Би-би-си Ньюс Ўзбек хизмати Катта Лангар Қуръони тарихини ёритиш мақсадида Sevimli TV билан ҳамкорлик қилди

“Катта Лангар Қуръони изидан”  ҳужжатли фильми яқин кунларда Sevimli TV да эфир юзини кўради...

Ўзининг кўп асрлик ватани бўлмиш бир ўзбек қишлоғи номи билан аталган кўҳна Катта Лангар Қуръони 40 дақиқалик ҳужжатли фильмнинг мавзуси бўлиб, уни эндиликда bbc.com/uzbek вебсайтида ва YouTube каналида томоша қилиш мумкин. “Катта Лангар Қуръони изидан” фильмида Би-би-си Ньюс Ўзбек хизмати Ўзбекистондаги машҳур Sevimli TV телеканали билан ҳамкорликда саҳифалари дунё бўйлаб сочилиб кетган нодир қўлёзма ҳаётидаги бурилишлар ва ўзгаришлар изидан тушади.

Ушбу фильм муҳаррири Дилором Иброҳимова шундай дейди: “Саккизинчи асрнинг ноёб Қуръони ҳақида ҳикоя қилиш ўта нозик ва ҳассос эътиборни талаб қиларди. Мазкур ҳужжатли фильм Би-би-си Ньюс Ўзбек хизмати ва Sevimli TV  ўртасидаги давомли ҳамкорликнинг энг ёрқин намунаси ўлароқ ушбу жамоаларнинг биргаликда машаққатли меҳнати маҳсулидир. У Лондондаги Би-би-си ва Тошкентдаги Sevimli TV жамоаларининг олиймақом тажрибаси, уйғунлигида яратилди. Шунингдек, бу фильм  Би-би-сининг ҳужжатли киночилик санъати ҳамда Sevimli TV нинг Тошкентдаги бадиий ва тасвирчилар жамоасининг машаққатли меҳнатининг инъикосиди”.

Ушбу ғояни Sevimli TV  раҳбари  Фирдавс Абдухолиқов Би-би-си Ўзбек Хизмати билан таҳририй ҳамкорлиги бўйича ўзаро англашув меморандуми имзоланиши ортидан ўртага ташлаган. У лойиҳани аввал бошиданоқ дастаклаб келди. Рамазон ойи давомида, ҳужжатли фильмни тасвирга олиш ишлари давом этар экан, Sevimli TV  ҳамкорлик қилаётган жамоалар томонидан кашф этилган ва  ҳайратга солувчи маълумотларни ўзида жо этган қисмларни ҳар куни праймтаймда телеканал томошабинлари эътиборига тақдим этиб келди.  “Бизнинг бу қўшма лойиҳамиз Катта Лангар Қуръони тарихини ўрганиш йўлида қўйилган муҳим қадамдир. Мен Sevimli TV да Би-би-си Ўзбек хизмати билан биргаликда ишланган бу фильмни тақдим этишдан мамнунман”, дейди Фирдавс Абдухолиқов.

Ҳужжатли фильм муаллифларидан бири Луиза Искандарий шундай дейди: “Бу мўъжаз қишлоқ ўзининг энг буюк хазинасини сақлаб келаётганидан воқиф бўлиш жуда ҳайратланарли. Саёҳатимиз давомида ўрганилган ҳар бир янгилик ҳикоямизга янгидан-янги саволлар ва чигалликлар қўшиб борди, шунингдек, улар ҳудуднинг тарихини ҳам ўзида намоён этар эди”.

Ҳужжатли фильм Катта Лангар Қуръони Марказий Осиёга қандай келиб қолгани ва унинг саҳифалари қандай қилиб турли давлатларга бориб қолгани ҳақида ҳикоя қилади. Катта Лангар Қуръони Арабистондан Эрон оша Афғонистон ва Марказий Осиёга келтирилган. Луиза Искандарий аждодлари ва қариндошлари 15 асрдан буён бу нодир қўлёзмани фахрланиб асраб келган қишлоқликлар билан суҳбатлашади. Улар эса қандай қилиб муқаддас қўлёзмани кўз қорачиғидек асраганлари ва уни бир неча бор тортиб олишмоқчи бўлганликлари – мустамлакачи Россия подшоҳи ҳарбийлари, Совет давридаги КГБ томонидан – ва, ниҳоят, мустақил Ўзбекистон давлати уни ҳимоясига олгани тўғрисида сўзлаб берадилар.

Бундан ташқари қўшма жамоа ўз аждодлари Араб яриморолидан келиб қолганини иддао қилувчи ва ҳамон араб маданияти унсурларини ўзида сақлаб келаётган бошқа бир қишлоққа ҳам сафар қилди.

Ҳужжатли фильм йўқолган саҳифаларнинг катта қисми – умумий ҳисобда, 81 саҳифа – Санкт-Петербургдаги Шарқ Қўлёзмалари Институтида сақланаётганини аниқлади. Яна ўн икки саҳифа Ўзбекистон Мусулмонлари Идорасида архивида, шунингдек бир қанча саҳифалар  Тошкентнинг илмий марказида, Бухородаги музейлардан бирида ва кутубхонада сақланмоқда. Олиб борилган суҳбатлар қадимий қўлёзманинг тарихига оид кўплаб тафсилотларни юзага чиқаради. Катта Лангар Қуръонининг, тахминан, юз саҳифаси қаерда экани номаълумлигича қолмоқда.

Ҳозирда Би-би-си Ўзбек хизмати веб-сайтида томоша қилиш мумкин бўлган “Катта Лангар Қуръони изидан”  ҳужжатли фильми яқин кунларда Sevimli TV да эфир юзини кўради. Ушбу фильмни Афғонистондаги Би-би-си Ўзбек хизмати ҳамкори бўлмиш Arezo TV  ҳам уни намойиш этади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.