Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилаётган UzWaterAware лойиҳаси доирасида Марказий Осиё минтақавий экология маркази (МОМЭМ) Замонавий журналистикани ривожлантириш маркази (ЗЖРМ) билан ҳамкорликда ёш журналистлар, блогерлар ва сув-экология мавзусига қизиққан ҳамда ахборот билан ишлаш малакасини оширишга интилган барча хоҳловчилар учун бепул онлайн ўқув курсини ишлаб чиқди ва йўлга қўйди. 
 
www.uzwateraware.uz ҳаволаси бўйича жойлаштирилган “Барқарор ривожланиш мақсадида сувдан оқилона фойдаланиш масалаларини ёритиш” онлайн ўқув курсини ҳар бир хоҳловчи ўзига қулай бўлган вақтда ўтиши мумкин. Ишга туширилганидан кейинги бир ой мобайнида платформа синов тартибида ишламоқда, ўзбек ва рус тилларидаги тизимни текшириш ишларида талабалар ва ёш журналистлар аллақачон иштирок этиб улгуришди.
 
“Макаб ва олийгоҳлардаги ўқув дастурларида экология масалаларига ҳозирда кам эътибор қаратилаётганини инобатга олган ҳолда ушбу ўқув курси синфдан ташқари ва очиқ дарсларни ўтказишда фойдаланиш мумкин бўлган бепул маълумотларга бой қўлланма ролини ўтайди, – таъкидлади МОМЭМнинг Ўзбекистондаги филиали директори Шаҳноза Умарова. – Ундан улкан диёриизнинг исталган чеккасидан туриб, интернетга уланган компьютер бўладими, ноутбук, планшет ёки смартфонми – ҳар қандай ускуна ёрдамида фойдаланиш мумкин. Онлайн ўқув курсининг қулай, замонавий ва оддий формати ёшларни ҳақиқатан ҳам қизиқтира олади, экология ва сув ресурслари мавзулари бўйича билимларини оширишга ҳисса қўшади, деган умиддамиз”. 
 
Юқорида айтганимиздек, ушбу курсдан исталган қулай вақтда, шунингдек, таътил вақтида ёки асосий ўқиш билан бир вақтда фойдаланиш мумкин. Курс иқлим ўзгариши, сув ресурслари ҳамда экология соҳасидаги маълумотлар билан ишлаш кабиларга бағишланган 21 та мавзуни ўз ичига олган. Ҳар бир мавзу якунланганидан сўнг билимларни тешириш учун тест, саволлар ёки уйга вазифа берилади.
 
Ўқув курсининг формати билимларни ошириш билан бирга уларни текшириш имконини ҳам тақдим этмоқда. Курс ўз ичига олган 21 та мавзу иқлим ўзгаришлари масалалари қаторида сувдан самарали фойдаланиш технологияларига ҳам бағишланган. Курс тўлиқ муваффақиятли якунланган тақдирда фойдаланувчининг e-mail манзилига электрон сертификат юборилади.
 
“Таъкидлаш керакки, ушбу онлайн платформа курс муаллифлари билан мажбурий  “жонли” тескари алоқани ҳам таъминлайди, аммо бунинг учун фойдаланувчи курсни охиригача тугатиши зарур, – тушунтирди ЗЖРМ директори Саида Сулаймонова. – Ўқув курсининг барча тўрт қисми тугалланганидан кейин 5 иш куни мобайнида муаллифлар ўтилган вазифалар бўйича изоҳлар билан албатта тескари алоқага чиқишади. Эко-журналистика йўналиши бўйича келгусида ривожланишга қизиққан, мавзуга киришиб кетган ёш журналистлар билан эса биз янада яқин профессионал  муносабатларни йўлга қўямиз”.  
 
Шундай “жонли” тескари алоқани ҳақиқатан ҳам йўлга қўйиш имкони пайдо бўлиши, платформа шунчаки балларни эмас, айнан конструктив ва индивидуал тўғридан-тўғри коммуникацияни тақдим эта олиши учун МОМЭМ филиали ўқув курсини ишлаб чиқиш ва дастурий таъминотини яратиш учун мутахассислари ёш журналистлар, блогер ва турли медиа-ресурслар билан ишлаш борасида катта тажрибага эга бўлган ишончли ННТ-ҳамкорни жалб этди.  UzWaterAwareнинг ушбу лойиҳаси ўз якунига етганидан сўнг www.uzwateraware.uz ўқув онлайн платформаси уни доимий равишда ривожланитириш, такомиллаштириш ҳамда янги маълумотлар ва вазифалар билан бойитиб бориш мақсадида ЗЖРМга тўлалигича тақдим этилади.