Тошкентда янги кутубхона очилди

Тошкентда янги кутубхона очилди

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси қошида янги кутубхона ва “Ижод” китоб дўкони очилди. Мазкур маърифат масканларининг очилишига бағишланган тадбирда ёзувчи ва шоирлар, адабиётшунос олимлар, ўқитувчилар, талаба-ёшлар иштирок этди, дея хабар беради ЎзА.

Уюшма қошида ташкил этилган кутубхона қарийб ўн мингга яқин китоб фондига эга бўлиб, бу ерда юртимиз нашриётларида чоп этилган сиёсий, бадиий, ўқув ва юридик адабиётлар, энциклопедия ва луғатлар, босма матбуот нашрлари билан танишиш имконияти мавжуд.
Бу маънавий хазинадан ижод аҳли билан бирга ўқитувчилар, олий ва ўрта махсус, умумтаълим даргоҳлари талаба-ўқувчилари, умуман, адабиёт мухлислари фойдаланиши мумкин.
 
Кутубхонада янги асарларнинг тақдимоти, ёзувчи ва шоирлар билан учрашувлар, ижодий мулоқотлар, давра суҳбатлари ташкил этилиши, китоблар фондини доимий бойитиб ва кенгайтириб бориш кўзда тутилган. 

“Ижод” китоб дўконининг ўзига хослиги бу ерда нашриётлардан тўғридан-тўғри янги нашрлар келтирилиши йўлга қўйилган. Зиё масканида Ўзбекистон Президентининг асарлари, тарихий мавзудаги китоблар, бадиий, публицистик, болалар, хориж адабиётидан намуналар китобхонлар эътиборига ҳавола этилган. 
 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.