Яшил технологиялар қандай қилиб Ўзбекистонда кичик ва ўрта бизнесни ривожлантиришга ёрдам беряпти

“Яшил технологиялар” Ўзбекистонда кичик ва ўрта бизнесни ривожлантиришга қандай ёрдам бермоқда – 23 ноябрь куни Тошкентда бўлиб ўтган анжуманда шулар ҳақида сўз борди. Ташкилотчилар кичик ва ўрта бизнес вакилларига замонавий энергия тежамкор технологиялар, энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва Яшил иқтисодиётни молиялаштириш фонди (GEFF) имкониятлари орқали углерод чиқиндиларини камайтириш йўллари ҳақида маълумот берди.

Анжуманда 38 мамлакатдан инвесторлар ва технологиялар етказиб берувчиларини бирлаштирган онлайн платформа (TGS) тақдим этилди, у Ўзбекистондаги ускуналар ишлаб чиқарувчилари ва сотувчилари учун янги молиявий имкониятларни тақдим этади.

Каталог Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) кўмагида Яшил иқтисодиётни молиялаштириш дастури (GEFF) доирасида ишлаб чиқилган. Бу харидорларга ЕТТБнинг техник талабларига жавоб берадиган энг яхши технологияни топишда ёрдам беради ва молия ташкилотларига молия лойиҳаларини танлашда йўл-йўриқ кўрсатади.

“Кўпгина ҳамкор молия институтлари – банклар, лизинг компаниялари, микромолия ташкилотлари мақсадли яшил молиялаштириш дастурлари доирасида кредит бериш тўғрисида қарор қабул қилишдан олдин лойиҳаларни техник баҳолаш учун GTS дан фойдаланадилар”, — дейди TGS вакили Бауржан Адайбеков. Унинг сўзларига кўра, иқтисодий ва экологик самарадорликни таъминловчи дунё бўйлаб ишлаб чиқарилган ушбу энг яхши технологиялар GTS нинг асосини ташкил этади.

Анжуманда бизнесни ривожлантириш учун энергияни тежаш, муҳандислик ва экологик ечимларга оид лойиҳалар намуналари тақдим этилди. Иштирокчилар “Ипак йўли”, «Ўзсаноатқурилишбанк», «Ҳамкорбанк» ҳамкор банклари орқали «яшил» технологияларни жорий этишни назарда тутувчи ЕТТБнинг кичик ва ўрта бизнесни молиялаштириш ва ривожлантириш бўйича амалий имкониятларини муҳокама қилди.

ЕТТБ таҳлилчиси Улуғбек Қурбонов Ўзбекистондаги фаолиятнинг устувор йўналишлари ҳақида гапирар экан, давлат, хусусий ва тижорат секторларида, жумладан, қазиб чиқариш тармоғида энергия самарадорлиги ва ресурслар самарадорлиги, атроф-муҳитни тиклаш ва иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатишга инвестицияларни қўллаб-қувватлашини таъкидлади. ЕТТБ томонидан молиялаштириш учун лойиҳаларни кўриб чиқиш шартларидан бири – бу маҳаллий иқтисодиётга фойда келтириши ҳамда ЕТТБ ва Ўзбекистоннинг экологик стандартларига мувофиқлигидир.

ЕТТБнинг “Ўзбекистонда кичик бизнес учун консультациялар” дастури раҳбари Шерзод Акбаров яшил технологияларни жорий этиш ҳақида гапирар экан, шундай деди: “Кичик бизнеснинг яшил технологияларни жорий этиши маълум харажатларни ўз ичига олади ва компания биринчи қадам учун ҳар доим ҳам маблағга эга бўлавермайди, аммо бундай инвестициялар ўз самарасини беради. Бугунги тақдимотимиз Ўзбекистонда яшил иқтисодиётни ривожлантиришда кичик ва ўрта бизнес муҳим роль ўйнашини намойиш этади”.

Шерзод Акбаровнинг сўзларига кўра, дастур кичик ва ўрта компанияларга корхона фаолиятини сифат жиҳатидан яхшилай оладиган маҳаллий маслаҳатчиларни жалб этиш орқали турли бизнес-вазифаларни ҳал қилишда ёрдам беради. Устувор йўналишлардан бири яшил технологиялар – энергия ва ресурслар самарадорлиги, инжиниринг, экология ҳисобланади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.