Байкал бўйида бўладиган кинофестивалда Ўзбекистонда суратга олинган «Тоға» фильми ғолиблик учун курашади

Байкал бўйида бўладиган кинофестивалда Ўзбекистонда суратга олинган «Тоға» фильми ғолиблик учун курашади

Россиянинг Байкал кўли бўйидаги Иркутск шаҳрида «Оила даврасида» номли халқаро театр ва кинофестивали 2 август, шанба куни очилди. Бу ҳақда Kun.uz нашри «РИА Новости» ахборот агентлигига таянган ҳолда хабар беради.

Кинофестивалнинг асосий танловидан Россия, Украина, АҚШ, Хитой, Сербия, Қозоғистон, Ўзбекистон, Голландия ва Сингапурда суратга олинган фильмлар ўрин олган. Киноанжуманни россиялик режиссёр Глеб Орловнинг «Поддубный» фильми очиб берган.

Танловда Ўзбекистон номидан Рашид Маликов ўзининг «Тоға» фильми билан иштирок этади. Совет даврининг сўнгги йилларидаги Ўзбекистондаги ҳаёт ҳақида ҳикоя қилувчи ушбу фильм премьераси 2014 йил апрелида бўлиб ўтганди.

Фильмда ролларни Бобур Йўлдошев, Борис Ғофуров, Нигора Каримбоева, Аббос Нигманов, Феруза Собитова, Али Чориев, Раъно Шодиева ва бошқалар ижро этган.

Маълумот учун, «Оила даврасида» кинофестивали 2006 йилдан бери ташкил этиб келинаётган бўлиб, унга турли шаҳарлар мезбонлик қилади. Хусусан, 2006 йили Калуга, 2007 йили Москва, 2008 йили эса Новосибирск фестивални қабул қилган. Кейинги беш йил давомида Екатеринбургда ўтказилган фестивал 2014 йилда Иркутскка кўчди.

Фотосурат: © “Ўзбеккино” МА матбуот хизмати / Kun.uz

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.