Самарқандда ЮНЕСКО зонасида жойлашган тарихий уйни бузишмоқчи

Самарқандда ЮНЕСКО зонасида жойлашган тарихий уйни бузишмоқчи

29 октябрь куни Самарқандда ЮНЕСКО муҳофазасида бўлган ҳудудда 1904 йилда барпо этилган ва халқ орасида “Николаев” номини олган тарихий ғиштин уй эгаси уй “бузилиши” ҳақида ҳужжат олган.

Самарқанд шаҳри маъмуриятининг амалдори “бузилган бино ўрнига катта компенсация ваъда қилинганини, бинони бузиш эса Тиббиёт институтини қуриш учун зарурлигини” билдирган. Бу ҳақда centralasian.org хабар беради.

Давлат маданий меросни муҳофаза қилиш инспекцияси ходимининг сўзларига кўра, “Самарқанднинг тарихий марказида жойлашган ЮНЕСКО рўйхатидаги ҳудудда бузиш ишлари “Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги қонуннинг 30, 32 ва 33 моддаларига зид ҳисобланади”.
Ўзбекистон Маданият вазирининг ўринбосари Камола Акилова раислигида шу йилнинг 15 октябрь куни ўтказилган учрашувда ер эгаси бўлган Исроил фуқароси Михаэл Шор (Shore Michael)нинг  аризаси кўриб чиқилди ва бино “тарихий фон” эканлиги ва “уни сақлаш” кераклигини тан олиш ҳақида қарор чиқарилди. Шу кунларда Михаэл Шор Самарқандга ташриф буюрган.

Тошкентлик архитектор Абдумалик Турдиевнинг сўзларига кўра, бино муҳофаза қилинадиган ЮНЕСКО ҳудудида жойлашган ва умумий манзарани таъминловчи бинони бузиш ҳокимнинг ваколатига кирмайди.

«Ҳатто суд шундай қарор чиқарганида ҳам ҳоким уйни буза олмайди. Уй ЮНЕСКО муҳофазасидаги зонада жойлашган. Иккинчидан, бу 1904 йилда қурилган тарихий бино бўлиб, 2010 йилгача муҳофаза қилинадиган тарихий бинолар рўйхатига киритилган. 2010 йилда маҳаллий амалдорлар реконструкциядан кейин бино ўзининг тарихий аҳамиятини йўқотди деган комиссия қарорини қайд этган. Аммо Маданий мерос бўйича давлат инспекциясининг Самарқанд бўлимида йиғилиш ўтказилмаган. Айни пайтда Маданият вазирлиги бинони “тарихий фон биноси” таснифи билан рўйхатга қайтаришга ҳаракат қилмоқда.  

Бино эгаси ҳисобланган Михаэл Шор ўз мулкини ҳимоя қилиш мақсадида шу ой бошида Исроилдан келган. У ҳоким қарори устидан шикоят қилишини айтди.

Амир Темур кўчасида жойлашган 14-уй 2010 йилда таъмирланган бўлиб, ғишт деворлар 90% сақлаб қолинган. Бино эгаси бу уй Самарқанддаги биринчи рессорли аравалар тармоғининг хўжайинига тегишли бўлганини айтади.

Самарқанд ҳокимининг ёрдамчиси Бобурмирзо Облоқулов бино учун компенсация жорий бозор нархида, яъни 1 212 000 258 сўм ($127,5 минг) миқдорида таклиф қилинганини маълум қилди.

– Бу бинода менинг бувим яшаган. Бу бизнинг хусусий мулкимиз. Шунингдек бу Самарқанд манзарасининг бир қисми. Бу шаҳарда ким ҳокимиятга эга ЮНЕСКО ва Маданият вазирлигими ёки ҳоким? Нега энди у бузилиши керак экан? – дейди Шор.

Михаэл Шор компенсация эвазига ҳам уйни бузишларига йўл қўймаслигини айтди.  Суҳбатдошнинг сўзларига кўра, ЮНЕСКО томонидан муҳофаза қилинадиган ҳудуддаги қўшни уйлар бузиб бўлинган. Эски почта бўлимининг бир қисми ва ёндош ҳудуддаги уйлар ўтган йил “25 июлда экскаваторлар билан ноқонуний бузилган”.

Самарқанд маъмурияти амалдорлари бузиш ишлари Ўзбекистон Президентининг фармонига  (ПҚ-3507) мувофиқ амалга оширилганини айтишмоқда.
Маъмуриятнинг қурилиш бўлими вакили Самарқанддаги Амир Темур кўчаси бўйлаб бузиш ишлари “қонунга мувофиқ” бажарилаётганини маълум қилди.

– Самарқанд ҳокими Фурқат Раҳимов шу йил 11 майда 823-сонли қарорни имзолади. Унга иловада бузиладиган бинолар аниқ кўрсатилган. Қарор 2018 йил 3 февралдаги 3507-сонли Президент Фармони асосида қабул қилинган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.