14 нафар Ўзбекистон фуқароси қалбаки визалар сабабли Саудия Арабистонидан депортация қилинди

14 нафар Ўзбекистон фуқароси қалбаки визалар сабабли Саудия Арабистонидан депортация қилинди

Саудия Арабистонига кичик зиёратга борган 14 нафар Ўзбекистон фуқароси қалбаки визилар сабабли мамлакатга қўйилмади, бу ҳақда “Интерфакс” агентлиги Диний ишлар  қўмитасининг матбуот хизматига таянган ҳолда хабар беради.

«Зиёратчиларнинг сафари Ўзбекистоннинг Андижон вилоятидаги туристик фирмалардан бири томонидан расмийлаштирилган. Маълум бўлишича, у Саудия Арабистони учун қалбаки визаларни расмийлаштирган, буни Жидда чегарачилари аниқлаган. Визалар бекор қилинган ва 14 нафар Ўзбекистон фуқароси депортация этилган», – дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда Let`s fly travel компаниясига нисбатан жиноий иш қўзғатилганди, у ҳам қалбаки ҳужжатлардан фойдаланган ҳолда одамларни ноқонуний йўл билан ҳажга юборган. Бунда, ДХХнинг таъкидлашича, олинган маблағларнинг бир қисми “ташкиллаштирилган жиноий гуруҳ аъзоларига бериш учун хорижга олиб чиқилган, ушбу гуруҳнинг айрим аъзолари диний-экстремистик тузилмаларга алоқадорликда гумон қилинмоқда”.

Шунингдек, 2019 йил август ойида Тошкент аэропортида бир неча ўнта зиёратчидан иборат гуруҳ қўлга олинганди. Уларнинг паспортлари олиб қўйилиб, сўроққа тутилган. Ўшанда ОАВ зиёратчилар Тошкент аэропортида 7 соат давомида сўроқ қилинганлари ҳақида хабар берганди. ДХХ ушбу маълумотни рад этиб, “сўроққа тутиш тадбирларининг давомийлиги 1 соатдан ошмади”, деган жавобни берганди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.