2022 йилги солиқлар ҳақида

Источник: Recha Oktaviani/unsplash.com

Қозоғистондаги воқеалар шуни яққол кўрсатдики, агар ҳукумат жамиятни тингламаса ва эшитмаса, аҳолининг камбағал қатламларидаги муаммоларга эътибор бермаса, турли кучлар ўз манфаатларида фойдаланиши мумкин бўлган ижтимоий “портлаш” муқаррардир. Бўлиб ўтган воқеалар нуқтаи назаридан қандай жамиятни қурмоқчи эканимиз ва буни қандай муддатларда амалга ошириш кераклиги масаласига яна бир бор қайтиш зарур. Чунки ҳукуматнинг кичик ва ўрта бизнесга, аҳоли қашшоқ қатламларининг эҳтиёжларига нисбатан карлиги жамиятда норозилик даражасини оширади.

Конституциянинг 13 ва 14 моддаларида шундай дейилади: «Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади. Демократик ҳуқуқ ва эркинликлар Конституция ва қонунлар билан ҳимоя қилинади»; «Давлат ўз фаолиятини инсон ва жамият фаровонлигини кўзлаб, ижтимоий адолат ва қонунийлик принциплари асосида амалга оширади», бироқ уларни ҳаётга татбиқ этиш дарҳол жавоб беришни талаб қилаётган кўплаб саволларни туғдирмоқда. 

Фуқаролар ушбу асосий тамойиллар амалга оширилаётганини кўрмаяпти, шу боис улар давлат бошқаруви тизимининг адолатли эканига ўз шубҳаларини очиқ билдирмоқда.

“Янги жамоат шартномасини” умумзалқ муҳокамасига олиб чиқиш зарурати юзага келмоқда. У фуқаролардан нима талаб қилинишини конкрет белгилаши лозим, шу билан бирга ҳукумат ўз талаблари эвазига қандай конкрет натижаларини ва қандай муддатларда кўрсатиши керак.

Ўзбекистонликларнинг турмуш даражаси ва сифатини ошириш натижалари ўлчанадиган бўлиши лозим.

Мавжуд қонунлар жамоат шартномасининг моҳиятини акс эттирмайди

Ўзбекистонда фундаментал характерга эга қонунлар бор, булар: Фуқаролик кодекси, Солиқ кодекси, Божхона кодекси, жиноят кодекси ва ҳ.к. Уларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишга ўнлаб йиллар кетди.

Бироқ бизда бу қонунлар ижроси билан боғлиқ иккита принципиал муаммо мавжуд:

  • Амалда алоҳида шахслар ва ташкилотлар учун қонунлардан кўплаб истиснолар амал қилади;
  • Киши бошига ЯИМ кўрсаткичи ва бошқа ўртачалаштирилган кўрсаткичлар конкрет аҳоли гуруҳларининг турмуш даражаси ҳақида тўлиқ тасаввур бермайди. Шу боис оддий фуқарога ҳукуматнинг барча кўрсатмаларини бажариш унинг шахсий моддий фаровонлиги борасида нима бериши номаълум.

Солиқ кодекси энг беқарор ва қонунбузарликларга мойил ҳужжат бўлиб чиқди. Гарчи Солиқ кодексида солиққа тортиш объекти, солиқни ҳисоблаш ва тўлаш тартиби ҳамда улар бўйича имтиёзлар батафсил ёзилиши керак бўлса-да, тадбиркорлар ўз фаолияти шароитлари солиқ борасида ҳар йили ўзгараётганини, Ўзбекистон қонунида белгиланган муайян моддаларнинг амал қилишига 3 ойлик мораторий муддати эса амал қилмаётганини кўришмоқда.

Кўп ҳолларда Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари билан у ёки бу солиқ, у бўйича ставкалар ҳамда солиқ имтиёзларини ҳисоблашнинг янгича тартиби белгиланмоқда. бунда ушбу давлат бошқаруви субъектининг бундай ваколатлари на Конституцияда, на Вазирлар Маҳкамаси тўғрисидаги низомда кўрсатилмаган.

