Суд ва судьялар ҳақида теле- ва радиодастурлар пайдо бўлади, Одил суд академияси очилади

Суд ва судьялар ҳақида теле- ва радиодастурлар пайдо бўлади

Суд органлари тизимида одил судловни таъминлаш бўйича ишларнинг аҳволи, мавжуд муаммолар ва истиқболдаги вазифаларга бағишланган видеоселекторли кенгаш давомида Президент Шавкат Мирзиёев мазкур соҳадаги ишларнинг ҳолатини танқид остига олди.

Мамлакат раҳбари кўрилажак чора-тадбирлар билан бир қаторда, ҳар бир судья томонидан ўзининг маҳаллий халқ депутатлари кенгашидаги фаолияти ҳақида ҳисобот тақдим этилишини йўлга қўйишни таклиф қилди. Шунингдек маҳаллаларда кўчма суд мажлисларини ўтказиш бўйича амалиёт миқёслари ҳам кенгайтириладиган бўлди.

Судьяларнинг малакасини ошириш учун Шавкат Мирзиёев Одил суд академиясини ташкил қилиш таклифи билан чиқди.

Шунингдек кенгаш давомида яна бир муҳим таклиф илгари сурилиб, қўллаб-қувватланди. Унга кўра телевидение ва матбуотда халқ ҳурматига сазовор бўлган судьяларнинг ҳаёт йўли ҳақида ҳикоя қилувчи, одил суд соҳасида ижобий амалиётни тарғиб этувчи “Судьялар клуби” ва “Суд ҳимояси остида” рукнларидаги кўрсатувлар ва мақолалар тайёрланади ва чоп этилади.

Бундан ташқари кенгашда судлар фаолиятига ахборот-коммуникация технологияларини, шу жумладан электрон стенография ва видеоконференцалоқа тизимларини жорий этиш тавсия қилинди. Суд қарорларининг сўзсиз ижросини таъминлаш, одил судни амалга ошириш жараёнини доимий ўрганиш, муаммоларни ўз вақтида аниқлаш ва уларни ҳал этиш бўйича маълумотлар билан идоралараро электрон тарзда алмашиш тизимини шакллантириш зарурати таъкидланди.

Мамлакат Президенти танқидий таҳлил, қатъий интизом ва шахсий жавобгарлик давлат бошқаруви органларининг барча ходимлари учун ҳам, судьялар учун ҳам доимий ва ўзгармас қоидага айланиши зарурлигини алоҳида қайд этди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.