Банкирларнинг фикрлаш мантиғи ва Ўзбекистон иқтисодиётининг реал ҳолати ҳақида

Банкирларнинг фикрлаш мантиғи ва Ўзбекистон иқтисодиётининг реал ҳолати ҳақида

Нарх барқарорлигига инфляция даражасини пасайтириш йўли билан эришиш – Марказий банкнинг ўрта муддатли истиқболдаги сиёсатининг якуний мақсади ана шундай иборат.
 
Бироз бу масаланинг тарихи ҳақида
 
1990-йилларда инфляцион таргетлаш режими (якуний мақсади нарх барқарорлиги бўлган пул-кредит сиёсати режими) барқарор бошқариш механизмларига, ҳар такрор ишлаб чиқариш жараёнида такрорланувчи шаклланган халқ хўжалиги балансларига эга иқтисодиёт мавжуд бўлган ривожланган мамлакатларда жорий этилганди. Ушбу мамлакатларда монетар барқарорликка эришилганидан руҳланган иқтисодчилар ва сиёсатчилар 2000-йиллардан бошлаб ривожланаётган мамлакатларда ҳам инфляцияни таргетлаш методларини қўллай бошлашди (умуман олганда инфляцион таргетлаш режими 30 дан ортиқ мамлакатда амалга оширилмоқда).

2014 йилдан буён Россия банкининг монетар сиёсати ҳам инфляцион таргетлаш доирасида амалга оширилмоқда, ушбу сиёсат нафақат муҳим фоиз ставкасини бошқариш, балки курс ҳосил қилиш механизмларининг қайишқоқлигини ошириш учун ҳам қўлланади. Курс ҳосил қилиш жараёнининг қайишқоқлигига эришган Россия банки бор кучини фоиз ва валюта сиёсатининг таъсирчанлигини оширишга йўналтирди ҳамда ликвидликни тақдим этиш ва унинг ортиқчасини камайтириш воситалари бўйича фоиз ставкалари коридорини “торайтирди”.  Аммо иқтисодиётга бир неча ўн йилдан бери охиригача инвестиция қилинмаган ва шундай бўлиб қолаётир.
 
Айтиш жоизки, инфляцион таргетлаш режимини танлаган барча мамлакатлар камида 25 йил давомида турғун халқ хўжалиги пропорциялари ва алоқаларига эга реал бозор шароитларида ишлаш тажрибасига эга эди.
 
Ҳаммаси ҳам Марказий банкка боғлиқми
 
Марказий банк, инфляцион таргетлаш воситаларидан фойдаланган ҳолда, яқин 5-7 йил ичида нарх барқарорлигига эришишни режалаштирмоқда.
 
Бу ўзи нима? Марказий банк инфляциянинг керакли даражасини прогноз қилади, кейин прогноз қилинаётган реал қийматни инфляциянинг мақсадли мўлжаллари билан таққослайди. Прогноз қилинаётган параметрлар ва инфляциянинг мақсадли мўлжали ўртасидаги фарқни келтириб чиқарувчи сабабларни ҳамда ушбу давр учун пул-кредит сиёсатининг асосий параметрларини ўрганиш, фоиз ставкалари ва монетар чекловлар сиёсатига қай тарзда тузатиш киритиш кераклигини кўрсатиши мумкин. Бу худди омилли таҳлилга ўхшайди: режалаштирилаётган кўрсаткичга таъсир қилувчи омиллар аниқланади ва аниқланган омиллар параметрларини ўзгартириш йўли билан режалаштирилган кўрсаткичга келишга ҳаракат қилинади.
 
Аммо бунда бир нечта муҳим саволлар юзага келади, уларга жавоб фақат Марказий банккагина боғлиқ эмас. Энг асосий савол – ҳукуматда, Молия вазирлигида, Иқтисодиёт ва саноат вазирлигида инфляцияни таргетлашга ўтиш дастурларини амалга оширишга халақит берадиган ёки буни имконсиз қиладиган иқтисодиётни ривожлантириш устуворликлари мавжудми?
 
Бир томондан ҳукумат, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлигининг мақсадни танлаши ва бошқа томондан Марказий банкнинг мақсадни танлаши ўртасида фундаментал тафовутлар мавжуд деб ўйлаймиз, афсуски улар очиқчасига муҳокама қилинмайди.
 
Хусусан, 2019 йил октябрь ойида иқтисодиёт ва саноат вазирлиги 2030 йилгача республикани комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш концепциясининг лойиҳасини омма муҳокамасига тақдим этди. Унда Ўзбекистон ҳукумати 2030 йилгача ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) ҳажмини 2,1 баравар ўстиришга, аҳоли сони бошига ЯИМ ҳажмини уч баравар ўстиришга (4 538 долларгача) эришиш ниятида экани кўрсатилган. Белгиланган мақсадларга эришиш учун ўртача йиллик иқтисодий ўсиш суръатини камида 6,4% миқдорида ушлаб туриш талаб қилинади.
 