Парламент эса, кўп ҳолларда, янги трартиб, ставкалар ва базалар бўйича ҳисобланган кейинги йил учун давлат бюджетини кўриб чиқади ва тасдиқлайди ҳамда уларни Солиқ кодексига ўзгаришлар ва қўшимчалар сифатида расмийлаштиради. Бироқ бу ўзгаришларнинг тадбиркорлик муҳтига ва умуман, иқтисодиётнинг аҳволига таъсири масалалари экспертлар иштирокида ҳеч қаерда атрофлича ўрганилмаяпти ва муҳокама қилинмаяпти.

2022 йил учун муаммоли солиқ режими

2021 йил якунида “Ўзбекистон Республикасининг 2022 йил учун Давлат бюджети тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексига ўзгаришлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунлар ҳамда Ўзбекистон президентининг “Ўзбекистон Республикасининг 2022 йил учун Давлат бюджети тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг ижросини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида 2022 йил учун давлат бюджети параметрлари тасдиқланди.

Кўрсатилган норматив ҳужжатларга мувофиқ ҚҚС, фойда солиғи ва бошқа солиқларни ҳисоблаш ва тўлашнинг мавжуд тартибининг асосий қоидалари жиддий ўзгаришларсиз сақлаб қолинган. Бироқ мулк солиғини ҳисоблаш ва тўлаш асослари (солиқ базаси) жиддий ўзгаришларга учраган.

Давлат иккита солиқни бирлаштиришга қарор қилган: мулк солиғи ва ер солиғи; мулкнинг кадастр баҳосини ўтказиш мажбуриятини тадбиркорларнинг ўзларига юклаган. Бунда “мулк” тушунчасининг моҳиятини ўзгартирган ҳолда солиққа тортиш базаси жиддий ошган. Энди барча бостирмалар, вақтинчалик бинолар ва иншоотлар ҳамда инфратузилманинг функционал объектлари (кичик станциялар, насос станциялари, тозалаш иншоотлари, табиатни муҳофаза қилиш талабларига амал қилиш бўйича объектлар) ҳам, ҳудудларга ва ҳудудлар ичидаги зоналарга ажратмаган ҳолда, мулкнинг 1м2 кадастр қиймати минимал миқдори белгиланиши билан 1,5% умумий ставка бўйича солиққа тортилмоқда. Бошқача қилиб айтганда, объектингиз қишлоқдами ёки пойтахт марказидами – фарқи йўқ.

Натижада, мутахассисларнинг умумий фикрича, 5000 м2 дан ортиқ ишлаб чиқариш майдонига эга корхоналарнинг мулк солиғи миқдори ўртача 5-8 баравар ўсган. Табиийки, ҳеч ким солиқларнинг бундай кескин ошишига тайёр эмас, бу кичик ва ўрта бизнесга ва, айниқса, иқтисодий фаол марказлардан ташқарида жойлашганларига бевосита таъсир кўрсатади.

Бошқа томондан, агар юридик шахслар ҳақида гапирадиган бўлсак, мамлакатда совет ҳокимияти даврида қурилганларидан ташқари деярли бошқа саноат объектлари йўқ, улар ҳам қийматнинг тегишли индексациясисиз қолган. агар қуйидагилар эътиборга олинса, бу индексацияда ҳам мантиқ йўқ:

  • улар давлат ҳисобидан қурилмаган, ёки
  • ҳатто бюджет маблағлари ҳисобидан қурилган бўлса ҳам, уларниг ҳозирги қиймати қурилишнинг жорий нархлар бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларини акс эттиради, у ҳеч қандай  тарзда паст қийматда тан олиниши мумкин эмас.

Агар жисмоний шахслар ҳақида гапирадиган бўлсак, ўз маблағлари ҳисобидан (улардан солиқ тўлаб бўлинган-ку) уй, боғ ёки иссиқхона қурганларнинг мулкини солиққа тортиш нега керак? Бунинг устига улар давлатга ер участкалари солиғини ҳам тўлаяпти! Ҳукуматда солиққа тортиладиган базага мулкни ҳам қўшишга ҳеч қандай ҳуқуқ йўқ, чунки унинг бу мулк пайдо бўлишига ҳеч қандай алоқаси йўқ. Кўпчиликда хусусийлаштирилган квартиралар борлиги тушунарли. Аммо бу мулкнинг хусусийлаштирилиши 90-йиллар бошида ижтимоий адолатни таъминлаш учун давлатнинг хоҳиш-иродаси бўлган, ўша пайтда ҳеч ким бу мулк яна солиққа ҳам тортилиши мумкинлигини тахмин ҳам қилмаганди.

