Комплекс аргументли голоморф функциялар мавзусида онлайн дарс

Комплекс аргументли голоморф функциялар мавзусида онлайн дарс

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 20 апрелдаги ПҚ-2909 сонли “Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида ҳамда вилоятлардаги олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари ва талабалардан келиб тушган таклиф ва илтимосларига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ташаббуси билан Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети билан ҳамкорликда 2018 йил 16 март куни соат 10.30 да Бош илмий методик марказнинг анжуманлар залида ЎзМУ профессори, академик Азимбой Садуллаев видеконференция алоқа воситасида онлайн маъруза қилди. Маъруза мавзуси “Комплекс аргументли голоморф (аналитик) функциялар” бўлиб, математика таълим йўналиши ўқув режасидаги комплекс ўзгарувчили функциялар назарияси фани дастуридаги муҳим мавзулардан бири ҳисобланади.

Ушбу маъруза онлайн тарзда республикамизнинг 12 та олий таълим муассаларининг Математика таълим йўналиши 3 ва 4 курс талабаларига ўқилди. Бунда талабалар нафақат маърузани эшитган ҳолда фойдали билимлар олишди, балки академик билан жонли мулоқот қилиш имкониятига эга бўлдилар, ҳамда ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоб олдилар.

Академик Азимбой Садуллаев дунё миқёсида тан олинган ва функциялар назарияси соҳаси ривожига ўзининг улкан ҳиссасини қўшган етук математик олим ҳисобланади. Онлайн дарс ахборот коммуникация технологияларидан фойдаланилган тарзда ташкил қилинди. Маъруза давомида А.Садуллаев комплекс аргументли элементар функциялар ва уларнинг хоссалари ҳақида батафсил маълумот берди, жумладан Жуковский функцияси тарихи ва бугунги кундаги унинг турли соҳаларга яъни аэродинамика, механика ва гидродинамика каби соҳаларга тадбиғи тўғрисида тингловчиларга кенг ва қизиқарли маълумотларни келтириб ўтди.

Маъруза сўнгида тингловчилар ушбу онлайн дарс тўғрисида ўзларининг фикрлари ва таклифларини билдиришди. Жумладан, шу каби онлайн дарсларни янада кўпайтириш, бошқа фанлар бўйича ҳам ўз соҳасининг етакчи мутахассислари бўлган профессор ва академикларнинг дарсларини ташкил этиш, ушбу дарсларнинг видеоёзувини интернет тармоғидаги хамма учун очиқ ресурсларга жойлаштириш таклифлари билдирилди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.