Ўзбекистонда автомобиль тармоғини ривожлантириш истиқболлари тўғрисида

Ўзбекистон автомобиль саноатидаги ишлар ҳолати ҳақидаги аввалги мақола кўплаб мунозаралар ва баҳсларни келтириб чиқарди. Ўзбекистон автосаноатининг тақдиридан ҳақиқатдан ташвишланаётган мутахассислар нафақат мақолада баён этилган айрим жиҳатлар бўйича аниқликлар олиш истагини билдирди, балки тармоқни ривожлантириш истиқболлари ҳақидаги ўз фикрлари билан ҳам ўртоқлашди. Ушбу мақола олдинги материал чоп этилганидан сўнг таҳририят томонидан олинган материалларнинг умумлашмаси бўлиб, “буёғига нима қилиш мумкин?” деган саволга бағишланган. Мақолада, хусусан, ҳукуматимиз томонидан тармоқни таҳлил қилиш учун жалб этилган хорижий консалтинг гуруҳларининг материалларидан фойдаланилди.

Энг аввало, автомобиль тармоғидаги умумий импорт ҳажми (2,34 млрд АҚШ доллари) нафақат енгил, балки юк машиналари, автобуслар, ишлаб чиқариш ускуналари, технологик ва техник жиҳозланиш импортини ҳам ўз ичига олади. Шунга қарамасдан, агар бозор қандай машиналарни ва қандай шартларда импорт қилиш кераклигини ўзи танлаганида эди, импорт тузилмаси мамлакат иқтисодиётининг реал эҳтиёжларига йўналтирилган бўларди ва валюта маблағларининг сарфи, импорт қилинадиган автомобиллардан фойдаланганда, мамлакат ичида қўшимча қўшилган қийматни яратишга аниқроқ йўналтириларди, деб ўйлайман.

Тармоқда охирги уч йил ичида экспорт 3 бараварга ошганига ва биз кўрсатган ҳажмни ташкил қилганига қўшиламан. Бироқ, бу рақам, агар пухта ўйланган стратегик қарорлар қабул қилинмаса, энди сезиларли даражада ўсмайди. Ҳар қандай сценарийда ҳам Ўзбекистон автомобиль тармоғининг экспорт салоҳияти тармоқ яқин 10-15 йил ичида фаолият кўрсатиши ва ривожланиши учун зарур бўлган валюта маблағларининг катта қисмини қоплай олмайди.

Шунингдек, тармоқ конкрет лойиҳалар остига тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб этмаслигини, балки ривожланиш учун кредит олишини таъкидламоқчиман. Бироқ бу кредитлар “Ўзавтосаноат” АЖнинг операцион бошқарувидаги давлат активлари билан, келгусидаги эҳтимолий валюта тушумлари билан таъминланади. Ушбу кредит ресурслари ўзини оқлаши истиқболлари қандай ва улар стратегик ривожланиш вазифаларини ҳал қилишга қай даражада йўналтирилган? Ушбу саволларга жавоб бермасдан туриб, тармоқ инвестицион сиёсатининг самарадорлигига баҳо бериш қийин.
 
Автомобиль тармоғини ривожлантиришнинг стратегик йўналишлари ҳақида

Мен тармоқни ривожлантиришнинг учта йирик сценарийсини кўряпман:

1) маҳаллий концерн учун янада кўпроқ ички бозор йўқотишларига эга бўлган ҳолда фақат GM билан ҳамкорликни давом эттириш ва биз ёзган салбий тенденцияларнинг ҳаммасини ошириб бориш;

2) улкан жарималарни тўлаш таваккалига ва инвестицион шерик сифатидаги мамлакат имижининг йўқотилишига эга бўлган ҳолда GM билан ҳамкорликдан воз кечиш, қўшни мамлакатлардаги каби (Қозоғистондан ташқари) бозорни импортга тақдим этиш;

3) маҳаллийлаштиришни чуқурлаштириш истиқболи ва мамлакат ичида муҳандислик-лойиҳалаш салоҳиятининг аста-секин шаклланиши билан, таниқли халқаро йирик ОЕМ ишлаб чиқарувчиларининг  энг кўп сотиладиган моделларини йиғиш учун Ўзбекистон автомобиль саноатини SKD/CKD  бўйича саноат хабига айлантириш.

Учала сценарийнинг ҳаммаси ҳам GM нинг Ўзбекистон автомобиль саноатини ривожлантириш истиқболлари бўйича позицияларини батафсил билишни талаб қилади.

