“Навбаҳор” футбол жамоасига Сингапур компанияси ҳомийлик қилади

“Навбаҳор” футбол жамоасига Сингапур компанияси ҳомийлик қилади

Ўзбекистон футбол федерацияси президенти Мираброр Усмонов 30 июнь куни «Навбаҳор» футбол клуби раҳбариятини қабул қилди. Учрашувда «Навбаҳор» футбол клубига хориждан ҳомий бириктириш ва клубнинг моддий-техника базасини янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди. Бу ҳақда ЎФФ матбуот хизмати хабар беради.

ЎФФ президенти клубда юзага келган молиявий муаммоларни ечишда биринчи навбатда мураббий ва футболчилардан бўлган қарздорликни бартараф этишга аҳамият қаратиш кераклигини таъкидлади: «Клубда юзага келган молиявий муаммоларни бартараф этилишида Сингапурнинг «КИТО Интернационал» компанияси томонидан ҳомийлик маблағлари ажратилади. Бунга жавобан «Навбаҳор» жамоаси мамлакат чемпионатининг иккинчи даврасини муносиб тарзда ўтказиб, ҳомийлар ишончини оқлаши талаб этилади. Ана шундагина икки томонламали ҳамкорлик муваффақиятли тарзда давом этади», – дея таъкидлади М.Усмонов.

Шунингдек учрашув давомида «Навбаҳор» футбол клубининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш мақсадида Наманган шаҳрида жойлашган «Спорт» меҳмонхонаси ва «Навбаҳор» захира майдонини клуб балансига ўтказиб бериш таклифи билдирилди.

ЎФФ президенти айни пайтда ушбу иншоотларнинг таъмирга муҳтожлигини айтиб, уларни тўлиқ қайта таъмирлаш юзасидан харажатлар лойиҳа сметасини ишлаб чиқиш ҳамда ушбу объектларни қайта таъмирлаш ишларини олиб борувчи қурилиш ташкилоти ҳақида 10 июлгача ЎФФга тўлиқ маълумот бериш вазифасини клуб президенти Т.Дадабаев зиммасига юклади. Шу билан биргаликда таъмирлаш ишларни 2015 йилнинг 1 январига қадар якунлаш муҳим аҳамиятга эга эканлигини ҳам алоҳида таъкидланди.

Йиғилиш якунида ЎФФ Президенти Мираброр Усмонов клуб раҳбарияти олдига иккинчи давра бошлангунга қадар мураббий ва футболчилардан бўлган қарздорликни тўлиқ тугатиш вазифасини қўйди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.