Вазирлар Маҳкамаси мебель саноати учун дарахт етиштириш ҳақида қарор қабул қилди

Шу йил 19 февраль куни Вазирлар Маҳкамаси томонидан мебель саноати учун дарахт етиштириш тўғрисида қарор қабул қилди. У шундай номланади: “Ёғочсозлик саноати хомашё базасини мустаҳкамлаш ва соҳани янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”.  Ўрмонлар ҳақида эмас, балки мебелчилар ҳақида сўз бораётгандай.  Мебель саноати учун ёғоч импортини қисқартириш учун Ўзбекистон ҳудудида сифатли ёғоч плантацияларини яратиш керак, деб ёзади sreda.uz нашри.
 
Қарорда нимани ва қандай майдонларда экиш кераклиги айтилади. Қишлоқ хўжалик айланмасидан чиқарилган ерларда… Бундай шўр босган, бонитети паст, минераллашган ер ости сувларининг сатҳи юқори бўлган ерлар мамлакатда кам эмас. 2021-2022 йилларда 3173 гектар ерда ўрмон плантацияларини яратиш режалаштирилган. Тоғ олди ҳудудларида ҳам шу икки йиллик муддат ичида 1327 гектар майдонда ёғоч плантацияларига асос солиш режалаштирилмоқда. Хўш, қарорда қайси дарахт турлари тилга олинган? Ёнғоқ, чинор, шумтол, қайрағоч. Қарорга иловада тез ўсадиган павловния дарахтига ҳам эътибор қаратилган.
 
Бу ерда 2020 йил март ойида чоп этилган “Ўзбекистонда ўрмонларни қандай кўпайтириш мумкин?” сарлавҳаси остида чиққан интервьюни эсламасдан бўлмайди. Ушбу сатрлар муаллифининг саволларига  фан номзоди, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ҳузуридаги ўрмон хўжалиги илмий-тадқиқот институтининг селекция, уруғчилик ва питомниклар хўжалиги лабораториясининг раҳбари Евгений Ботман жавоб берганди.
 
Саволлардан бири ўтин учун ёғоч олиш плантацияларига тааллуқли эди. Жавоб: “Ҳозир Ўзбекистонда ихтисослашган ўтин плантациялари деярли мавжуд эмас. Биз уларни мамлакатнинг барча табиий зоналарида яратишимиз мумкин. Давлат ўрмон фонди ерларига мамлакат ҳудудининг 22 фоизи киради. Агар ихтисослашган ўтин ёғочи плантациялари яратилса, унда мамлакат икки томонлама фойда олади. Давлат ўрмон фонди ерларида ўтин ва иш ёғочи плантацияларини яратиш масаласи ҳали ўрганилади ва ҳал этилади”.

Суҳбатда биз иш ёғочи плантацияларини яратиш масаласига ҳам тўхталдик. Бироқ у пайтда мутахассис бу борада анча пессимистик руҳда эди. Бундай плантацияларга сув керак бўлади. Агар Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул қилинса, демак, сув масаласи ҳам ҳал қилиниши керак. Агар бу йил сув тақчиллиги бўлса, бунинг имкони бўлармикин? Сув биринчи навбатда – далаларга. Ўрмон плантацияларига етармикин?
 
Қарорни амалга оширишда аҳамиятга эга бўлган яна бир муҳим масала – зараркунанда-ҳашоратлар ва дарахтлар касалликлари. Ўрмон плантациялари учун бу таҳдидларни олдиндан кўзда тутиш зарур. Мутахассис фикри: “Ўрмоннинг энтомологик ва фитопатологик ҳолатини доимий мониторинг қилиш муҳим, оммавий касалланиш таҳдиди бўлган тақдирда, ўз вақтида кўриладиган профилактика чоралари, зарурат бўлганида эса курашиш бўйича тезкор чоралар зарур”. Ҳам кимёвий, ҳам биологик. Махсус техника талаб қилинади ва, албатта, мутахассис кадрлар… Улар дарахтларнинг ўзига хос хусусиятларини билиши керак. Масалан, ёнғоқни. Бу дарахт ўзига хос феъл-атворга эга бўлиб, тоғ олди ҳудудларини ёқтиради. Чинор ҳам ўзига хос хусусиятга эга, у дарё ёки сув ҳавзаси яқинида ўзини яхши ҳис қилади.

2021 йилда экиш учун кўчатлар сони 2783,6 мингта этиб белгиланди. Эҳтимол кўчатлар питомникларда етиштирилган ва яхши сифатга эгадир. “Уч миллионга яқин” деган рақам – жуда катта. 

Саноат учун ёғоч плантацияларини яратиш – жуда яхши ечим. Унга нафақат мебель саноатининг ривожланиши боғлиқ. Ҳар бир ўрмон плантацияси – бу иқлим ўзгаришига мослашиш ва биохилмахиллик учун кенг шароитлар яратиш бўйича мамлакатнинг муҳим қадами ҳамдир. Асосийси, режаларни амалга оширганда, барча хатарларни ҳам инобатга олиш лозим.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.