Президент Шавкат Мирзиёев Фарғонага келди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 22 июнь куни Фарғона вилоятига ташриф буюрди. Ташриф давомида у жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, янги лойиҳалар билан танишади, халқ билан мулоқот қилади.
Маълумотларга кўра, жорий йилнинг биринчи чорагида вилоятда ялпи ҳудудий маҳсулот 6,1 фоиз ўсган. Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, қурилиш, хизматлар кўрсатиш соҳаларида барқарор ўсиш суръатлари таъминланган.
Саноат маҳсулотининг 96 фоиздан ортиғи кимё, нефть-кимё, енгил саноат, озиқ-овқат саноати, машинасозлик ва қурилиш материаллари тайёрлаш каби замонавий тармоқларда ишлаб чиқарилмоқда.
Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи, “Фарғона азот”, “Автоойна”, Қўқон механика заводи, “ДЭУ текстиль Фарғона”, “Қўқон Индорама текстиль” каби йирик саноат корхоналари нафақат вилоят, балки мамлакатимиз иқтисодиётида алоҳида ўрин эгаллайди.
Экспорт қилувчи корхоналар ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари экспорт фаолиятига кенг жалб этилаётгани самарасида вилоятнинг бу борадаги салоҳияти муттасил ошиб бормоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 12 январдаги фармонига асосан ташкил этилаётган “Қўқон” эркин иқтисодий зонаси бу борадаги имкониятларни янада кенгайтиради.
Тадбиркорлик фаолияти билан шуҳрат қозонган Фарғона заминида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳаси жадал ривожланмоқда. Бу соҳанинг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши 62 фоизга, экспортдаги улуши 58 фоизга етган. Меҳнат билан банд аҳолининг 81 фоизи шу соҳада ишламоқда.
Вилоятнинг омилкор деҳқон ва фермерлари қишлоқ хўжалигида улкан натижаларга эришмоқда. Такрорий экинлардан, томорқадан унумли фойдаланиб, қўшимча даромад топмоқда. Шу кунларда ғалла ҳосили йиғиб олинмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёевнинг сайловолди дастурида мамлакатимизнинг ҳар бир ҳудуди каби Фарғона вилоятини ҳам ҳар томонлама ривожлантириш, иқтисодиётни модернизация ва диверсификация қилиш, улкан бунёдкорлик ишларини амалга ошириш, аҳоли ҳаёт даражасини юксалтириш борасида аниқ режа ва мақсадлар баён этилган эди.
Манба: Ўзбекистон Президентининг сайти
Шарҳлар