Ўзбекистон ноябрь ойида Глазгода Париж келишуви бўйича миллий чораларни тақдим этади

Источник: utilitycentre.co.uk

Фуқаролик жамияти вакиллари томонидан иқлим ҳаракатларига нисбатан баёнотини тасдиқлаш бўйича муҳокама бўлиб ўтди. Тадбир БМТТД ва Буюк Британиянинг Ташқи ишлар, ҳамдўстлик ва тараққиёт вазирлигининг (FCDO) “Марказий Осиёда иқлим хавфсизлиги бўйича сиёсат чоралари” минтақавий лойиҳаси доирасида ташкил этилди.

Муҳокама давомида БМТТДнинг иқлим ўзгариши бўйича мутахассиси Раъно Бойхонова иштирокчиларни Ўзбекистонда муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш бўйича фуқаролик жамиятининг иқлим ўзгариши бўйича баёнотини тайёрлаш жараёни, унинг мақсадлари ва вазифалари билан таништирди.

Йиғилишда тақдим этилган баёнот фуқаролик жамиятининг иқлимни сақлаш бўйича қарашлари ва миссиясини, хусусан муқобил энергия манбаларига ўтиш заруратини ўз ичига олган.

“Муқобил ёнилғи ва энергия турлари корхоналари” ассоциацияси экспертларининг ҳисоб-китобларига кўра, 2030-йилга келиб Ўзбекистонда энергия ресурсларининг танқислиги умумий эҳтиёжнинг  65,4 фоизини ташкил қилиши мумкин. Республикадаги тикланадиган энергия манбаларининг  техник салоҳияти 182,5 млн тонна нефт эквивалентини ташкил қилади, бу энергия ресурсларига бўлган йиллик эҳтиёждан уч баравар ортиқ.

Ўзбекистон Энергетика вазирлигининг прогнозларига кўра, 2030 йилгача бўлган давр ичида электр энергиясини ишлаб чиқариш ҳажми, шу жумладан тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш ҳисобидан ҳам, 69 млрд квт*соатдан 121 млрд квт*соатгача оширилади.

Тадбирда муҳокама қилинган ҳужжат Париж келишувининг муҳим элементи ҳисобланган миллий даражада белгиланадиган ҳиссалар (МДБҲ)нинг бир қисмига айланади ва унинг узоқ муддатли мақсадларига эришишга кўмаклашади. МДБҲ мамлакатларнинг миллий даражада иссиқхона газлари ташланишини камайтириш ва иқлим ўзгариши оқибатларига мослашиш бўйича саъй-ҳаракатларини акс эттиради. Ҳар бир мамлакат БМТнинг Иқлим бўйича котибиятига ўзи эришмоқчи бўлган МДБҲни юборади ва уларга амал қилади. Бундай мақсадларга эришиш учун томонлар иқлим ўзгаришини юмшатиш бўйича миллий чораларни кўради.

Иссиқхона газлари ташланишининг таъсирини юмшатиш ва ва уларнинг даражасини камайтириш бўйича миллий даражада белгиланадиган ҳиссалар ҳар беш йилда янгиланади. Париж келишувининг мақсадларига эришишга кўмаклашувчи ушбу янгиланган миллий чоралар режаси Ўзбекистон яқин кунларда тайёрлашни режалаштирмоқда. Ушбу миллий режалар 2021 йил ноябр ойида Буюк Британиянинг Глазго шаҳрида бўлиб ўтадиган БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича   26-Томонлар Конференциясида эълон қилиниши кўзда тутилган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.