Алишер Навоий номидаги кино саройида “Ота” бадиий фильмининг премьераси ўтказилди

Алишер Навоий номидаги кино саройида “Ота” бадиий фильмининг премьераси ўтказилди

Алишер Навоий номидаги кино саройида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун «Ота» бадиий фильмининг намойиши ва фильм ижодкорлари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди, дея хабар беради ЎзА.

«Ўзбеккино» Миллий агентлиги буюртмаси бўйича «Ўзбекфильм» киностудиясида суратга олинган фильм халқимизнинг инсонпарварлик, меҳр-оқибат, беғаразлик ва эзгулик каби хислатлари ҳақида ҳикоя қилади. Чунончи, фильмда отанинг фарзандга меҳр ва ғамхўрлик кўрсатиши акс эттирилган. 

Собир ака ва унинг кенжа ўғли Муроджон фильмнинг бош қаҳрамонларидир. Ота узоқ муддатли мажбурий айрилиқдан сўнг оиласига қайтиб, ўғли Муроджоннинг автоҳалокатдан кейин юролмай қолганини кўради. Ўз вақтида фарзандлари тарбиясига эътибор қаратмагани ва уларга ғамхўрлик қила олмаганини англаб етади. Шундан сўнг касалликдан фориғ бўлиш йўлини топиш учун ўғли билан мамлакатимиз бўйлаб сафарга чиқади. Улар йўлда кўплаб ҳамдард ва олижаноб инсонлар билан танишади. 

Фильмда замонавий технология ва янгича ёндашувлардан фойдаланилган. Унда юртимизнинг бетакрор табиат манзаралари жозибали акс эттирилган. Томошабинлар фильм қаҳрамонларининг сафари давомида гўзал табиатимиз манзараларидан баҳра олиши мумкин. 

Фильм муаллифи ва постановкачи режиссёри Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист Абдухалил Менгноров. Бош ролларни Карим Мирҳодиев, Фотиҳ Очилов, Сайдулла Молдахонов ва бошқалар ижро этган. 

Фотосурат: © kultura.uz

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.