Шунингдек, бундан олдин президент қарорлари билан молия вазирлигига солиқ тўловчиларнинг кўчмас мулкини кадастр баҳолаш учун ДСҚга зарур маблағларни ажратиш топширилганини қайд этиш лозим. Маблағлар қаерга йўналтирилганини жамоатчилик билмайди, бироқ энди бу вазифа солиқ тўловчиларнинг ўз зиммасига юклатилган.

Шундай қилиб, агар биз бостирмалар ва инфратузилма объектларининг оммавий бузилишини, ковиддан кейинги даврда харидорлик талабининг сезиларли пастлиги туфайли ҳали ўзини тиклаб олмаган кўплаб кичик ва ўрта бизнес субъектларининг банкротга учрашини истамасак, мулк солиғи масаласи зудлик билан қайта кўриб чиқилиши зарур.

Солиқлар ва ижтимоий адолат

Ижтимоий адолат нуқтаи назаридан солиқларни тўлаш барча фуқароларнинг вазифаси, улар Конституциянинг 18-моддасига мувофиқ қонун олдида тенг. Бироқ солиқ тўламайдиганлар ҳам бор, улар ўзларига солиқ имтиёзларини қилдириб олган. Бу солиқ имтиёзлари қаердан ва қаендай қилиб пайдо бўлгани жамиятга тушунарсиз, Давлат солиқ қўмитаси ҳам бундай “солиқ тўловчилар” олдида кучсиз.

Фуқаролар солиқларнинг ҳам, виждонли солиқ тўловчиларнинг маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган солиқ имтиёзларининг ҳам мақсадга мувофиқлигига ва ўзини оқлашига мутлақо ишончлари комил бўлиши керак.

Мамлакатда бу масалалар борасида катта муаммо мавжуд.  Қимматбаҳо хизмат машиналарининг харид қилиниши, боғчалар, мактаблар, поликлиникалар ва касалхоналар етишмаётган, йўллар вайрон бўлиб ётган, газ таъминоти, сув таъминоти тизимлари тўлиқ ёки қисман ишдан чиққан бир пайтда шаҳар муҳтининг дабдабали реконструкцияси ҳолатлари фуқароларнинг ғазабини қайнатмоқда.

ДСҚда қонунлар, мамлакат президентининг қарорлари асосида солиқ тўлашдан тўлиқ ёки қисман озод этилган компанияларнинг тўлиқ ҳисоби мавжуд. Бироқ бу рўйхатда Вазирлар Маҳкамаси, ҳокимлар ҳамда қонун чиқарувчи ҳисобланмаган қандайдир бир органлар томонидан имтиёзлар тақдим этилган компанияларни ҳам кўриш мумкин.

Солиқ имтиёзларига эга бўлган корхоналар рўйхати кишини ҳайратга солади. Уларнинг ҳаммаси – металларгия комбинатлари, нефт-газ қазиб чиқариш, газни қайта ишлаш ва транспорт компаниялари ҳамда машҳур “Артель” тармоғига кирувчи корхоналардан тортиб, то барча тижорат банкларигача бўлган йирик солиқ тўловчилардир:

