Бухоро вилоятидаги Лукойл қурилишига 7 минг нафар ишчи керак бўлади

Бухоро вилоятидаги Лукойл қурилишига 7 минг нафар ишчи керак бўлади

Қандим газни қайта ишлаш мажмуи (ГҚИМ) қурилишининг биринчи босқичи шу йил декабрь ойида якунланади. Бу ҳақда “Нефтгазинвест” МЧЖ директори Баҳодир Сиддиқов маълум қилди.

Даставвал қурилишни 2018 йил ёзида якунлаш режалаштирилган эди. Ишларнинг янги жадвали муносабати билан заводни барпо этаётган Лукойл компанияси ушбу лойиҳани амалга оширишни тезлаштирмоқда. “Президентимизнинг топшириғига мувофиқ барча инвестицион лойиҳаларни, шу жумладан Қандим ГҚИМ лойиҳасини ҳам амалга оширишни тезлаштириш бўйича чоралар кўрилмоқда. Ҳозир бу ерга ускуналарнинг қарийб 95% келтирилган”, – дея таъкидлади Сиддиқов.

Шу ўринда, бугунги кунда мамлакат жануби-ғарбида Бухоро вилоятида жойлашган газ-конденсат конларининг Қандим гуруҳини жиҳозлаш доирасидаги газни қайта ишлаш заводининг қурилиши Россия компаниясининг йирик лойиҳаси эканини қайд этиш жоиз.

Қандим ГҚИМни барпо этиш доирасида йилига 8,1 млрд.кубометр газ, барқарор газ конденсати ва қумоқ-қумоқ олтингугурт ишлаб чиқариш қувватига эга газни қайта ишлаш заводи қурилади.

Бундан ташқари табиий газни йиғиш тизими ҳам яратилади, у тўлиқ ривожланиш босқичида 114 та қазиб чиқариш қудуғини, 11 та бирлашган майдончани ва 4 та йиғиш пунктини ўз ичига олади. Бунда 370 км газ қувурини ўтказиш, 160 км автойўлни ётқизиш ишлари кўзда тутилган.

Мажмуа ва инфратузилма объектларини барпо этишнинг авж палласида 7 мингга яқин кишини ишга жалб этиш режалаштирилмоқда.

Мутахассисларнинг фикрича, Қандим ГҚИМ ўзида энг яхши кадрларни ва энг замонавий технологик ечимларни жамлайди. Бунда ишлаб чиқариш хавфсизлиги, меҳнат муҳофазаси ва атроф-муҳитни ҳимоя қилишнинг энг олий андозаларига амал қилинади.

Мазкур лойиҳа Марказий Осиёдаги энг йирик мажмуага айланади, уни ишга тушириш натижасида икки мингдан ортиқ доимий иш ўринлари яратилади. Умуман олганда эса, мазкур лойиҳа бўйича инвестициялар миқдори 4,5 миллиард доллардан ошади.

Манба: Спутник

фото: Uz24.uz

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.