“Pink Floyd” афсонавий рок-гуруҳи Орол денгизи муаммоларига бағишланган “Louder Than Words” («Сўзлардан ҳам жарангдор») қўшиғига мусиқий видеоклипни суратга олди.

Клип Қозоғистонда ишланди. Видеога Британиянинг “Hipgnosis” продюсерлик компанияси ва Обри Пауэлл режиссёрлик қилди. Ролик муаллифлари уни Ўзбекистонда суратга олиши мумкин эди, бироқ бунга рухсат олиша олмади. Қўшиқ гуруҳнинг “The Endless River” деб номланувчи янги альбомидан ўрин олган, деб ёзади "UzDaily" нашри.

Клипда иккита авлод вакиллари акс эттирилган – Орол денгизининг табиий гўзаллигини кўролмаган ёшлар ва ўнлаб йиллар олдин бу ерлар қандай гўзал бўлгани ҳақида энди фақат ҳикоя қилиб бера оладиган оқсоқоллар.

Видеода оқсоқоллар болаларга Орол денгизи туз саҳроси ва кемалар қабристонига айланишдан олдин ўтмишда қандай бўлгани ҳақида гапиради.

Клипда бош ролларни “Аральск” аҳолиси ижро этган. “Pink Floyd” гуруҳининг иштирокчилари ҳам кадрда пайдо бўлади. Бу билан видео муаллифлари Оролдаги экологик фожиага жамоатчилик эътиборини тортишга умид қилмоқда.

Клипнинг тўлиқ версияси 15 ноябрь куни "Pink Floyd” гуруҳининг "YouTube”даги расмий каналига жойлаштирилади.