Ўзбек кинорежиссёри ва сценарийнависи Зулфиқор Мусоқов “Волоколамский рубеж” XVI Халқаро кинофестивал ғолибига айланди.
 
Фестивалга кеча кечқурун якун ясалди. Кино томошалари доирасида иккита халқаро танлов дастури ўтказилди: ижро фильмлари танлови ва ҳужжатли фильмлар танлови, уларда Беларусь, Болгария, Буюк Британия, Германия, Эрон, Қозоғистон, Хитой, Сербия, Тожикистон, Ўзбекистон, Украина, Швейцария, Швеция ҳамда Россиянинг Екатеринбург, Новосибирск, Назран, Санкт-Петербург, Москва ва бошқа шаҳарларидан 40 дан ортиқ фильм тақдим этилди.

 “Берлин - Оққўрғон” фильмининг сценарий муаллифи ва режиссёри Зулфиқор Мусоқов “ХХ аср фожиалари бўлган иккита Жаҳон уруши ва инқилобларни эпик ифодалагани учун” ҳакамлар ҳайъатининг махсус совринига сазовор бўлди.
 
Бундан ташқари мукофотлар қуйидагиларга топширилди:

- “Ғалабага бўлган иродани яққол тасвирлагани учун” ҳакамлар ҳайъатининг дипломи - «Фото на память» фильми, режиссёр Игорь Васильев (Беларусь).
“Улкан  донолик, самимийлик ва меҳр-муҳаббат салоҳияти учун” томошабинлар олқиши мукофоти - «Сестренка» фильми, режиссёр Александр Галибин.
- Энг яхши эркак роли ижроси учун мукофот Алексей Петренко номидаги мукофот - Гойко Митич, «Балканский рубеж» фильми, режиссёр Андрей Волин (Россия – Сербия).
- Энг яхши аёл роли ижроси учун мукофот - Равшана Куркова, «Балканский рубеж» фильми, режиссёр Андрей Волин (Россия – Сербия).
- Ижро фильмлари танловининг бош соврини - «Мальчик русский» фильми, режиссер Александр Золотухин.