  • солиқ имтиёзига эгалар рўйхатида қарийб 48000 та корхона ёки мамлакатда хўжалик фаолиятини юритувчи субъектларнинг 10% дан ортиғи мавжуд;
  • ўрнатилган солиқ имтиёзлари сабабли бюджет томонидан олинмаган солиқларнинг умумий суммаси 2021 йилнинг 9 ойи учун (таҳририятда бошқа яқинроқ маълумотлар йўқ) қарийб 18,8 трлн сўмни ёки 2021 йилга тасдиқланган давлат бюджети умумий суммасининг 12,% ни ташкил қилган;
  • имтиёзлар сабабли бюджет 2021 йилнинг 9 ойи учун 56,08% ер солиғини ва 87,6% ҚҚСни ололмаган, шу тарзда имтиёзга эга корхоналар ҳисобланган солиқларнинг 28,3% дан ортиғини тўламаган;
  • имтиёзга эга 10 та банкнинг ўзи 2021 йилнинг 9 ойи учун 3,8 трлн сўмдан ортиқ солиқ суммасини тўламаган;
  • KPMG ва PWC каби халқаро аудиторлик компанияларига қандай приницип бўйича ва қайси ҳужжат асосида солиқ имтиёзлари берилгани тушунарсиз, ушбу компанияларнинг шўъба компаниялари 2021 йилнинг 9 ойи учун мос равишда 525,53 млн сўм ва 23,8 млн сўм тўламаган;
  • Молия вазирлигининг барча бўлинмалари жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини тўламайди.

2021 йилнинг 9 ойи учун солиқ турлари бўйича белгиланган солиқ имтиёзларидан бюджетдаги йўқотишлар*

млрд. сўмда

*Ўзбекистон ДСҚ оператив маълумотлари бўйича

Солиқларни энг катта бойлар тўламайди

Агар Молия вазирлигининг ҳисоботлари бўйича даромад солиғининг 41% дан ортиғи ойига 2 млн сўмдан кам даромад олувчи солиқ тўловчилардан тўпланиши инобатга олинса, унда бизда солиқни “бойлар” эмас, камбағаллар тўлаши кўзга ташланади.

ДСҚ имтиёзлар туфайли 90% ҚҚСни йўқотганида, уларнинг солиқ занжирларини тузиш ва ҚҚС айланмалари жараёнини ҳисоботларда тўғри акс эттирилишини назорат қилиш бўйича бутун кураши ҳар қандай маънони йўқотади, бундай гаплар билан мутахассисларни кулдирмаган маъқул.

2022 йилдан бошлаб катта ўзгаришга учраган ер солиғига қайтайлик, , агар ДСҚ имтиёзлар туфайли ер солиғининг 56% дан ортиғини ололмаётган бўлса, мулк солиғини ўзгартирган ҳолда қўмита саъй-ҳаракатларининг самарадорлиги ҳақида қандай гапириш мумкин.

Агар имтиёзларга эга корхоналарга паст қийматда мулк солиғи ўрнатилса (1%, айтгандай нега шундай?), унда улар эртадан бошлаб жимгина мулк солиғини тўлайди деб ўйлаётган ДСҚ ўзини алдаётганини билади. Ҳаммаси аксинча бўлади. Улар ўзларининг мавжуд ер бўйича солиқларини мулк солиғига қайта тасдиқлатиш учун бор кучини ишга солади.

Жамият энг даромадли ташкилотлар: банклар, импортва экспорт бўйича барча имтиёзларга эга “Артель” корхоналари тармоғи, транспорт (“Ўзбекистон ҳаво йўллари”, “Ўзбекистон темир йўллари”), нефть қазиб чиқариш ва газни қайта ишлаш корхоналари ҳамда энергетика соҳасининг бошқа корхоналари жуда катта солиқ суммаларидан озод этилганини кўриб турибди ва бу ҳолат уни ғазаблантириши шубҳасиз.

Банклар бўйича энг йирик солиқ имтиёзлари

минг сўмда

2021 йилнинг 9 ойи якунлари бўйича солиқ имтиёзларига эга йирик корхоналар ва имтиёзлар суммаси

минг сўмда

Жамият барча монополистлар ва бой компаниялар ҳамма ўрнатилган солиқларни тўлаганида, имтиёзларга эса фақат ногиронлиги бор кишилар, болалар ва қариялар эга бўлганидагина ижтимоий адолат борлигини тан олади.