1-Сценарийнинг ривожланиш истиқболларига баҳо беришга уриниб кўрамиз:

Бугунги кунда “Ўзавтомоторс” АЖ маҳсулотининг умумий ҳажмидан сотувларнинг 81 фоизи A/B/C/LCV (Damas/Labo, Spark, Nexia, Cobalt) синфидаги оммабоп автомобиллар сегментига тўғри келади. Улар 11 минг АҚШ долларидан паст нархда сотилади, бу автомобиллар харидини муайян кредитлаш сиёсатида тўлов қобилиятига эга ўртача эҳтимолий харидор учун инвестицияларнинг мақбул даражаси ҳисобланади. Бироқ, айнан шу сегментда ишлаб чиқариш ҳажмлари талаб ҳажмига етолмаяпти, харидорлар тоборо кўпроқ қимматроқ моделлар қаторига (Lacetti, Tracker ва Onix) ва тегишли синфга мансуб Hyundai ва Kia (ҳатто жуда катта бож билан ҳам) ҳамда Lada автомобиллари импортига мурожаат қилишга мажбур бўлмоқда.

“Ўзавтомоторс” АЖ томонидан таклиф этилаётган янги моделлар қатори 11,5 минг доллардан 16,6 минг долларгача бўлган нархлар диапазонини қоплайди, бу GM учун ва гунга мос равишда “Ўзавтомоторс” АЖ учун ички бозорнинг йўқотилиш истиқболларини мутлақо яққол қилади. Мамлакат қимматбаҳо моделларни импорт қилишдан ҳеч қандай яратувчанликка эришолмайди.  
 
Айнан шунинг учун ҳам “Ўзавтомоторс” АЖ иложи борича тезроқ GM билан ҳамкорликка сарфланаётган катта харажатларни қандай инвестиция ва ишлаб чиқариш сиёсати оқлашига аниқлик киритиши зарур, чунки ҳар йили тармоқ концернга Роялти кўринишидаги катта маблағларни ва компонентларга устамаларни (таҳририятда мавжуд бўлган маълумотларга кўра, ишлаб чқарилган машиналар сонига қараб, йилига салкам 200 млн АҚШ доллари) тўлайди.

«Ўзавтомоторс» АЖ/ «Ўзавтосаноат» АЖ ва General Motors ўртасидаги келишувнинг ўзи чоп этилмаган. Шу боис ушбу келишувнинг бекор қилиниш истиқболлари ва эҳтимолий оқибатлари ҳақида ёки унга маҳаллий автомобиль саноатини ривожлантириш манфаатларини акс эттирадиган бирор-бир сезиларли ўзгаришларни киритиш ҳақида фикр юритиш қийин. Бизда жамоатчилик фикри мамлакатни танлашда ҳал қилувчи омил бўла олмайди деган фикр мавжуд. Бироқ энди “барча карталарни очиш” ва мутахассисларнинг кенг доирасини жалб этган ҳолда, мамлакат автомобиль тармоғини ривожлантиришнинг кейинги истиқболларини дадил муҳокама қилиш пайти келди. Бу мураккаб, ҳар доим ҳам ёқимли бўлмаган жараён, аммо 29 йил давомида стратегик масалалар бўйича қарорларни тор доирада қабул қилиш амалиёти нимага олиб келганини фуқаролар кўриб турибди.

General Motors билан ҳамкорлик истиқболлари ва муқобиллари

GM  билан ҳамкорликдан воз кечиш мамлакат учун унча яхши бўлмаган оқибатларга олиб келиши мумкин. Бироқ, агар улар билан тўпланиб қолган муаммолардан чиқишнинг мақбул “йўл харитасини” келишиб олишга муваффақ бўлинмаса, унда 5-6 йилдан кейин бу кўрилиши керак бўлган мажбурий чорага айланади.

Шу боис учинчи йўл маҳаллий автосаноатни ривожлантиришнинг энг афзал сценарийси ҳисобланади, яъни Ўзбекистон автомобиль саноатини таниқли халқаро йирик ОЕМ ишлаб чиқарувчиларининг  энг кўп сотиладиган моделларини йиғиш учун SKD/CKD  бўйича саноат хабига айлантириш.  Мамлакатга йирик концернлар – ОЕМ (original equipment manufacturer) келиши учун GM га даромадларни камайтирмаслик кафолатларини тақдим этган ҳолда уни бунга ишонтириш зарур. Экспертларнинг ҳисоб-китоблари, импортни ошириш ва маҳаллий ишлаб чиқарувчи учун ички бозордаги тоборо кўпроқ йўқотишлар бўйича мавжуд трендда, GM нинг эҳтимолий йўқотишлари мавжуд кўламнинг 2/3 ни ташкил қилиши мумкин.
 
