Инфляцияни таргетлаш иқтисодиёт ўсишининг тормозланиши сифатида

Ушбу материал “Кичик бизнес: Ўзбекистон банклари учун манфаатли бўлмаган мижоз” мақоласидаги мавзуни давом эттиради.

Ўзбекистон ҳукумати бу йил инфляция даражасини 10 фоизгача, кейинги икки йил давомида эса 5 фоизгача пасайтириш ниятида. “Агар барқарорлик бўлмаса, биз иқтисодий ўсиш бўйича мақсадларимизга эриша олмаймиз”, – дея таъкидлаганди Ўзбекистон президенти тадбиркорлар билан учрашувда. У иқтисодийнинг бир нечта муҳим мақсадларини белгилаб берди.

Муҳим мақсадлар

ЎзЛиДеПнинг X съездидаги нутқида мамлакат президенти иқтисодий ривожланишнинг иккита муҳим мақсади сифатида қуйидагиларни белгилади:

яқин беш йил ичида аҳоли боши сонига ЯИМ 1,6 бараварга оширилади ва 2030 йилга келиб аҳоли бошига даромад 4000 доллардан зиёдга оширилади, бунда мамлакат “ўртачадан юқори” даромадга эга мамлакатлардан бирига айланади;

2023 йил охиригача инфляция даражаси 5 фоизга туширилади. Давлат бюджети тақчиллиги ялпи ички маҳсулотга нисбатан 2,5 фоиздан ошмаслиги таъминланади.

Ҳозирги бозор моҳиятини ҳисобга олган ҳолда, ўсиш драйвери сифатида чиқиши мумкин бўлган яна бир жуда муҳим вазифани белгилаш мумкин – бу “рақамли иқтисодиёт миқдорини камида 2,5 бараварга – 4 млрд АҚШ долларигача ошириш”. Бунда “ҳар бир уй ва ижтимоий муассаса имконли нархларда юқори тезликдаги Интернетга уланади, автомагистраллар 100% мобил алоқа ва Интернет билан қамраб олинади. Халқаро магистрал Интернет тезлиги беш баравар ошади, ҳудудлараро тармоқлар тезлиги саккиз бараварга ошади”.

Келажак беш йил давомида мамлакатнинг иқтисодий ўсиш манбалари ва механизмларига аниқлик киритиш, кўзланган чораларнинг қўйилган вазифаларнинг ҳал қилинишига мувофиқлигига аниқлик киритиш қолади, холос.

Давлат органлари ва Марказий банкнинг баёнотлари

Олдин айтилганидай, 2021 йилда Ўзбекистон ЯИМ 60 млрд АҚШ доллари даражасида бўлиши кутилмоқда, бу 35 млн кишилик аҳоли боши сонига 1714 АҚШ долларини ташкил қилади.

Бу ерда Ўзбекистон аҳолиси сони бўйича барча рақамлар тахминий бўлиб, 2023 йилда ўтказилиши кўзда тутилган аҳолини рўйхатга олиш асосида тасдиқлашни талаб қилишини таъкидлаш жоиз.

Мавжуд рақамлар 1989 йилда охирги бор ўтказилган Бутуниттифоқ аҳолини рўйхатга олиш натижаларига асосланган, унга фақат 22 йил давомида ФҲДЁ органларининг маълумотлари асосида тузатишлар киритилган, холос. Бу статистика одамларнинг механик миграцияси ҳолатларини ҳисобга олмайди (Ўзбекистонда фуқароликсиз доимий яшайдиган шахслар, вақтинчалик яшаётган, аммо мамлакатда қолиш нияти қатъий бўлган шахслар, доимий яшаш учун мамлакатдан чиқиб кетган шахслар, бир неча йилдан бери Ўзбекистонда яшамаётган ва тақдири номаълум бўлган шахслар ва ҳ.к.).

Аҳоли сонининг ўртача йиллик ўсиши 1,5% бўлганида, 2026 йилгача ЯИМнинг аҳоли сони бошига 1,6 баравар ошиши, агар аҳоли сони 37,7 млн кишига етса, мамлакат ЯИМнинг 104 млрд АҚШ долларигача ошишини кўзда тутади. Бу ваъда қилинган кўрсаткичларга эришиш учун Ўзбекистон иқтисодиёти ҳар йили 10-11% дан ортиқ миқдорда ўсиши кераклигини билдиради.

