2014 йил – Соғлом бола йилида Ўзбекистонда болалар учун мўлжалланган қатор кино- ва анимацион фильмлар суратга олинди ва бу борадаги ишлар давом этмоқда. 

Бу ҳақда “Ўзбеккино” Миллий агентлигининг 2014 йилнинг дастлабки 9 ойлик якунлари ва галдаги вазифаларни белгилаб олишга бағишланган кенгайтирилган мажлисида сўз борди.

Айни пайтда агентлик буюртмаси билан халқ эртаклари асосида “Эртаклар оламида”(“Ойқиз эртаги”) фильм-эртаги, “Чироқ кўтарган мушук” (“Нўхат полвон”) тўлиқ метражли мультипликацион фильмлар ишланмоқда, “Зумраша” болалар ҳажвий киножурналининг 2-3-қисмларини суратга олиш ишлари ниҳоясига етиб қолди.

Шунингдек, “Орзиқиб кутилган мўъжиза”, “Болалар – юртимиз келажаги”, “Бахтли болалик”, “Чемпион оилалар” ва “Куч адолатда” ҳужжатли фильмларини ишлаб чиқариш ишлари тугалланмоқда.

“Ўзбекистон халқ ёзувчиси Худойберди Тўхтабоевнинг “Сариқ девни миниб” асари асосида ёш, истеъдодли режиссёр Сарвар Каримов “Ўзбекфильм” киностудиясида “Сеҳрли қалпоқча-2” фильмини тасвирга олди ва унинг премьераси жорий йилнинг май ойида Алишер Навоий номидаги кино саройи ҳамда Республика киночилар уйида катта тантаналар билан ўтказилди”, дея қайд этади “Ўзбеккино” МА.

Таниқли кинорежиссёр Қамара Камолованинг “Ўзбеккино” МА буюртмаси билан тасвирга олинган “Унутма мени” бадиий фильми октябрь-ноябрь ойларида бирйўла 2 та халқаро кинофестиваль совринини қўлга киритганини алоҳида таъкидлаб ўтилди.

Шу билан бирга, бугунги кунда республикада миллий фильмлар тарғиботи ва кинопрокат масаласи долзарб эканини алоҳида қайд этилди.

Хусусан, агентлик бош директори Жаҳонгир Қосимовнинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда жами 241 та кинотеатр бўлиб, шундан 33 таси давлатга, қолган 208 таси хусусий инвесторларга тегишли. Бироқ бугунги кунда 33 та давлат кинотеатридан 13 таси, 206 та хусусий кинотеатрдан эса бор-йўғи 64 таси ишламоқда, холос.
Қолганларининг фаолияти тўхтатилган ёки улардан бошқа мақсадларда фойдаланилмоқда. Масалан, 9 та кинотеатр эса туман ёки шаҳар ҳокимликларининг қарорлари билан бошқа мулкдорларга берилиб, улар ўрнини маиший хизмат шохобчалари эгаллаб олган.