Қашқадарё ва Тошкент вилоятларида замонавий от заводлари қурилади

Қашқадарё ва Тошкент вилоятларида замонавий от заводлари қурилади

“Ўзбекнефтгаз” Миллий холдинг компанияси ва Қашқадарё вилоят ҳокимлиги Қорабайир зотли отларни кўпайтириш ва етиштириш бўйича замонавий мажмуани барпо этади ва 2018 йил 1 январга қадар фойдаланишга топширади.

Тошкент вилоят ҳокимлиги эса Ахалтекин зотли отларни кўпайтириш ва етиштириш бўйича “Ўзбегим отлари” масъулияти чекланган жамияти от заводини барпо этади.

Шунингдек Тошкен шаҳар ҳокимлиги 2017-2019 йилларда “Марказий ипподором” АЖни Халқаро от спорти федерациясининг талабларини ҳисобга олган ҳолда реконструкция қилади ва барча зарур анжомлар билан жиҳозлайди.
 
Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси, Йилқичилик ва от спорти федерацияси ҳамда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси Федерация ҳузурида Республика от спорти мураббийлари, судьялари, ветеринарлар ва тақачилари мактабини ташкил этади, шунингдек Республика от спорти бўйича олий спорт маҳорати мактаби базасида ёшлар ва ўсмирлар терма жамоаларини яратади.  

Федерация, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва «Марказий ипподром» АЖ ушбу ипподром ҳудудида Отлар карантини ва ветеринария марказини ташкил этади.
Федерация, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва “Ўзбек спорт отлари” МЧЖ спорт отларини кўпайтириш бўйича “Ўзбек спорт отлари” МЧЖ от заводини ташкил этади.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси кенгаши Федерациянинг беғаразлик асосида фойдаланиш ҳуқуқи билан Тошкент шаҳри, Бухоро кўчаси. 24 манзили бўйича биринчи қаватда жойлашишини таъминлайди.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига Федерация талабномалари бўйича йилқичилик ва от спорти соҳасида ишлаш учун жалб этиладиган хорижлик мутахассисларнинг кириш визаларини консуллик ва бошқа йиғимларсиз расмийлаштириш топширилди.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Федерация талабномалари бўйича йилқичилик ва от спорти соҳасида ишлаш учун жалб этиладиган хорижлик мутахассисларнинг кўп марталик визаларини, уларнинг яшаш жойи бўйича вақтинчалик пропискасини расмийлаштириш, бериш ва узайтириш ишларини давлат божини ундирмасдан таъминлайди.

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Федерация талабномалари бўйича йилқичилик ва от спорти соҳасида ишлаш учун юқори малакали хорижлик мутахассисларни республикага жалб этишга рухсатномалар берилишини (узайтирилишини), шунингдек юқорида кўрсатилган хориж фуқароларига Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолиятини олиб бориш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлар берилишини (узайтирилишини) таъминлайди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.