Ҳисоб-китоблар ва асослар тақдим этилмаган

Бироқ бу кўрсаткичларга эришишни асослаши мумкин бўлган ҳисоб-китоблар ҳозирча жамоатчиликка тақдим этилмаган. Шунингдек иқтисодиёт ривожланишининг экстенсив усулларидан ҳам воз кечилмаган, аксинча, халқаро капитал бозорида улкан маблағларни қарз олиш истаги билдирилган (йилига камида 5 млрд АҚШ доллари). Халқ хўжалиги учун кучли туртки бўлиши, иш ўринларини яратиши, жаҳон меҳнатни тақсимлаш бозорида иқтисодиётнинг рақобатбардошлилигини яхшилаши мумкин бўлган лойиҳалар тақдим этилмаган.

Шубҳалар манбаи

Мамлакатнинг жорий ички эҳтиёжлари учун табиий газнинг яққол тотал танқислиги юзага келган ва Туркманистондан газ импорт қилиш одатга айланган бир вақтда “табиий газни қайта ишлаш даражасини 8% дан 20% гача ошириш” режасининг рўёбга чиқишига ишониш қийин. Айрим экспертларнинг таъкидлашича, Туркманистон газини импорт қилишда Россия компаниялари воситачи сифатида чиқмоқда экан.

Ҳатто қайта ишлаш йўлга қўйилди деб тахмин қилинганида ҳам, маҳсулотни сотиш бозорлари ва унинг рақобатбардошлик масаласи юзага келади. Ўзбекистон MTО (methanol to olefin) лойиҳалари дуч келган муаммоларга тўқнаш келиши мумкин, ўшанда якуний маҳсулот нархи жаҳон нархларидан бир неча баравар қиммат бўлиб чиққанди.

Агар бундан ички саноат ва маиший истеъмол азият чекадиган бўлса, тадбиркорлар самарали ишлай олмайди ва ЯИМ бўйича ўз қисмини ишлаб чиқара олмайди, аммо жарангдор шиорлар ортида бу ҳақда унутишган кўринади.

Энергетика ресурсларининг улгуржи бозорини шакллантириш зарурати ҳам шубҳа туғдирмоқда, чунки уларни ишлаб чиқариш, транспортировка қилиш ва истеъмолчиларга сотишга монополия мавжуд. Агар охир-оқибатда бу “ғоялар” монополиялаштирилган қудратли тузилманинг яратилишига олиб келса, унда энергетика ресурсларининг бозори “монополист корхоналар томонидан ўрнатиладиган нархлар бўйича тўлов қобилиятига эга талаб” даражасигача торайиши мумкин. Бу шубҳасиз барча иқтисодиёт тармоқларининг стагнациясига ва деградациясига олиб келади.

Ушбу саволларга жавобсиз йирик инвестицион лойиҳаларнинг ҳаммаси муайян шахслар гуруҳи томонидан улкан давоат маблағларининг ўзлаштирилиш каналларига айланиши мумкин.

Иккинчи муҳим “мақсад” – 2023 йилда инфляция даражасини 5% гача етказиш масаласига тўхталадиган бўлсак, биз молиявий барқарорлик индикаторларидан бирини  иқтисодий ривожланиш мақсади сифатида қўяётган дунёдаги ягона мамлакат бўлсак керак.

Пул агрегатлари

Марказий банк: номувофиқликни мувофиқлаштириш

Фуқаролар Ўзбекистон Марказий банки ҳаракатларининг мантиғини тушуниши муҳим. Эҳтимол, банкнинг ўзи ҳам айнан қарз маблағларининг мамлакат иқтисодиётига қилинаётган улкан “қуйилмалари” иқтисодиётни ушлаб турганини ва охирги 5 йил ичида унинг драйвери бўлиб хизмат қилаётганини тушунаётгандир. Бироқ, бунда давлат харажатлари (шу жумладан, инвестицион), бюджет танқислиги ҳам ошмоқда, айирбошлаш курси эса барқарор бўлиб, инфляция аста-секин пасаймоқда. Бундай турли йўналтирилган кўрсаткичлар қандай қилиб бирлаштирилиши ва бу ерда нима яширилгани, тушунарсиз.