Ҳужжат муаллифларининг фикрича, аҳоли сони бошига режалаштирилган ЯИМни ўстириш суръати мамлакатга даромад даражаси ўртачадан юқори бўлган мамлакатлар гуруҳидан жой олиш, бандлик муаммосини ҳал этиш, аҳоли даромадларининг ўсишини таъминлаш ва камбағалларнинг улушини икки бараварга қисқартириш, одамларнинг уй-жойга (бир кишига 20 метр квадрат), сифатли ичимлик сувига (100% қамров) ва электр энергиясига (эҳтимолий истъмолни 100% таъминлаш) бўлган эҳтиёжини тўлиқ қондириш имконини беради.
 
Иқтисодиётга йўналтириладиган ички ва ташқи инвестицияларнинг аниқ режаси бўлмаса, назаримда, ЯИМнинг икки баравар ўсишига эришишнинг имкони йўқ. Охирги уч йил ичида марказлаштирилган инвестицияларни ошириш ҳисобидан, энг аввало, Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг маблағлари ҳисобидан ЯИМнинг сезиларли даражада  ўсишига эришилди.
 
Ўзбекистон Республикаси Президенти камбағалликка қарши курашиш вазифасини қўйди ва халқ тадбиркорлиги, энг аввало, ёшлар ва аёллар орасида тадбиркорликни қўллаб-қувватлашнинг конкрет йўналишларини белгилади. Кузатувлардан келиб чиққан ҳолда шуни тахмин қилиш мумкинки, ҳукумат бундан кейин ҳам иқтисодиётни миқдорий рағбатлантириш методларига амал қилади. Бошқача қилиб айтганда, давлат томонидан иқтисодиёт ўсишини рағбатлантириш учун янада кўпроқ пул йўналтирилади. Иқтисодиётга йўналтирилган инвестициялар фақат 3-5 йилдан кейингина натижа бериши ҳисобга олинадиган бўлса, Марказий банк ўрта муддатли истиқболда, иқтисодиётнинг (пул массаси суръатларига нисбатан) ва меҳнат унумдорлигининг нисбатан паст ўсиш суръатларида, ҳар доим пул массаси ўсиши факти олдида туради. Яъни оддий қилиб айтганда,  камроқ товар-қиймат массаси ҳажмига кўп пул массаси қарши туради.
 
Албатта, абсолют рақамлардаги иқтисодиётнинг ўсиш ҳажми пул массаси ўсиши ҳажмидан анча кўпроқ. Аммо унда ўз-ўзидан қуйидаги савол туғилади: иқтисодиёт оддий такрор ишлаб чиқариш мақсадлари учун пул массаси билан етарлича таъминланганми (чунки инфляцион таргетлаш ишлаб чиқаришни кенгайтиришни сезиларли даражада чеклайди)? Бу саволга Марказий банкда жавоб йўқ.

2019 йил давомида абсолют суммадаги ЯИМ, дефляцияни ҳисобга олмаганда 1,2 бараварга, пул агрегати М2 (нақд пуллар, чек депозитлари, ҳисобрақамлар ва жорий банк ҳисобрақамларидаги маблағлар + банклардаги муддатли ва омонат депозитлари + қимматли қоғозлар) эса худди шу давр учун бор-йўғи 1,14 бараварга ўсди. Бошқача сўзлар билан айтганда, яратилган товар-моддий бойликлар (ТМБ)нинг ҳаммаси ҳам ўзининг пул ифодасига (пул эквивалентига) эга бўлмайди ва такрор ишлаб чиқариш жараёни массасини ташкил қилувчилар сифатида ҳисобга олинади. Шу боис – иқтисодиётимиз яна пул массаси ўсишини чеклаши учун етарли даражада монетизацияланганми, деган савол туғилади.
 
Бошқа томондан, Марказий банкда иқтисодиётга таъсир кўрсатувчи барча воситалар борлиги ҳақида гапириш мумкинми? Бунда бизнинг ташқи савдомиз Хитой (бу ерда коронавируснинг иқтисодиётга таъсири ҳалокатли бўлиши мумкин) ёки Россия ва Туркия (улар Сурияда таъсир зонаси учун курашда кенг кўламли низо ёқасида турибди) каби мамлакатларга кучли боғлиқ экани назарда тутилмоқда. Шунингдек Россия турк юкларининг ўз ҳудуди орқали транзитини ёпиши мумкин бўлган гипотетик вазият ҳам ташвишга қўймасдан қолдирмайди.

