«Sayyod» нашрининг мухбири таниқли ўзбек хонандаси Юлдуз Усмонова билан учрашиб, унинг якунланиш арафасида бўлган янги альбоми ҳақида суҳбат қурди.

Бу ҳақда “Дарё” нашри "Sayyod"га таянган ҳолда маълумот беради. “Янги альбомдан турфа ҳис ва мавзулар куйланган, грекча йўналишдаги рақсга чорлайдиган қўшиқлар ўрин олган”, деб ёзади нашр.

Юлдуз Усмонова «Севаман деб шивирласанг бас» дея куйланадиган қўшиқ ҳақида фикр билдирар экан, у хонандага эски Тошкентни ёдга солаётганини айтиб ўтади: «Бу қўшиқдан эски Тошкент кўз олдимдан ўтяпти… Бу эски Тошкентни соғиндим дегани эмас, ўша даврлар руҳиятини ҳис қилиб, ёқимли соғинч… томоғимга нимадир тиқилди ва кўзимга ёш келяпти. Одам тебраниб тинглайдиган қўшиқларни соғинди… Бундай йўналишлар йўқ бўлиб кетяпти. Янги альбомимдан шундай қўшиқ ҳам жой олган».

Юлдуз Усмонова суҳбат давомида альбом ёзилиши билан боғлиқ студиядан-студияга кўчиш машаққатлари ҳақида сўз юритади. 

Шунингдек, хонанда соч олишни билмайдиган сартарошхоналар кўпаяётгани сингари студиялар сони ҳам ортиб бораётганини таъкидлайди.

Эслатиб ўтамиз, шу йил сентябрь ойида Юлдуз Усмонованинг янги клиплари ва энг яхши чиқишлари тўпланган «Ёнингдаман» диски сотувга чиққан эди.

Фотосурат: © Sayyod.com