Президент Шавкат Мирзиёев Хўжаобод туманида бўлди

Президент Шавкат Мирзиёев Хўжаобод туманида бўлди

Ўзбекистон Президенти ўзининг Андижон вилояти бўйлаб сафари давомида Хўжаобод туманидаги ёнғоқ плантациялари ва токзорларни яратиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар билан танишди.

Айтиш жоизки, туманда майдони 20 гектарлик Калифорния ёнғоғи плантациялари ва 23 гектарлик токзор ташкил этилган. Келгусида уларни кенгайтириш, кўчатлар оралиғида эса булғор қалампири, пиёз, картошка, дуккакли экинлар ва бошқа сабзавотларни етиштириш кўзда тутилган.

Ташриф давомида мамлакат Президенти яқинда қабул қилинган ўрмон хўжалигини ривожлантириш ҳақидаги қарорнинг аҳамиятига тўхталиб ўтди. Унинг сўзларига кўра, соҳанинг илмий ва меҳнат салоҳиятидан фойдаланган ҳолда, ўрмон хўжалиги бўйича илмий-ишлаб чиқариш марказини ташкил этиш, талабга эга маҳсулотларни етиштиришни йўлга қўйиш зарур, бу аҳолининг даромадини оширишга кўмаклашади. Ташриф доирасида Андижон қишлоқ хўжалик институти ва вилоят коллежларига ўрмон хўжалиги соҳасининг малакали кадрларини тайёрлаш бўйича топшириқлар берилди.  

Шу ернинг ўзида Қўрғонтепа туманидаги “Боғи Фурқат” фермер хўжалиги базасида қишлоқ хўжалик экинларининг уруғлари ва кўчатларини тайёрлашни ривожлантириш бўйича лойиҳа тақдимоти бўлиб ўтди. Шунингдек бу ерда «in vitro» замонавий технологияси асосида лаборатория ташкил этилади, вируссиз, касалликларга чидамли бўлган, йил давомида экиладиган уруғлар ва кўчатларни етиштириш йўлга қўйилади.

Қиймати 1,6 миллиард сўмни ташкил этувчи лойиҳани амалга ошириш натижасида аграр соҳа субъектлари ва аҳоли учун экспортга мўлжалланган қишлоқ хўжалик экинларининг уруғлари ва кўчатларини тайёрлаш ва етказиб бериш имкони пайдо бўлади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.