Бўстонлиқ туманида олмазор кесиб ташланмоқда

Бўстонлиқ туманида олмазор кесиб ташланмоқда

Нанай қишлоғи Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида, Чорвоқ сув омбори тепасидаги тоғларда жойлашган. Ҳозир нанайликларнинг бошига кулфат тушган. Оқсарсойнинг юқори томонида жойлашган олмазор кесилмоқда. Аввал бу боғ колхозники эди, кейин у мулкдорсиз қолди. Маҳаллий аҳолининг ўзи боққа қараб турди: энди у эгасиз эмасди, шу ерлик аҳолининг ҳаммасиники бўлди. Одамлар боғни ардоқларди, олма, наъматак теришарди. Ҳозир айтишларича боғ ўрмон хўжалигининг мулкига киритилган. Бу ҳақда Sreda.uz нашри ёзади.

Илиқ сентябрь кунларининг бирида бу ерда дарахт кесувчилар келди. Маҳаллий аҳолига Соғлиқни сақлаш вазирлиги бу ерни шифобахш ўсимликлар етиштириладиган жойга айлантирмоқчи эканини айтишди. Бироқ доривор ўсимликларни етиштириш учун сал юқорироқда бўш ерлар бор. Аммо бу “афсонани” текширишнинг иложи йўқ. Нанайликларнинг тахминларига кўра, кимдир сарой қуриш учун шу текис жойни кўз остига олиб қўйган. Мана, боғнинг катта қисмидан фақат тўнкалар қолди, холос.

Бу жойга олиб келадиган автомобиль йўлини қуриш бўйича қимматбаҳо ишлар ҳам бошланган. Йўл давлат маблағларига ётқизилмоқда. Бундай қурилишни амалга ошириш учун талабгор  тадбиркор топилмаса керак. ОАВда бу ерда “Билдирсой-Чимён-Нанай” халқаро курорти бўлиши, бу борада “Тоғли ҳудудларда туристик инфратузилмани ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳукумат қарори қабул қилингани ҳақида хабарлар тарқалган. Лойиҳа нархи – 47,9 млн евро. Нанайликлар хавотирда, балки кулфат шунинг учун келгандир?

Тоғларда боғ етиштириш қанчалар қийин, уни йўқ қилиш эса жуда осон. Нега ахир айнан одамлар бахтиёр ва бировнинг ёрдамисиз яшаётган жойда? Бировнинг кулфатидан бахтли бўла олмайсиз.

Қарорда курорт ҳудудида жойлашган ер участкалари босқичма-босқич E-IJRO-AUKSION электрон майдончаси ёрдамида сотилиши айтилган. Участкаларни сотиш ҳақидаги қарор Бошқарув бўйича кенгаш томонидан қабул қилинади. У олмазор бўйича қарорни қабул қилиб бўлдимикин? Буни ким текширади? Экологларми, ўрмончиларми, Вазирлар Маҳкамасими?

Тоғли Нанай аҳолиси қайғуда. Ахир боғ уларни, уларнинг чорвасини (бу ерда емиш мўл-кўл), шу ерларда яшайдиган ёввойи ҳайвонларни боқаётганди-да. Бу ер заминимизнинг гўзал масканларидан бири, баланд тоғлар орасида жойлашган мўъжизакор боғлар. Бу нанайликларнинг она тупроғи, тоғда эса у шундоқ ҳам кам.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.