ТИВда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг фаолияти кўриб чиқилди

ТИВда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг фаолияти кўриб чиқилди

Бундан олдин Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев “Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети фаолияти ҳолатини ўрганиш ва тубдан такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш Ишчи гуруҳини ташкил этиш тўғрисида”ги фармойиши чиққан эди.

Ушбу ҳужжатга мувофиқ 19 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида вазир Абдулазиз Камилов раислигида Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Унда ташқи сиёсат ва ташқи иқтисодий фаолият соҳаларида кадрларни тайёрлаш, дипломатик хизмат, илғор хориж тажрибаси ва замонавий халқаро стандартлар асосида ўқиш жараёнини модернизация қилиш истиқболлари билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилди.

Шунингдек, йиғилишда ЖИДУ ректори Абдумалик Жумановнинг етакчи хориж ОТМлари билан ҳамкорлик тўғрисидаги университет томонидан имзоланган икки томонлама ҳужжатларни татбиқ қилишга оид маълумоти тингланди.

Жумладан, Буюк Британиянинг Лестер университети билан тузилган меморандумга кўра ЖИДУ қошида халқаро тадқиқот мактабини яратиш, Россиянинг Москва давлат халқаро муносабатлар институти билан ҳамкорлик тўғрисидаги битимга кўра янги таълим технологиялари ва дастурлари, хусусан масофадан ўқитиш тизимини жорий этиш бўйича томонлар тажрибасини қўллаш ҳамда Хитойнинг Шанхай халқаро тадқиқотлар университети билан тузилган битимга кўра биргаликда тадқиқотлар ўтказиш назарда тутилган, дея хабар беради ТИВнинг матбуот хизмати.
 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.