Ечим ҳар бир ишлаб чиқарувчи учун бозорни сегментациялашда ва уларнинг ҳар бирини энг аввало ички бозор эҳтиёжларини қоплашга йўналтиришда ва тайёр автомобиллар импортини қисқартиришда бўлиши мумкин. Мамлакатнинг ҳақиқатдан ҳам манипуляторлар, автокранлар учун ишлаб чиқариш асоси (платформаси) бўлиши мумкин бўлган машиналарга, енгил транспорт машиналарига, тез ёрдам машиналарига, кенг кўламли дезинфекция ишларини ўтказиш учун мўлжалланган машиналарга эҳтиёжи бор. Бошқача қилиб айтганда, Ўзбекистон автосаноатининг келажаги ишлаб чиқаришни мамлакатнинг ички эҳтиёжларига мослаштириш имкониятларидан иборат, бу шубҳасиз қўшилган қийматнинг тўпланишига ва ўзининг автомобиль саноати мавжуд бўлмаган қўшни мамлакатларга экспорт қилишга мўлжал олишга олиб келади.
 
Йўл-йўлакай бошқа масалалар ҳам ҳал қилиниши керак, хууссан, утилизацион йиғимнинг бир қисмини олиш механизми, ишлаб чиқаришнинг маҳаллийлаштириш даражасига қараб солиқ имтиёзларини қўллашнинг адекватлиги.
 
Маълумки, Renault, Kia ва Lada каби йирик концернлар Ўзбекистон ҳукуматига ва “Ўзавтосаноат” АЖга уч йил ичида SCD йиғишдан (йирик узелли) CKD йиғишга ўтиш (майда узелли – complete knock-down) асосида ва биринчи йили автомобиллар сони 10 мингдан ошадиган, тўртинчи йили эса 100 минггача бўлган ҳажмда моделларни ишлаб чиқариш бўйича ўз таклифларини берган. Бунда таклиф этилаётган машиналарнинг моделлар қатори оммабоп эди, масалан: Renault (Logan,Duster), Lada (Vesta, Granta), Kia (Rio, K5, Seltos), Hyundai (Solaris, Creta). Бироқ логистика, янги ишлаб чиқариш линияларини яратиш чиқимлари, маҳаллийлаштирилаётган машиналарнинг таннархи дастлабки 5 йил давомида 10-15% га ўсади. Келгусида нархларнинг пасайиши рақобатга ва мамлакат ичида эҳтиёт қисмларни ишлаб чиқариш ҳажмларининг ўсишига боғлиқ бўлади.
 
Бундай “маҳаллийлаштиришдан қимматлашиш” ҳар доим хушёр торттирадиган ва тормозлайдиган омил ҳисобланади. Бироқ мавжуд ишлаб чиқариш салоҳиятини сақлаш мақсадларида, орттирилган қурилиш ва йирик саноат тузилмаларини бошқариш тажрибаси бундай қурбонликларни оқлайди, бунинг устига улар 10-15 йил ичида қопланади.
 
Асосийси шундаки, мамлакатга 4-5 та OEM келиши билан инвесторларда эҳтиёт қисмлар ва деталларни ишлаб чиқаришни ташкиллаштиришга пул сарфлаш “иштаҳаси” кўпроқ пайдо бўлади, чунки талаб кўламлари ва унификацияланган деталлар ва узелларни ишлаб чиқариш эҳтимоли анча катта бўлади, бу тармоққа барқарорлик олиб келади. Бу ерда энди хусусий инвесторлар томонидан илгари сурилган деталлар ва узелларни ишлаб чиқаришни рағбатлантириш бўйича бошқача сиёсат зарур.
 
Шунингдек, фойдаланувда бўлган автомобиллар импорти ҳар қандай автомобиль тармоғининг асосий рақобатчиси эканини ҳам назардан қочирмаслик керак. Айнан шунинг учун божхона йиғимларининг оқилона сиёсати нархларнинг асоссиз кўтарилишини тормозлайди, ишлаб чиқарувчиларнинг чиқимларни қисқартиришга ва бир вақтнинг ўзида сифатни таъминлашга бўлган интилишига кўмаклашади.
 
Ўйлашимча, тармоқ учун фуқароларни “дўстлар” ва “душманларга” ажратмасдан, тармоқнинг ривожланиш истиқболлари борасида жамоатчилик баҳс-мунозараларини қўллаб-қувватлаш фойдалироқ бўларди.
 
Абдулла Абдуқодиров
Anhor.uz иқтисодий шарҳловчиси

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.