Кузатувлар шуни кўрсатмоқдаки, Ўзбекистон МБ  инфляцияни қисқартириш ва барқарор айирбошлаш курсини ушлаб туришнинг фақат битта усулини билади – бу иқтисодиёт, шу жумладан хуфия, норасмий иқтисодиётнинг ўсиш кўлами қандай бўлишидан қатъий назар, тор пул массасининг абсолют миқдорини (иқтисодиётнинг ҳақиқий айланмасидаги пуллар – М1 агрегати) бир хил даражада иложи борича узоқроқ ушлаб туриш.

Тақдим этилган жадвалга бир назар солинг: 2020 йилнинг (пандемия йили) сентябрь ойидан бошлаб август ойигача М1 агрегатининг кўрсаткичи бор-йўғи 1,28% га ўсган, бироқ расмий статистикага ишонадиган бўлсак, ЯИМ фақат 2021 йилнинг биринчи ярим йиллиги учун йиллик 6,2% га ошган (ҳаммаси МБ маълумотлари).

Пул массаси иқтисодиёт фаолиятининг ҳаракатлантирувчи кучи ҳисобланади, агар пул массаси регулятор томонидан сунъий равишда  камайтирилса ва мамлакатнинг олтин-валюта ресурслари муайня мақсадсиз кўпайтирилса, у муваффақиятли ривожлана олмайди. Жадвалдан кўриниб турибдики, ҳозир Ўзбекистон иқтисодиёти билан айнан шу нарса содир бўлмоқда.

Амалда МБнинг ҳаракатлари асосий ва захира капитал бўйича, ликвидлилик бўйича, активларнинг, шу жумладан кредитларнинг капиталга нисбати бўйича, кредитларни бериш тартиби бўйича, таваккалларни баҳолаш ва қўшимча захираларни яратиш бўйича тижорат банкларига қўйилган талабларни кучайтириш билан якунланмоқда. Натижада, банкларнинг ҳаммаси битта ечимга келяпти: кичик миқдордаги мижозларни танлаш ва уларга йирик кредитларни бериб, ўз кредит портфелини олдин берилган кредитларни қайтариш даражасида ушлаб туриш, имкониятларни эса МБнинг асосий мақсадига, яъни инфляция даражасини қисқартиришга эришиш йўлида камайтириш. Ушбу ҳаракатларнинг салбий иқтисодий ва ижтимоий натижаси – ўсиш суръатининг, айниқса кичик ва ўрта бизнес ривожланишининг ушланиб қолиши.

Молиявий барқарорликнинг иқтисодий ўсиш гарови сифатида муҳим экани ҳақидаги тезис ЯИМнинг 2-3% ўсиши катта муваффақият ҳисобланадиган ривожланган мамлакатлар учун яхши. ЯИМнинг йиллик 10-11% ўсишига эришишни мақсад қилиб қўядиган ривожланаётган мамлакатлар учун эса, шу жумладан (агар энг аввало бўлмаса) ички инвесторларнинг улкан инвестицион “қуйилмалари” керак, бу инвесторларга эса арзон ва узоқ муддатли молиявий ресрурслар зарур. Улар учун йиллик 10% ёки 5% инфляция унчалик фарқли эмас, улар учун барқарор талабнинг мавжудлиги ва нисбатан арзон молиявий ресурслардан фойдаланиш имконияти муҳимроқ. МБнинг ҳаракатлари эса мамлакат ичида глобал тўлов қобилиятига эга талабни қисқартиришга йўналтирилган, чунки улар айланмадаги пуллар ҳажмининг сунъий чекланишига қаратилган.

Яна шубҳа-гумонлар ва саволлар

Шу боис ЯИМни 1,6 бараварга ошириш ва бир вақтнинг ўзида инфляцияни 5% даражасида ушлаб туриш бўйича вазифалар вектори қарама-қарши томонга йўналтирилган деб ўйлайман, улар бир-бирига тўғри кела олмайди. Ниманидир қурбон қилишга тўғри келади. Бу ҳақда биз, агар статистика ҳаққоний ва холис бўлса, жуда тез орада билиб оламиз.

Сайловларгача бир ярим ойдан сал кўпроқ вақт қолди, саноатчилар ва иқтисодчиларнинг тажрибали жамоаси қўйилган саволларга ишонарли далилларни ва жавобларни топишига умид қиламиз.

Абдулла Абдуқодиров, Anhor.uz нашрининг молиявий таҳлилчиси

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.