Вақтинчалик имтиёзлар

Биз турли ҳокимият органлари томонидан доимий асосда ўрнатилган имтиёзларни санаб ўтдик. Бироқ конкрет хўжалик юритувчи субъектлар учун вақтинчалик имтиёзларнинг ўрнатилиши ҳам депутатларимизнинг “кашфиёти” ҳисобланади. Айрим озиқ-овқат маҳсулотлари бўйича имтиёзларни олайлик. Шу ерда бир савол туғилади: Агар Солиқ кодексига 2022 йил баҳоригача маҳсулотларнинг айрим турларига ҚҚС бўйича вақтинчалик имтиёзлар киритиладиган бўлса, нега Солиқ кодекси каби бундай мураккаб ҳужжатни ишлаб чиқиш керак эди?.

Ахир, мамлакатда ўсимлик ёғи, куншабоқар ва зиғир уруғи ҳамда соя донлари; гўшт (мол, қўй, товуқ гўшти) ҳамда музлатилган балиқ ва картошка ишлаб чиқариш ва импорт қилиш бўйича  вазият ярим йил ичида ўзгаришига умид қилиш мумкин эмас. Иқтисодиёт, умуман қишлоқ хўжалиги, бунчалик тез ўзгармайди.

Рақамлаштириш ҳаётни мураккаблаштириши эмас, балки соддалаштириши керак

Адам Смит томонидан кўрсатиб берилган солиқ тизимининг самарадорлик алифбосида шундай девилади: солиқлар ўртача, тушунилиши, ҳисобланиши ва тўланиши оддий бўлиши керак. Бироқ бизнинг қонун чиқарувчиларимиз бунинг тескарисини қилмоқда.

2021 йил 4 октябрда Ўзбекистон Республикаси президентининг “Чакана савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида назорат-касса техникасидан фойдаланишни такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-5252-сонли қарори қабул қилинди. У замонавий ахборот ёндашувларини жорий этиш йўли билан чакана савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги ҳисоб-китобларни такомиллаштириши, хуфия айланмани қисқартириши керак эди. Аммо у жисмоний шахслар томонидан харид қилинадиган товарлар тўлови тартибини ҳамда чакана савдо корхоналарида солиққа тортиладиган база ҳисобини жиддий мураккаблаштирди. Ижтимоий тармоқларда бизнинг истакларимизнинг юқорида кўрсатилган ҳужжатнинг асосий қоидаларини жорий этиш этиш натижасида юзага келган ҳақиқий ҳолатга номувофиқлигининг асосий жиҳатлари билан батафсил танишиш мумкин.

Шунингдек уй-жойни ижарага бериш процедураси ҳам жиддий мураккаблашди, чунки энди бу фақат электрон имзо ва шахсий кабинет мавжуд бўлганидагина имконли. Компьютерлари йўқ ва ҳатто смартфонни ҳам тушунмайдиган кексалар ҳақида ҳеч ким ўйламади. Қариялар ҳайрон: “Бу флешкани қаерга тиқиш керак?”

Савол туғилади: агар фойда солиғи бўйича умумий йиғимлар прогнозлар даражасида бўлса, ҚҚС солиғи бўйича эса фақат мавжуд имтиёзлар сабабли 90% гача йўқотаётган бўлсак, бундай такомиллашиш ўзи нимага керак?

Айланмаси жуда паст бўлган солиқ тўловчиларга муаммо яратиш эмас, балки аввал тақдим этилган имтиёзларни аста-секин бекор қилиш – самаралироқ йўл ҳисобланади.

Президент яна бир бор барча хўжалик юритувчи субъектлар учун солиқ юкининг моҳияти ва тузилмасининг муҳокамасига қайтишига ва, биринчи навбатда, умум қабул қилинган ижтимоий адолат стандартларига зид бўлган тақдим этилаётган солиқ имтиёзларининг асосли эканига эътибор қаратишига умид қилишни истардик.

Тушунарли ва вазиятга мос бўлган жамоат шартномаси жамиятнинг ҳукуматга ишончини қайтариши мумкин бўлган кейинги муҳим сиёсий қадамга айланиши мумкин.

Материал мутахассисларнинг ижтимоий тармоқлардаги фикр-мулоҳазалари ва ДСҚнинг статистикаси асосида тайёрланди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.