2020-2021 йилларда Хитой билан савдо-сотиқ ва Хитойдан юклар транзитига (бу ерда Россия ва Эронга деярли муқобил йўқ) нима бўлади…
 
Бу муаммолар кутилмаганда юзага келди. Аммо улар шу даражада жиддийки, Марказий банк учун инфляцияни таргетлаш эмас, балки иқтисодиёт ривожини барча имконли методлар билан рағбатлантириш ҳақида ўйлаш вақти келган кўринади.
 
Қаерга шошяпмиз
 
Инфляцияни таргетлашга ўтиш дастурини амалга ошириш учун танланган вақт ва Марказий банк уни амалга оширишни шошилинч тарзда бошлагани кишини довдиратиб қўймоқда.
 
Биз инфляцион таргетлаш ғоясига ёпишиб олган биринчи мамлакат ҳам, охирги мамлакат ҳам  эмасмиз. Аммо Ўзбекистон бозор воситаларидан узоқ вақт фойдаланиш тажрибасига эга эмас, иқтисодиётнинг барқарорлиги ҳам, назаримда, унчалик эмас.
 
Биз фақат охирги уч йил ичида нормал товар айланмаси жараёнларини жорий этишни ва иқтисодиётимизнинг реал салоҳиятини пайпаслаб кўришни бошладик. Биз ҳали қайси ишлаб чиқариш кучлари, қайси тармоқлар ва йўналишлар биз учун иқтисодиёт локомотиви эканлигини белгилаб олганимиз йўқ.

Сўнгги уч йил даовмида мамлакатимиз, лоббизм ва эркин бозор ўртасида, монополизм ва рақобат ўртасида, урбанизация ва қишлоқни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш ўртасида, йирик саноатни яратиш ёки КЎБ ривожини рағбатлантириш ўртасида оқилона муросани топишга уринган ҳолда, кўп нарсаларни синаб кўрди. Бу қаторни давом эттириш мумкин. Биз ҳамон изланишдамиз, бизда иқтисодиётни бошқаришнинг турғун модели йўқ, бошқача қилиб айтганда – бизда ўзимиз хоҳлаган натижани кафолатлайдиган дастаклар йўқ.
 
Ҳозир МБ инфляцияни таргетлашга ўтиш учун қандайдир бир трансмиссион механизмни ишлаб чиқиш ҳақида кўпроқ гапирмоқда. Бироқ, бу механизм нафақат молиявий ва пул-кредит бошқаруви, балки иқтисодиётнинг реал секторини ривожлантиришни рағбатлантириш, аҳолининг пул даромадларини ўстириш, ўрта синф шаклланишини рағбатлантириш элементларининг мажмуидан иборат экани маълум.
 
Пул-кредит сиёсати воситаларининг иқтисодиёт реал сектори ривожланишига таъсир қилиш характерини тушунмасдан ва таъсир қилиш тезлигини баҳоламасдан туриб, инфляцияни таргетлаш ғоясининг мақсадини тушуниш қийин бўлади.
 
Ўзбекистонда бошқарувнинг янги моделини шакллантириш борасида ҳам, ривожланиш мақсадларининг ўзини белгилаш борасида ҳам жиддий ўзгаришлар юз бермоқда. Ҳозир жавоб олиниши керак бўлган муҳим саволлардан бири бу: биз қандай жамиятни қуришни истаймиз ва бунинг учун қандай воситаларни энг мос келадиган деб ҳисоблаймиз? Шу боис пул-кредит ва молия сиёсатининг асосий йўналишлари бевосита тааллуқли бўладиган мутахассислар, саноатчилар ва тадбиркорлар билан кенг мулоқотсиз, ривожланиш мақсадларига, йиллар бўйича ютуқлар мўлжалларига аниқлик киритмасдан иложимиз йўқ.
 
Бундай муаммоларни фақат биргаликда муҳокама қилишгина ишни қаердан бошлашимиз ва қаерга йўналиш олишимиз кераклигини белгилаш имконини беради. Мамлакатнинг яқин йиллардаги ривожланишини белгилайдиган бу масалада фақат банкирларнинг жиддий мантиғи етарли эмас – жамиятнинг ишлаб чиқарувчи кучлари билан ижтимоий муроса зарур, усиз бизни умидларнинг пучга чиқиши кутиши мумкин.
 
Шу боис биз ушбу мақола билан қандайдир бир мулоқотни, эҳтимол баҳс-мунозарани, бошлашни истадик, чунки жамоатчилик инфляцион таргетлаш воситалари қандайлигини ва у қай тарзда қўлланишини аниқ билиши керак.
 
Абдулла Абдукадиров,
колумнист, Anhor.uz

Давоми бор

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.