийси эса товар белгисига бўлган ҳуқуқларнинг такрор бузилиши ва контрафакт маҳсулотни ишлаб чиқарганлик учун ҳеч қандай реал жавобгарлик йўқ.

Ўзбекистонда алоҳида ҳуқуқлар эгалари учун – бу амалда ҳуқуқларни ҳимоя қилиш имкони йўқлигига ва суд қарори ўша шахслар томонидан ҳуқуқбузарликлар такрорланишининг олдини ололмаслигига сигналдир.

Ҳозирча қонун контрафакт маҳсулотни ишлаб чиқарганлик, сотганлик ва олиб кирганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарликни кўзда тутувчи тўғридан-тўғри нормаларга эга бўлмас экан, “Контрафакт маҳсулотсиз бир ой”ни эълон қилишдан маъни йўқ.

Маҳаллий контрафакт маҳсулотлар билан бир қаторда, бозор шубҳали сифатга эга импорт маҳсулотларга ҳам тўлиб кетган. Ўзбекистонда параллел импорт ва очиқдан-очиқ қалбаки маҳсулотларни олиб кириш масаласи ҳамон очиқлигича қолмоқда.

Масаланинг бошқа томони – ҳуқуқбузарлар томонидан олинадиган даромад ва ҳуқуқ эгаларининг фойдасига тўланадиган компенсацияларнинг йўқлиги. Контрафакт маҳсулотни жазосиз ишлаб чиқариш, сотиш ва олиб кириш мумкин экан, ҳатто “Контрафакт маҳсулотсиз бир йил” эълон қилинганида ҳам вазият ўзгаришсиз қолаверади.
 
Интеллектуал мулк бўйича ҳуқуқшунос, патентга эга ишончли вакил
Мадина Турсунова

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.