2014 йил 12 декабр куни “Dedeman Silk Road Tashkent” меҳмонхонасида VI Ижтимоий медиа-маҳсулотлар миллий фестивали ғолибларини тақдирлаш маросими ва  ёшларга мўлжалланган янги "Mening Yurtim"-"MY5" телеканали дастурлар жадвали лойиҳасининг тақдимоти бўлиб ўтади. Бу ҳақда “Даракчи” нашри хабар беради.

Фестиваль доирасида 2014 йилнинг 12 ноябрида техник синов эфирини бошлаган “Mening Yurtim” - “MY5" телеканалининг кейинги 90 кун давомида эфирга узатилиши режалаштирилаётган дастурлар жадвали лойиҳаси тақдимоти бўлиб ўтади.

Синов эфирининг иккинчи босқичида телетомошабинларнинг медиа-контент ҳақидаги фикр-мулоҳазалари ҳамда таклифлари ўрганилиши мўжалланган бўлиб, шу асосида телеканал дастурлар жадвали шакллантирилади.

Пойтахтимиз ҳамда Тошкент вилоятининг 5 миллионлик аҳолиси эътиборига сутка давомида ўзбек ва бошқа тилларда ёшлар ижодий гуруҳлари, бошқа ижодий студиялар ҳамда “Бунёдкор” ёшлар телеклуби томонидан тайёрланган 20 соатлик қизиқ ва креатив медиа-маҳсулотлар таклиф қилинади. 
 
“Mening Yurtim” телеканалининг дастлабки контенти – бу “MY5-NEWS”, “Сирдошлар”, “5+5”, “Топ-дизайнер”, “Бешинчи фасл”, “Кинолайф” кўрсатувларидир.
Телетомошабинлар ушбу канал ҳақидаги фикр-мулоҳазалари ва таклифларини “MY5”нинг фейсбук ижтимоий тармоғидаги саҳифаси, 230-59-88 телефон рақами ҳамда яқин кунларда иш бошлаши кутилаётган my5.uz сайти орқали билдиришлари мумкин.